Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

12.01.2017


«ШУНДАЙ ДОРИЛОМОН КУНЛАРГА КЎЗ ТЕГМАСИН»

Юртимиздаги ўзгаришлар, зиёратгоҳларнинг обод бўлгани кишига ғурур-ифтихор туйғуларини бағишлайди. Айниқса, бунга жорий йилда қилган саёҳатимда яна бир карра амин бўлдим. 9 апрель куни эрталаб соат 10:45 да уйдан чиқиб, Ҳазрати Башир зиёратгоҳидан бошланган сафарим Самарқандда давом этди. "Ер юзининг сайқали" дея таърифланадиган Самарқанд шаҳри ҳам бутунлай янгича қиёфа касб этган. Бу   ердаги барча тарихий обидаларни зиёрат қилиб, 10 кун деганда Тошкентга етиб бордим.

Бу сафарим давомида ҳар куни 55-60 километр йўл босардим. Беш кун яёв кезиб кўзлаган манзилимга етиб келдим. Сафар мобайнида қаерда тўхтамай, қаерда тунаб қолмай, у ердагиларнинг меҳмондўстлиги мени лол қолдирарди. Ҳар бир вилоятда тиббий текширувдан ўтиб турдим. Ана ҳурмату, ана иззат! Бунақа эътибор, бунақа  ғамхўрлик одамга куч бағишларкан. Ҳамма жойда мўл-кўлчилик, арзончилик, тўй-тантана. Шаҳару қишлоқларимизнинг кундан-кунга ўзгариб, обод бўлиб бораётганини кўриб, кўзим қувонади.  Сафарим давомида бир нечта намунавий лойиҳа асосида қурилган уй-жойлардаги ҳовли тўйларида иштирок этдим. Шундай тинч ва осойишта юртда яшаётганимиз учун қанча шукрона айтсак ҳам кам.

Асли касбим тракторчи. Мустақилликка қадар тумандаги хўжаликларда тракторчилик қилиб, қора қозонни ҳаминқадар қайнатиб турдим. Мустақиллик эпкинлари менинг ҳам ҳаётимга янгилик олиб кирди. Шартнома асосида фермерлар билан ишладим. Рўзғоримга барака кирди. Уй-жойимни таъмирладим, 7 нафар фарзандимни уйли-жойли қилдим.

Ўтмишнинг машаққатларини эсласам, халқимизнинг бугунги кунига кўз тегмасин, дейман. Ҳаётим давомида бугунгидек фараҳбахш замонни кўрмаганман. Оғир қийинчилик дамларни бугунги ҳаёт билан қиёслаб, эзгулик, яхшилик улуғланган бугунги фаровон кунларнинг завқини туяман. Мана шундай дориломон кунларимиз бардавом бўлсин!

Буларнинг барчаси мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мустақиллик йилларида олиб борган халқпарвар ва доно сиёсати натижасида бунёд бўлди. Тўғри йўлдан оғишмай дадил қадам ташладик. Иқтисодий салоҳиятимиз юксалди. Аҳоли турмуши фаровонлашди. Ўзбекистонни дунё тан олди. Бутун жаҳон Ўзбекистон эришаётган ютуқлар замирида узоқни кўзлаб олиб борилаётган оқилона сиёсат  мужассамлигига тан берди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов халқимизни нафақат мустақилликка олиб чиқди, балки уни мустаҳкамлаш ишига бутун борлиғини бахшида қилди. Энг муҳими, бу хизматлар натижасида одамларда эртанги кунга ишонч ортди, келажакка дадил назар ташлай бошлади. Бу ҳар биримиз учун ниҳоятда улкан ҳодиса эканлигини сафарим давомида чуқур ҳис қилдим. Таассуротларимни уйга келгач, фарзандларим, набираларимга сўзлаб бердим. Уларга шундай гўзал, бетакрор ва табаррук юртни қадрлаш кераклигини,  юртимизнинг тарихи нақадар бой экани, аждодларимиздан мерос моддий ва маънавий бойликларни асраб-авайлаш ҳар бир инсоннинг бурчи эканини қайта-қайта уқтирдим.

Эндиги ниятим Хоразм вилоятини яёв кезиш. Ишонаманки, кўҳна Хоразмдаги ўзгаришлар ҳам мени лол қолдиради, кўнглимда ғурур-ифтихор уйғотади. Юртимнинг ҳар гўшасида ободлик ҳукм сурган шу дамларда ҳар қанча айланиб-ўргилсанг камдай...

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

Report typo