Бу қиз чиройли эди жуда. Ҳамма ошиқ, ҳамма шайдо эди унга. Кўзи тушган киши борки бир ўгирилиб қўярди ортига. Пинҳон тутган бўлсаям унинг кўнглида ҳам илиқлик солган эди бу қиз.
Орадан 30 йилми, 40 йилми ўтиб, яна кўрди қизни ва тикилиб тураркан: "Сиз ўшами?", дея олди фақат. "Ҳа", деди у ҳорғингина.
Ҳаёт қизни эзғилаб ташлаган, қават-қават ажин эди юзлари.
Туман босди талабалик йилларидаги энг ёрқин хотиралари устини. Тасаввуридаги гўзал суврати устига ранг тўкиб юборгандай бўлди кимдир.
У хафа бўлди қизни учратганидан...
Лола ЎРОҚОВА