Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

¤з мухбиримиз

21.01.2020


ШУНЧА ХОМ АШЁ ИСРОФ БЎЛДИ, ҲАЛИЯМ КЕЧ ЭМАС!

Деҳқонобод тумани аҳолиси чорвадор халқ. Уларда майда шохли чорва моллари ҳар бир хонадонда ўнлаб, юзлаб боқилади. Умуман, Қашқадарёнинг бошқа қатор ҳудудларида ҳам шундай.

Аммо воҳа чорвадорларини қийнаётган бир муаммо бор. Қўй-эчкилардан ҳар йили қирқиладиган тонна-тонна жуннинг, аслида қаловини топганга муҳим саноат хом ашёси ҳисобланса-да, аксар қисми чиқиндига ташланмоқда. Вилоятда эса уни қайта ишлайдиган бирорта ҳам корхона йўқ. Ҳозирда ҳунармандчиликдан хабардор саноқлигина аҳоли вакиллари жунни йигириб, асосан ўзлари учун гилам ёки бошқа рўзғор буюми тўқишаётганини эшитиб қоламиз, холос.

Яқинда бу масала юзасидан хушхабар тарқалди. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ташаббуси билан россиялик ҳамкорлар иштирокида Деҳқонободда жунни қайта ишлайдиган корхона барпо этиш борасида келишув бўлибди.

Деҳқонободда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, туман ҳокимлиги, Россиянинг жунни қайта ишлаш йўналишида фаолият олиб борувчи "FREYOL - UNITY" корхонаси вакиллари, Бухоро, Сурхондарё вилоятлари ва воҳамизнинг чорвачилик йўналиши мутахассислари, чорвачиликка ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари илмий ходимлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган семинар ва давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди.

- Корхонамиз жун маҳсулотларини қайта ишлаш ва ундан тайёр маҳсулотлар тайёрлаш бўйича узоқ йиллик тажрибага эга, - дейди "FREYOL - UNITY" масъулияти чекланган жамияти вакили Рашид Исгилов. - Юртингиздаги қўйлардан олинадиган жун хом ашёси ўзининг сифати билан ажралиб туради. Шу боис уни қайта ишлаш борасида ҳамкорлик қилишни режалаштирдик ва бу борада Деҳқонобод тумани ҳокими билан келишувга эришдик. Корхона учун жой ҳам танланди. Яқин кунларда лойиҳалаштириш ишлари якунланади ва қурилиш ишларини ҳам бошлаймиз.

Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, бугунги кунда республикамизда 20 миллиондан ортиқ қўй ва эчкилар боқилади. Қирқим даврида уларнинг ҳар биридан 2-3 килограммгача жун олинади. Уни қайта ишлаш эса чорвачилик соҳасида ниҳоятда катта иқтисодий самарадорлик келтиради.

- Ушбу лойиҳа бу йўналишдаги ишларимизнинг бошланиши, - дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Олим Алимардонов. - Келгусида туманда томорқачилик, паррандачилик, куркачилик бўйича ҳам кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Биргина ўтган йилнинг ўзида Деҳқонобод аҳолиси ўртасида томорқачиликни ривожлантириш учун 1 миллиард 200 миллион сўм кредит маблағи ажратилди. Жорий йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаяди.

Маълум бўлишича,  россиялик ҳамкорлар иштирокида қурилажак жунни қайта ишлаш корхонаси учун туманнинг Бешбулоқ маҳалласи ҳудудидан жой ажратилган. Бир ой муддат ичида лойиҳалаштириш ишлари якунланиб, корхона қурилиши бошланади. Йил охирига қадар корхона ишга туширилиши мўлжалланмоқда. Унда 80 та янги иш ўрни яратилади.

¤з мухбиримиз

Report typo