Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Фирдавсий ЖАББОРОВ

19.10.2018


СИФАТИ КАФОЛАТЛАНМАГАН ДОРИ ВОСИТАЛАРИ ОЛИБ ҚЎЙИЛДИ

Айни пайтда давлат солиқ хизмати органлари томонидан вилоятимизда фаолият юритаётган бозорлардаги барча савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари, расталар ва улардаги ўринлар қайта хатловдан ўтказилмоқда. Ушбу жараёнда ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланиб, нуқул ўз чўнтагини қаппайтиришни ўйлаган,  бошқаларга зарар келтираётган шахслар аниқланаётгани ачинарлидир.

Хусусан, Косон туманидаги “Алотун деҳқон (озиқ-овқат) бозори” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган тадбирда кузатилган ҳолатлар кўнгилни хира қилиши турган гап. Бозор ҳудудида тумандаги Гувалак  қишлоғида яшовчи фуқаролар Ш.Н. Р.Д. А.Қ.лар зарур ҳужжатларсиз дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан савдо қилишаётгани маълум бўлди. 

 Улардан ушбу фаолиятни амалга ошириш учун талаб этиладиган рухсатномани тақдим этиш сўралганда ҳеч нима кўрсата олишмади.

Ўрганиш давомида ҳуқуқбузарлардан 800 турдан ортиқ жами қиймати 31 миллион сўмлик маҳсулотлар олиб қўйилди. Шунингдек, савдодан тушган 6 миллион 723 минг сўм нақд пул маблағлари назорат-касса машинасига кирим қилинмагани ҳам ойдинлашди.

Энди танганинг иккинчи томони ҳақида гапирсак. Бу фуқаролар ҳужжатсиз сотаётган дори-дармонларнинг яроқли-яроқсиз эканига ким кафолат беради? Уларни шифо истаб харид қилган инсонлар ҳаёти нима кечади?

Демак, бу борада тадбирлар давом этади ва аниқланган ҳолатлар бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари қўлланилади. 

Фирдавсий ЖАББОРОВ,

вилоят Давлат солиқ бошқармаси шуъба бошлиғи

Report typo