Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

25.01.2018


СИФАТЛИ ВА ХАРИДОРГИР МАҲСУЛОТ – ТАДБИРКОРНИНГ ЮЗИ

Айтиш жоизки, юртимизда ташаббускор, аниқ мақсадга эга тадбиркорлар кўп. Улар фаоллиги, интилувчанлиги эвазига ўз соҳасида муваффақиятга эришмоқда. Қолаверса, мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити мавжуд экани, тадбиркорлик ривожига эътибор юқорилиги ҳам бизнес вакилларига муҳим дастак бўлаяпти. Улар доим қўллаб-қувватловда. Бундай ҳолатда ишбилармон фақат олдинга интилиш, янгилик қилиш, фаолиятига равнақ бериш ҳақида ўйлайди. Ўйлаганини зум ўтмай рўёбга чиқараётган тадбиркорлар вилоятимизда ҳам талайгина.

Биргина мисол. Қарши шаҳридаги “Амерос капитал сервис” масъулияти чекланган жамияти асосан қандолат ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Аввалига фақат жон сақлаш учун ишлаган корхона ширинликларининг айни пайтда харидори анча ошган. Тадбиркорлик субъекти қошида фаолият юритаётган савдо дўконидан одам аримайди. Шунингдек, шаҳардаги бир қанча шохобчаларга маҳсулот буюртма асосида етказиб берилади. Ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга эҳтиёж борлиги сабаб бироз аввал корхонага қўшимча қувватлар келтирилди, у ерда меҳнат қилаётган ёшлар сони ортди.

- Ҳар куни цехларимизда катта миқдорда қандолат ва нон маҳсулоти тайёрланади, - дейди корхона раҳбари Олимжон Жалилов. – Мавжуд ускуналаримиз замонавий бўлиши билан бирга камхарж ва энергия тежамкор. Албатта, бу иш унуми ошишига хизмат қилаяпти. Харидорларга манзур бўлиши учун маҳсулот хилма-хиллигини таъминлашга ҳаракат қилаяпмиз. Ўтган даврда бир қанча янги турдаги пишириқларни ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик ва мижозларга тақдим этдик.

Тадбиркор жорий йилда янада фаоллик кўрсатишни мақсад қилган. Маҳсулдорликни сақлаш, соҳадаги муҳим янгиликларга қўл уриш режа қилинган. Ишбилармон бунга имконияти етиши, бизнес вакиллари учун қулайликлар ортаётгани ҳам асосий омил бўлишини айтади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo