Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Нигора ШАРИПОВА

25.12.2018


"ШУЯМ ХАТОМИ, УСТОЗ?"

Ўқув йилининг бошланишида 7-синф ўқувчиларига биринчи назорат иши сифатида диктант ёздирдим. Таҳлил пайти бир ўқувчим баҳосидан норози бўлиб, эътироз билдирди:

- Устоз, нимага "тўрт" қўйдингиз? Ахир хатоларим йўқ-ку...

Унга диктант матнидаги i ва o' устида қизил ручка билан тўғриланган "нуқта" ва "тескари вергул"ни кўрсатдим.

Ўқувчим ҳайратланиб деди:

- Ие, шуям хатоми, устоз?

Унинг ҳайрати бежиз эмас экан. Айтишича, илгари бошқа ўқитувчилар ҳарфларнинг "шапка"ларини ўзлари "кўк" ручкада тузатиб қўя қолишар, буни асло хато ҳисоблашмас экан. Болага бунинг жиддий имловий хато эканлигини, бу белгиларсиз ҳарфлар чала бўлиб қолиши, ҳеч қандай мазмун англатмаслиги ёхуд бошқа маънони беришини тушунтиргунимча анча вақтим кетди. Менимча, бу сабоқ унинг ёдида қолади.

Мени бир нарса ташвишга солади. Бугун фарзандимиз инглиз тилида шеър айтаяпти, деб севинамиз. Аммо ўз тилини ва имлосини билмаган боланинг иқтидорига қандай қилиб чет тили асосида баҳо бериш мумкин?

Баъзан бошқа фанлардан аълога ўқийдиган болалар ҳам она тили ва адабиёт дарсларида эътиборсиз ва ҳафсаласиз ўтиришади. Шундайлардан бирига озроқ танбеҳ берган эдим, очиқ-ошкора тарзда эътироз билдирди:

- Менга она тили дарси керакмас. "Политехнический"га ҳужжат топширмоқчиман. Тестдаги учта "блок"дан репетиторга бораяпман. Шу учта фанни билсам, бўлди-да...

Энди мен ҳайратда қолгандим. Наҳотки, ўқувчиларимизда шундай тушунча шаклланган? Энг аянчлиси, бундай тушунча оилада сингдирилмоқда: "Физикангни тайёрла, бошқаси билан бошингни қотириб нима қиласан?!" Ахир физикаю кимёнинг мураккаб формулалари ҳам энг аввало она тили орқали тушунтирилади-ку? Аниқми, ижтимоийми, табиийми - ҳар бир йўналишда она тили муҳим-ку!

Менимча, нафақат мақолада таклиф этилганидек оммавий "диктант-челленж", балки кейинги босқичда "иншо-челленж" ҳам ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Чунки, диктант орқали кишининг саводхонлиги, савияси, диди синовдан ўтказилса, иншо орқали унинг тафаккур дунёси, маънавий қиёфасига баҳо бериш имконияти яратиларди.

Нигора ШАРИПОВА,

Шаҳрисабз туманидаги 70-ўрта мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси

 

 

Report typo