Ҳар бир халқнинг катта тайёргарлик ва ўзгача ошуфталик билан орзиқиб кутадиган байрамлари бор. Бизда одамлар шарқона янги йил - Наврўзи оламни баҳорий соғинч билан қарши олади. Алишер Навоий таъбири билан айтганда, "Кўюнга ҳар кун бориб ҳар дам кўрай дермен сени, Менга ҳар кун байраму ҳар лаҳза Наврўзе керак".
Шарқона янги йил
Халқимиз ҳаётида Наврўз байрамининг тутган ўрни, қалбларга индирадиган завқи бўлакча. Шунинг учун биз ҳар кунимиз Наврўз бўлишини хоҳлаймиз.
Ўрта асрларда ҳам халқимиз бу байрамни янги йил, янгиланиш, яшариш фасли сифатида кенг нишонлагани, ҳатто янги туғилган чақалоқларга Наврўз исмини беришганини ўзбек тилида қалам тебратган шоир Ҳайдар Хоразмий ўзининг "Гул ва Наврўз" достонида тараннум этган:
Ўшул дамда ки олам эрди хуррам,
Сабо урди дами Исойи Марям.
Чаманлар бўлди жаннатдин намудор,
Очилди гул, сочилди мушки тотор.
Янги йилнинг бошида рўзи Наврўз,
Садафдин чиқти бир дурри шабафрўз...
Улуста мустаҳиқларни қилиб шод,
Ҳамул дам бандиларни қилди озод...
Чу Наврўз ўлди наврўз ичра фируз,
Ота ўғлининг отин қўйди Наврўз.
"Наврўз келди - ёз келди"ми?
Наврўз том маънода маънавий меросимиз саналади. Зеро, унда халқимизнинг миллий қадриятлари, анъаналари, қадим тарихи ва орзу-ҳаваслари ўз ифодасини топган.
Шунингдек, бу халқона ва ардоқли байрам киши руҳиятига замҳарир қишдан сўнг навбаҳор шодлигини, баҳорий уйғониш ва илиқликни олиб киради. Бинобарин, фольклор қўшиқларида "Наврўз келди - ёз келди, Турна келди - ғоз келди" дея куйланиши ҳам бежиз эмас.
Носириддин Рабғузийнинг "Қиссаи Рабғузий" асарида ҳам ушбу халқ оғзаки ижоди ифодасига ҳамоҳанг талқинлар учрайди: "Айдилар: "Эй ота, ёз куни бўлди. Бу кун Кун отлиғ султон Хут отлиғ қишлоқдин Ҳамал отлиғ ёзға ўғради. Адиз кўк йиғлар, яғир ер кулар. Булутлар ёш оқитса ёш ўғлон онадин туғартек ёш яшаб ўлган қора ердин кўк, ёш ўтлар унар".
Кун ҳамалга кирди эрса келди олам Наврўзи,
Кечди баҳман замҳарир қиш қолмади қори бузи.
Кун келу минг кўрки ортиб тирилур ўлмиш жаҳон,
Тонг бадизлаб нақши бирла безанур бу ер юзи.
Тонг отарди эснаюр тўрт булунгдин шамол, зиё,
Кин тузар киндик йипор йизланур ёбон ёзи...
Ҳури ин ужмоҳ ичинда енг солиб таҳсин қилур,
Ёз уза мундоғ ғазаллар аймишда Носир Рабғузий.
Фаслга тенглаштирилган кун
Абурайҳон Берунийнинг "Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар" асарида таъриф этилишича, "бир фаслга тенглаштирилган Наврўз - янги йилнинг биринчи куни бўлиб, унинг форсча номи ҳам шу маънони тақозо этади. Наврўз эронликлар зижлари бўйича ўтмиш замонларда, улар йилларини кабиса қилган вақтларида Қуёшнинг саратон буржига кириш пайтига тўғри келар эди. Сўнгра у орқага сурилгач, баҳорда келадиган бўлди. Энди у баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тўкилишидан гуллар очилгунча, дарахтлар гуллашидан мевалар етилгунча, ҳайвонларда шаҳват қўзғалишидан то насл вужудга келгунча ва ўсимлик униб чиқа бошлагунча давом этадиган вақтга тўғри келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган".
Умуман, табиат уйғониши, ўсимликлар ўниб ўсиш ва ривожланиш палласи мумтоз адабиётимизда "Фасли Наврўз" дея ифода этилади. Жумладан, Ҳазрат Навоийнинг "Садди Искандарий" достони мисолида ҳам шунга гувоҳ бўлиш мумкин:
Ки бу сир эрур олам афрўз ҳам,
Хусусан, эрур фасли Наврўз ҳам.
Пок жойга қут-барака инади
Умар Хайём "Наврўзнома" асарида келтирган ривоятга кўра, афсонавий форс подшоси Жамшид бу байрам - янги йилни жорий қилган. У ушбу кунни "Наврўз" деб аташга фармон берган. Янги кун - янги йилнинг нишонланиши янги фасл - янги баҳор билан уйғунлашиб кетган.
Наврўз кишиларга яшариш ва бунёдкорлик, покланиш ва янгиланиш, руҳий кўтаринкилик тақдим этади. Айтмоқчимизки, у шунчаки байрам эмас. Ўз яшаш жойини саранжом-саришта, тоза-озода, обод қилиш тадбирлари билан кутиб олинадиган тантана. У ўзи билан қут-барака, хурсандчилик, омад ва бахт олиб келадиган улуғ айём. Зеро, шоҳ ва шоир Султон Ҳусайн Бойқаро ўз ғазалларида ёрнинг висоли ва уйини бежизга Наврўз шодлигига менгзамаган:
Эй Ҳусайний, ёр кўйи Каъбаси Наврўз эрур,
Не ажаб гар бенаволар айлар оҳанги Ҳижоз.
Эзгуликлар айёми
Наврўз билан боғлиқ яна бир ажойиб ривоят бор. Беруний бобомизнинг "Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар" китобида ёзилишича, Наврўз куни пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга ҳолва солинган кумуш жом ҳадя қилинган. Шунда у киши "Наврўз нима?" деб сўраганлар. "Эронликларнинг улуғ Ҳайити" деб жавоб беришган. Аллоҳнинг Расули ҳолвани еб, жомни синдирган ва суҳбатдошларига тақдим этиб: "Кошки, биз учун ҳар кун Наврўз бўлса эди", деганлар.
Албатта, бу ўткинчи дунёда ҳар бир кунни Наврўздек ўтказиш, бир-биримизга меҳр-мурувват кўрсатиш, ҳадялар улашиш, кексаларни эъзозлаш, аразлашганларни яраштириш, ота-оналарни йўқлаш, зиёрат қилиш, етим-есирларнинг кўнглини овлаш, одамийлик, яхши қўшничилик, хайр-саховат, бағрикенглик ва бунёдкорлик муҳитини мустаҳкамлаш ҳам диний, ҳам тарбиявий, ҳам руҳий, ҳам маънавий аҳамиятга эга.
Алишер Навоий бир ғазалида барчага туни Қадр кечасидек хосиятли, куни эса Наврўздек муборак ва барокотли бўлишини тилайди:
Зулфу рухсор ила комимға мени еткурсанг,
Ҳар тунинг Қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсун Наврўз.
Етти хил экин уруғи, етти хил таом
Аждодларимиздан қолган урф-одатлар бўйича бободеҳқон Наврўзда янги ҳосил тараддуди билан далага қўш чиқарган, яхши ниятда қурбонликлар қилиб, ҳўкизларининг шоҳини ёғлаган. Демакки, бу маросим моҳиятида янги йилнинг қут-баракали, тўкин-сочин келишига умид мужассам.
Бундан ташқари, Наврўзда донишманд аждодларимиз заминга етти хил экин уруғини қадашган ва уларнинг униб чиқишига қараб, йилнинг қандай келишини олдиндан тахмин қила олганлар.
Бу қутлуғ кунда азал-азалдан етти хил таом пиширилган. Кўк сомса, кўк чучвара, ҳалим, кўк ош, дўлма, сумалак каби баҳорий таомлар дастурхонга кўрк бағишлаган. Ота-боболаримиз Наврўзда дастурхон тўкин, челаклар сув билан тўла бўлса, йил давомида ризқ мўл-кўл бўлади, дейишган.
Ҳозир ҳам кўпчилик ана шундай "қозон тўлди" сингари анъаналарга амал қилади. Хусусан, баҳорнинг тансиқ, шифобахш ва шоҳ таоми сумалак тайёрлаб, уни маҳалла-кўйга, яқинларга илиниш одатида халқимизга хос меҳр-оқибатнинг яққол намунасини кўриш мумкин.
Мухтасар қилганда, Наврўз - гўзаллик, нафосат, хурсандчилик ва баҳорий тароват байрами. Зотан, улуғ шоир Муҳаммад Ризо Огаҳий айтганидек:
Эй ёр санга тангри таборак бўлсун,
Наврўз ила тоза йил муборак бўлсун,
Илоҳи, ҳар кунинг Наврўз бўлсун,
Ҳамиша толеинг Феруз бўлсун.
Шерхон ҚОРАЕВ,
филология фанлари бўйича (PhD) фалсафа доктори