Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Толиб ТЕМИРОВ

27.01.2017


СИФАТЛИ ТАЪЛИМ- ТАРБИЯ – БОШ ВАЗИФА

Кенгашда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Қурбонов иштирок этиб, барчани яқинлашиб келаётган мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги байрами ва “Билимлар куни” билан қутлар экан, истиқлол йилларида таълим тизимини ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, унга илғор педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани, бу эса ўзининг юксак самараларини бераётганини таъкидлади.

Айтиш керакки, мустақилликка қадар вилоятда 720 та умумтаълим мактаби бўлиб, уларнинг 237 таси мослаштирилган бинода жойлашган, 219 таси эса авария ҳолатида эди. Мактабларнинг моддий-техник базаси умуман талабга жавоб бермасди. Мустақиллик йилларида Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури асосида олиб борилган ишлар натижасида вилоятда 160 та янги мактаб барпо этилди, 419 та мактаб реконструкция қилинди, 413 та мактаб капитал таъмирланди. Барча таълим муассасалари замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер синфлари билан таъминланди. Бу каби ишлар, ўз навбатида, таълим тизимида сифат ва самарадорликка эришишнинг бош омили бўлмоқда.

Кенгашда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Лазиз Холов 2015/2016-ўқув йилида амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижалари ҳақида тўхталиб ўтди.

Таъкидландики, ўтган ўқув йилида халқ таълими ходимлари, ўқувчилар томонидан бир қатор ютуқлар қўлга киритилди. Жумладан, “Энг яхши дарс ишланмаси” кўрик-танлови республика босқичида Қарши шаҳридаги 41-давлат ихтисослаштирилган мактабининг математика фани ўқитувчиси Раъно Абдураҳмонова 1-, Ғузор туманидаги 1-мактабнинг информатика ўқитувчиси Азамат Мавлонов 2-ўринга сазовор бўлди. “Энг яхши инглиз тили ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичида муваффақиятли қатнашиб, совринли ўринларга эга чиққан Қарши шаҳридаги 11-мактаб ўқитувчиси Наргиз Худойназарова, Нишон туманидаги 3-мактаб ўқитувчилари Шавкат Гелдиев ва  Гулшан Эгамбердиева Буюк Британияда малака ошириб келиш йўлланмасини қўлга киритди. Яқинда Таиланд қироллигида ўтказилган математика бўйича халқаро мусобақада Китоб туманидаги 1-Давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 7-синф ўқувчиси Элдор Неъматов ҳамда Яккабоғ туманидаги 37-умумий ўрта таълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Шоҳбек Маҳмудов қатнашиб, мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлдилар. Яккалик баҳсларида эса Элдор 622 нафар иштирокчи орасида 3-ўринни эгаллади ва бронза медалини ўзиники қилди.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган 4 нафар ватандошимиз орасида Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси    Муҳаббат Шарапованинг борлиги барчамизни қувонтирди.

Вилоятимиз мактаблари ўқувчилари спорт соҳасида ҳам бир қатор ютуқларни қўлга киритдилар. Республика ва халқаро миқёсдаги турли мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олишди.

Таълим муассасаларида ўқитишда сифатга эришиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини Халқ таълими вазирлиги томонидан тузилган рейтинг жадвалида яққол кўриш мумкин. Мазкур рейтинг 15 та кўрсаткич бўйича тузилган бўлиб, унда 9 минг 521 та мактаб орасида ўтган ўқув йили якунларига кўра, Ғузор туманидаги 68-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати иккинчи, Нишон туманидаги 35-мактаб олтинчи, Шаҳрисабз туманидаги 1-Давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати тўққизинчи ўринда қайд этилган.

Тадбирда вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Эсон Ражабов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Январ Иноятов, Ўзбекистон Қаҳрамони  Муҳаббат Шарапова, Қарши шаҳридаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи Вера Катаева ва  бошқалар ёшларни юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш бугунги кун ўқитувчисининг энг асосий вазифаси эканлиги ҳақида сўз юритдилар.

Кенгашда соҳада қўлга киритилган ютуқлар билан бирга йўл қўйилган камчиликларга ҳам тўхталиб ўтилди ва уларни бартараф этиш чоралари белгилаб олинди.

Тадбир сўнгида фаол соҳа ходимларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Толиб ТЕМИРОВ

Report typo