Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Соҳиба СУЮНОВА

17.01.2017


“ШУ ЮРТДА ТУFИЛГАНИМ - МЕНИНГ БАХТИМ”

- Истиқлол тенгдоши бўлганимдан фахрланаман, - дейди “Шуҳрат” медали соҳибаси Ферузабону Абдураҳмонова. - Шу юртнинг бир фарзанди сифатида кўплаб имкониятларга эга бўлдим, бир қатор ютуқларни қўлга киритдим. Таэквондо WTF бўйича 6 карра Ўзбекистон чемпиони, Осиё чемпионати ғолибаси, бир неча бор халқаро мусобақаларнинг иштирокчисига айландим. Ютуқларим эътироф этилганидан  бошим осмонга етди. 2011 йилда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил” эсдалик нишони, сал      кейинроқ  “Шуҳрат” медали соҳибаси бўлдим. Жорий йилда эса “Камолот” уйлари”дан бирининг бахтли бекасига айландим.

Ҳақиқатан, бугун ўзбек ёшлари дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги ўз тенгдошларидан асло кам эмас. Халқимизга хос азму шижоат, тантилик ва софдиллик, мустаҳкам ирода ва синмас ғурурни ўзида жамлаган бу ёшлар Ватанимизнинг фахри-ифтихорига айланмоқда. Бугун дунё ҳамжамияти ўзбек ёшларининг қатъий ва дадил интилишлари, шу интилишлар самараси бўлган улкан ютуқларидан ҳайратда. Бу бежиз эмас. Зеро, бугуннинг ёшлари юртимизда яратилган шароит ва имкониятларга ҳар жиҳатдан    муносиб бўлишга астойдил ҳаракат қилаяпти.

- 25 ёш инсоннинг айни навқирон ёши ҳисобланади. Мустақиллик ҳам бугун ана шу ёшга тўлди, - дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Мафтуна Нодирова. - Мени энг кўп қувонтирадиган нарса шуки, бугун тенгдошларим орасида ўз тақдирини Ватан тақдири билан боғлаган ёшлар сафи кенг. Мен ҳам ана шундай  бахтли ёшлар орасидан Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори бўлдим. Навоий номидаги Давлат стипендияси соҳибасига айландим. Жорий йилда Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетининг  магистратура босқичини тамомладим ва айни пайтда  таржимонлик қилаяпман.

Халқ хўжалигининг турли соҳаларига бир қур назар ташланг. Бизда уларнинг ҳар бири бирдек ривожланиб, равнақ топиб бормоқда. Мамлакатимизнинг мустақиллиги шарофати билан сиёсат, иқтисодиёт, фан-таълим, спорт, маданият каби соҳаларда ўзини кўрсатаётган иқтидорли ёшлар сафи кенгайиб, жамиятимизда  мустаҳкам ўрнига эга бўлаяпти. Улар бор ғайратини ўз фаолиятлари ривожига сарфлаб, шу соҳанинг муносиб мутахассиси бўлишга интилаётганини кўриб қувонмасликнинг иложи йўқ.

 - Ҳар сафар танбуримни қўлимга олиб, куйларни нотага сола бошлаганимда миллий мусиқанинг майин оҳанги мени сеҳрлай бошлайди, - дейди “Ниҳол” Давлат мукофоти совриндори Шахзод Асатуллаев. - Бу куй мени узоқ ўтмишга етаклайди гўё. Уларда ота-боболаримизнинг тақдири, ҳаёт тарзини ҳис қиламан. Мусиқага бўлган меҳрим, юртимизда санъатга қаратилаётган эътибор сабаб айни соҳада кўпгина ютуқларга эришдим. Ўзбекистон Давлат консерваториясида таҳсил олдим. Айниқса, “Ниҳол” Давлат мукофотига лойиқ деб топилганим мен ва оилам, яқинларим учун чексиз қувонч келтирди. Бу истиқлол туфайли биз ёшларга берилган имконият самараси. Чунки ҳаракат қилган, изланган ҳар бир инсон бундан-да кўпроқ ютуқларга эришиши мумкин. Айни кунларда эса “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик кўраяпман.

Барча ота-оналарнинг орзуси битта: болаларим бахтли бўлсин, мен кўрмаганни фарзандларим кўрсин, дейди. Бугун истиқлол ёшлари нафақат ўз орзу-ниятларини, балки ота-оналари ҳавасларини ҳам рўёбга чиқаришаяпти. Улар эришаётган ютуқ ва муваффақиятлар оналарнинг қалбини шодликка тўлдириб, оталарни ғурурлантираётгани сир эмас.

- Онам ўз болалигини менинг ёшлигим билан кўп таққослайди, - дейди “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳибаси Маҳлиё Шукурова. – Чекка бир қишлоқда яшагани учун катта марраларни орзу қилишдан ҳам қўрққан экан. Бугун ўз қизининг ютуқларини кўриб қувонади. “Мен учун армон бўлган орзуларга сизлар эришинглар”, деб дуо қилишдан чарчамайди. Онамнинг ҳаёти ва қилган дуолари менга доим далда бўлди. 21 ёшимда “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирландим. Қилаётган меҳнатларим эътироф этилаётганидан хурсандман. Ва бу рағбат, бу эътирофларга ҳар дам, ҳар сония муносиб бўлишга ҳаракат қиламан.

Истиқлол бугун 25 ёшда. Унинг ўзидай   навқирон ёшларимиз қалб қўри, бор шижоатини шу юрт, шу Ватан равнақи йўлида сарф этар экан, мустақил   юртнинг эртаси бугунидан-да порлоқ, бугунидан-да ёруғ бўлади...

Соҳиба СУЮНОВА

Report typo