Танловнинг мазкур босқичи вилоят прокуратураси, вилоят адлия бошқармаси ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида “Биз, ёшлар юртимизга хизмат қилишда виждонли, инсофли ва ҳалол бўлишимиз шарт!” шиори остида ташкил этилди. Унда танловнинг туман (шаҳар) босқичида ғолиб бўлган 14 нафар ўқувчи иштирок этди.
Маълумки, коррупция ҳар қандай жамиятнинг туб илдизларига болта уради, уни таназзулга етаклайди. Коррупция авж олган жойда ривожланиш, тараққиёт суст кечади, халқ манфаатларига путур етади. Аҳамиятлиси, мамлакатимизда бу иллатга қарши курашиш, унинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш борасида қатъий сиёсат юритилмоқда. Бироз аввал “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида таъсирчан амалий чора-тадбирлар кўрилаётганини алоҳида қайд этиш жоиз.
Ушбу танловни ўтказишдан ёшларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича билимларини янада мустаҳкамлаш, бу борада уларда амалий кўникмаларни шакллантириш, ёш авлодни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, қолаверса, шу аснода иқтидорли ёш рассомларни аниқлаш ва рағбатлантириш, жамият ҳаётидаги ижтимоий фаоллигини ошириш мақсади кўзлангани диққатга сазовор.
Танлов ҳакамлари Шаҳрисабз енгил саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Паризода Шукурова тақдим этган ишларни энг яхши, дея эътироф этди. У танловнинг республика босқичида вилоятимиз номидан қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
М.ШУҲРАТОВ
Суратда: танловнинг вилоят босқичи.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.