Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

10.01.2020


"СИЗ ҚАЙСИ ДИНДАСИЗ, ҲАЗРАТ НАВОИЙ?"

Китобингизни ўқиб

Имомали Ғуломов ҳақида қачондан буён нимадир ёзишни дилимга тугиб юргандим, янги шеърий тўплами - "Бодом гуллари" чоп этилгани баҳона бўлди. Компьютер олдига ўтирдиму хаёлларим чувалашиб кетди. Имомали ака мақтанишниям, биров уни мақташиниям кўп хуш кўрмайдиган киши. Яқиндан билмаганлар уни вазмин, камгап инсон, деб ўйлайди. Менимча ундай эмас. Назаримда Имомали ака тинч оқаётган дарёга ўхшайди. Сиртдан сокин кўрингани билан барча ғалаёнлар, шовқинлар қалбининг ичида - юрагида. Бу эса унинг ижодида ҳам кўринади.

Ўйлаб кўрсам, Имомали Ғуломовни ижодкор сифатида 35 йилдан буён танир эканман. Шеърларини ўқиб бораман ва бир нарсани англайманки, унинг ижоди ранг-баранг. Мен ранг-баранг деганда мавзуни назарда тутганим йўқ. Имомали аканинг ижоди маълум бир  қолипда эмас, яссавиёна, Навоиёна, халқ оғзаки ижодига ҳамоҳанг ва ҳоказо... У қай бир ижодкор асарини мутолаа қилса, уларнинг руҳиятига тушади, дунёсига кириб боради ва шу йўсинда шеър ҳам туғилади. Аммо ҳар бир шеърида унинг "мен"и, аниқроқ айтганда, шоирнинг ўзи кўриниб туради. Шунинг учун у шеърларидан бирида "Ўзлик мақоми юксак, эй дил, ўзларга етгил, Сўз-ку сенга етди, ки сен ҳам сўзларга етгил" деса, бошқасида: "Сўз олдида қизармас юзим, Сўзда топсам ўзимни ўзим", деб ёзади. Ўзга етиш - ҳаққа етиш кабидир. Шоир шеърларидан бирида "...куя-куя бир кун ҳаққа етаман", дейди. Яна бир шеърини эса:"Алвидо"дан аввал тингла, Бу энг сўнгги байтимиз: -"Биз Ўзидан яралганмиз, Ва Ўзига қайтамиз", деган сатрлар билан тугатади. "Боязид Бистомий" деган шеърида қуйидаги мисралар бор:

Ўз-ўзимни тарк этдим,

Пўст ташлагандек илон,

Дедим:- Ўзига етдим!

Сўзимга кулди жаҳон.

Кимдир ақл билан маст,

Кимлар телбалик билан,

Менга осмон бўлди паст,

Бирлашдим Холиқ билан"...

Назаримда шоир сўзда ўзини топгандай. Бу топилма унинг воқеа ва ҳодисотларнинг тубигача шўнғиб, моҳиятга ета билиши, тафаккур тарозисида ўлчаб, кутилмаган хулоса чиқариши  ва бу хулоса орқали ўзни топишга интилишида кўринади.  Тасвирдаги тиниқлик ва муқояса, Ватандай бетимсол қалб дунёси ва унинг оқ-қора манзаралари, тириклик ва мувозанат, ҳайрат ва завқ, ҳақ ва ҳақсизлик, надомат, ҳикмат... Буларнинг бари унинг ижодида ўзига хос ва теран ифодасини топади.

Шоирнинг "Тўп" шеърида тўп ўйинини кузатиб турган нуроний "Во дариғо тўп бўлиб ўтаяпман дунёдан", деган хулоса чиқаради. Шеърни ўқиган киши ундан ҳикмат топади. "Қуриётган дарахт нидо"сида эса умри тугагани, "ажали" етиб қулаётганини билган дарахтнинг нидоси кишига уйқудан уйғотгандай таъсир кўрсатади.

Фақат...

Фақат на бўлғай,

Ёнимда ўсган ниҳол?!

Қай сорига йиқилай,

То у топмасин завол...

Ёки "Янтоқ" шеърининг тубида ҳам ҳикмат яширин:

Янтоқ ҳам уялди

Тиконлигидан, -

Бугун қип-қизариб

Гуллади янтоқ.

Сен-чи, сен!

Бир умр

Тикон ўқталиб,

Ўткинчи дунёда

Яшайсан қандоқ?!

Имомали Ғуломов ижодида вақт, макон, замон, дин, миллат  ва инсон масаласи алоҳида мавзу. У бу ўткинчи дунёда турли бўлинишлар, маҳзаб ва фирқалар аҳамиятсиз, чунки буюклар даҳоси сарҳад билмаслигини алоҳида таъкидлайди:

Сиз қайси диндасиз, ҳазрат Навоий?

Қайси тариқатда улуғ Толстой?!

Қайси... измдадир Чингиз Айтматов?

Даҳрий эмас Умар Хайём, ҳойнаҳой?!.

Унинг шеърларида кўнгилнинг қиёси кўп. Улардан бирида дилни Каъбага ўхшатади ва инсон кўнгил Каъбасига интилишини айтади. Бу, албатта, шоирнинг ўзини топишга интилиши. Аммо кўнгил шунчалик кенгки, ундан ўзликни топиш машаққатли. Шунинг  учун  "Нажмиддин Кубро" сарлавҳали шеърида "Юрагим - ер шари, Сайр этар  чарх фазосинда. Чарх урар моҳлари Теграмда чарх асосинда", деб ёзади. Ўз навбатида, кўнгил нозик хилқат, баъзан кўкка қадар юксалади, баъзан чўкиб кетади. Аммо талотўпли бу дунёда кўнгилнинг чўкиши кўп. Эҳтимол шу сабаб шеърларидан бирида: "Шоир қалби - заъфарон фасл, Қуёши ҳам оғиб борар, суст" деб ёзса, бошқа бирида: "Дунё, билсанг, аввал-охир, чўккан диллар Ватани", дея хулоса чиқаради.

Шоир ижодида қуйма сатрлар анчагина. У шеърларидан бирида оппоқ гуллаган бодом устига ёққан қорни "Лов этиб бўй чўзди оппоқ аланга...", деса бошқасида "Ҳувиллаган бўм-бўш уй - юрак" ёки "Ғилдирайди кўкда мис танга" каби чиройли ташбеҳлар топади. Шу билан бирга, шеърларида лирик қаҳрамон  бошқалардан ажралиб туради, орзулари қолипларга сиғмайди.

Умуман, Имомали Ғуломов ижоди ҳақида жуда кўп гапириш мумкин. Хулоса қилиб айтганда, шеърлари қайси мавзуда бўлишидан қатъи назар янги фикр билан ёндашилган ва янгича  талқин этилган. Шоир ижоди билан танишган сайин ҳаётга теран, зукко, файласуфона боқаётган нигоҳга дуч келаверасиз ва коса тагидан нимкоса, маъно тагидан маъно топасиз. Шунинг баробарида шоирнинг тасаввур  дунёси нақадар кенг ва ҳайратли эканига гувоҳ бўласиз.

Лола ЎРОҚОВА,

 Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

 

Report typo