"Миллий тикланиш" демократик партияси мамлакатимизда Инсон қадрини улуғлашга қаратилган сиёсатнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаган ҳолда "Тарбия ё ҳаёт, ё мамот…" ғоясини ҳаётга татбиқ этишнинг асосий мақсади - ҳазрати инсон ўз салоҳиятини руёбга чиқариши учун шароитлар яратиш, деб билади. Инсон ўз салоҳиятини руёбга чиқариши учун, биринчи навбатда, таълим олиши, маънавий, маданий салоҳиятини ошириб бориши, жисмоний камолотга эришишдек фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларидан тўлақонли фойдаланиши талаб этилади.
Шу боис, партия ўз дастурида мазкур масалаларга нисбатан комплекс ёндашувни таклиф этган ҳолда маънавий тарбия ва сифатли таълим, унинг барча босқичларини ривожлантириш, шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Маънавий тарбия ва сифатли таълим - комил инсонни шакллантиришнинг асосий омили
Партия Cайловолди дастурида маънавий тарбия ва сифатли таълим масаласини баркамол авлод салоҳиятини рўёбга чиқаришда асосий мезонлардан бири сифатида белгилаб, бу борада қатор таклиф ва ташаббусларни ўртага ташламоқда. Жумладан, "Тарбия" дарслигини мунтазам такомиллаштириб бориш ташаббуси илгари сурилмоқда.
Шу билан бирга, партия томонидан миллий тарбия асослари ва миллий таълим дастурларини ривожлантириш, узлуксиз тарбия ва таълим уйғунлигининг ҳуқуқий асосларини такомилга етказиш чораларини кўриш билан боғлиқ устувор вазифалар таклиф этилмоқда.
Мазкур ғоя ва ташаббусларнинг амалиётга татбиқ этилиши илм-фан ютуқлари ва замонавий тарбия методологияларини ишлаб чиқиш ҳамда соҳага қўллаш, бу борада миллий қадрият ва менталитет устуворлигидан келиб чиқиб миллий дастурларни яратиш имконини беради. Мазкур чора-тадбирларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш эса соҳани такомиллаштиришга қаратилган аниқ вазифа ва мақсадларни белгилаб, уларнинг самарали ижросини ташкил этишга хизмат қилади.
Мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантириш - партиянинг устувор вазифаларидан бири бўлади
Маълумки, мактабгача ва мактаб таълими сифати, аввало, педагог ва тарбиячиларнинг салоҳиятига бориб тақалади. Салоҳиятли педагог ва тарбиячилар эса мақсадли тайёрлаш ва танлов орқали таълим-тарбия жараёнига жалб этилади.
Айнан мазкур жиҳатлардан келиб чиқиб, партия "Янги авлод тарбиячиси ва педагогларини тайёрлаш Давлат дастури"ни қабул қилиш, шунингдек, педагогикага лаёқати бор мактаб битирувчиларини саралаш ва давлат буюртмаси асосида ўқишини ташкил этиш, тарбиячи ва ўқитувчиларни ишга қабул қилишда уларнинг олдинги иш фаолиятини ўрганиш, психологик тестлардан ўтказиш тартиби, мактабларга педагогларни танлов асосида ишга қабул қилишнинг шаффоф тизимини жорий этиш каби ташаббусларни илгари сурмоқда.
Мазмунан бир-бирига яқин бўлган ва малакали педагоглар корпусини яратишга қаратилган мазкур ташаббуслар сифатли таълим ва тарбияни таъминлашда асосий ечим ҳисобланади.
"Янги авлод тарбиячиси ва педагогларини тайёрлаш Давлат дастури"да, биринчи навбатда, болани камситадиган эмас - уни ўзига ишонадиган, ташаббускорлигини буғадиган эмас - ривожлантирадиган тарбиячи ва педагогларни тарбиялашга, шунингдек, замонавий методикалар ва технологиялар асосида кадрларни танлаш ва тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларга алоҳида аҳамият бериш мақсадга мувофиқ. Бошқача айтганда, ўзининг устида ишлайдиган, тўхтовсиз ривожланишга эҳтиёж сезадиган, шогирдларида ҳам ана шундай кайфият кўникмасини яратадиган устозларни махсус дастур асосида тайёрлаш ва саралаш таклиф этилаётган давлат дастурининг асосини ташкил этиши лозим.
Шунингдек, педагогларни ишга қабул қилишда шаффофликни таъминлашда бугунги кунгача ўзининг муносиб ечимини кутаётган масалалар бор. Яъни, таълим-тарбия сифати билан бевосита боғлиқ бўлган муносиб педагог кадрларни ишга олиш, бу бўйича шаффоф тизимларни яратиш ҳамон долзарб масала бўлиб қолмоқда. Умумтаълим мактаблари ва олий таълим муассасаларида ўқитувчи-педагогларни танлов асосида ишга қабул қилишга асосланган шаффоф тизимни жорий этиш соҳада нафақат таниш-билишчилик, коррупция ва порахўрликнинг олдини олишга, балки ўз-ўзидан таълим сифатининг янада яхшиланишига ҳам имкон беради.
Касб-ҳунар, олий ва олий таълимдан кейинги таълим меҳнат бозори учун профессионал кадрлар тайёрлашга хизмат қилади
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда меҳнат бозорида замонавий касб ва бошқа фаолият турлари кенгаймоқда. Замонавий кадрларга қўйиладиган меҳнат бозори талаблари ҳам ўзгариб бормоқда. Айни шу жиҳатдан, партиянинг кадрлар тайёрлашда халқаро меҳнат бозорини инобатга олиш ташаббуси рақобат муҳити кучайиб бораётган ҳозирги шароитда ўта муҳим аҳамиятга эга. Бу борада, бугун замон қандай кадрларни сўраяпти, ёшларимизни эртанги куни, фаровон турмуши ва бандлигини таъминлашда биз қандай ишлашимиз керак, уларни қандай касб-ҳунарларга ўқитишимиз керак, деган ҳаётий саволлар асосида кейинги қадамларимизни ташлашда айнан партиямиз ташаббуси дастуруламал бўлиши лозим.
Бундан ташқари, малакали кадр тайёрлашда асосий босқич бу олий таълим саналади. Шу сабабли, охирги йилларда амалга оширилган таълим ислоҳотлари, хусусан олий таълим олишга кенг имконият яратиш борасида амалга оширилган реал ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда сондан сифат кўрсаткичига ўтиш - олий таълимни кириш осон, битириш қийин масканга айлантириш ташаббусини илгари суради.
Бу борада таълим сифатини ошириш, ўқув режа ва дастурларни меҳнат бозори талаблари асосида ишлаб чиқиш, педагоглар салоҳиятини ошириш, амалиёт ва назария уйғунлигини таъминлаш, имтиҳонларни шаффоф ва адолатли ўтказиш борасидаги аниқ вазифалар устида ишлаш лозим.
Шу сабабли, партия ўз ғоя ва ташаббусларидан келиб чиқиб барча олий таълим муассасаларида таълим сифатига алоҳида эътибор қаратишни кечиктириб бўлмайдиган вазифа сифатида илгари суради.
Аслида таълимни нечоғлик сифатли эканлигини баҳолашда бундан манфаатдор бўлган талабаларнинг фикрини ўрганиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Бу механизмнинг амалиётга татбиқ этилиши эса таълим жараёнига баҳо бериш, уни истеъмолчиси бўлган талабалар томонидан билдирилган фикрлар асосида такомиллаштириш имконини беради.
Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш - жисмонан соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш имконини беради
Баркамол авлод салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариш "Миллий тикланиш" демократик партиясининг жисмоний тарбия ва спорт масалаларида илгари сураётган ғояларида ҳам мустаҳкам ўрин эгаллаган. Зеро, жисмоний тарбия ва спорт келажак авлод камоли ва аҳоли барча қатламлари учун бирдек муҳим бўлган масала ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, партия жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришни, жисмонан ва руҳан соғлом ёш авлодни тарбиялаш, болалар ва ёшларнинг кенг кўламда спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қулай шартшароитлар яратишни, шунингдек, миллий спорт турларини қайта тиклашни устувор мақсад сифатида белгилаган.
Бу борада партия профессионал ва доимий шуғулланувчи ёшларни кўпайтириш, селекция ишларида шаффофлик, холисликни таъминлаш, миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини тиклаш, миллий олимпиада спорт ўйинлари ўтказишни йўлга қўйиш, "Ёшларнинг "Беш ташаббус олимпиадаси" ва халқаро мусобақаларда иштирок этишига кўмаклашиш ташаббусларини илгари сурмоқда.
Алоҳида таъкидлаш керакки, ҳеч бир нарса мамлакатни спорт каби дунёда тез ва осон машҳур қила олмайди. Бундан ташқари, баркамол авлодни тарбиялашда шахснинг ақлий, маънавий олами билан бир қаторда, унинг жисмонан соғлом тарзда камол топиши ҳам соғлом миллатни шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Хулоса қилиб айтганда, партиямизнинг таълим ва фан соҳаси бўйича ўзига хос ёндашуви мактабгача таълимдан то олий таълимдан кейинги таълимгача модернизация қилишни назарда тутадиган, синергетик мақсадга эришишга йўналтирилган комплекс тизимни ташкил этади. "Миллий тикланиш" демократик партиясининг Сайловолди дастурида акс этган таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт масалалари ривожига қаратилган барча таклиф ва ташаббуслари жисмонан ва маънан баркамол бўлган янги авлод кадрларини шакллантиришга хизмат қилади.
Баҳодир МАМАТХОНОВ,
Васила ФАЙЗИЕВА,
"Миллий тикланиш" демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатган номзодлар