- Биринчи босқичда энг сўнгги технологиялар асосида хом терини ошлашни ташкил этдик, - дейди қўшма корхона ижрочи директори Фарҳод Панжиев. - Мавжуд ускуналар кунига 2 минг дона йирик мол терисини қайта ишлаш имконини беради. Хомашё камлиги сабабли ҳозирда бу кўрсаткич 400 донадан ошмаяпти. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг ҳаммасини экспортга йўналтирдик. Бу эса бизга қарийб 1 миллион 500 минг АҚШ доллари миқдорида валюта тушумини келтирди. Чин ўлкаси маҳсулотимизга асосий харидор саналади. Мазкур мамлакат ишбилармонларига жорий йилда 4 миллион 800 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотни етказиб бериш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Туркия фирмалари ҳам биздан чарм харид қилиш истагини билдирди. Айни пайтда улар билан бу борада музокара олиб бораяпмиз.
Корхона раҳбарияти берган маълумотга кўра, лойиҳанинг биринчи босқичида қайта ишлаш цехи ишга туширилиши натижасида 100 нафарга яқин киши иш билан таъминланган. Иккинчи босқичда тайёр чармни бўяшни йўлга қўйиш режалаштирилган. Ушбу жараённи бажаришга мўлжалланган цех 2018 йилда қуриб фойдаланишга топширилиши мўлжалланмоқда. Якуний паллада эса пойабзал, чарм-атторлик буюмлари каби бир неча турдаги тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга киришилади. Маҳсулот ички ва ташқи бозорларга йўналтирилади. Мазкур истиқболли лойиҳа қиймати 14,5 миллион АҚШ долларига баҳоланган.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат