манфаатли таклифлар асосида автотураргоҳлар муаммосининг инновацион ечими
Бизнес ғоя
Бирор манзилга борсанг, баъзида автомобиль қўйишга жой тополмай қоласан. Кўз тегмасин, кўпчиликда машина. Айниқса, бозорлар ҳудуди, банк муассасалари, таълим ташкилотлари ва ҳоказо аҳоли гавжум нуқталар яқинидан ўтувчи катта қатнов йўллари атрофи ҳам уловларга тўлиб тошади.
Ўз ўрнида, бу кўриниш ўзида муайян муаммони акс эттириши ҳам бор гап. Яъни келиб-кетувчилар кўп бўладиган манзилларда мавжуд автотураргоҳлар сиғими талаб даражасидан жуда паст. Натижада айнан ўша нуқталар яқинидаги автомобиль йўллари четлари ҳам "стоянка"га айланиб, ҳаракат хавфсизлигига таъсир кўрсатаяпти.
Бундай ҳолат асосан шаҳарларда, марказ жойларда кўп учрайди. Улардаги гавжум нуқталарда мавжуд автотураргоҳларни кенгайтириш учун очиқ майдон топишнинг имкони бўлмай турган бир пайтда муаммони қандай ҳал этиш мумкин?
Мен худди шу масала юзасидан кўп изландим. Жадал ривожланаётган шаҳарлар, тараққий этган давлатлар тажрибасини ўрганиб, муаммонинг инновацион ечими устида ишладим. Айнан мен таклиф этаётган қаватли вертикал (роторли) автотураргоҳлар кутилган самарани беришига ишонч ҳосил қилиб, уни қуришни оммалаштириш бўйича лойиҳа тайёрладим. У SMART PARKING UZ деб номланади.
Мана, қаранг: 100 квадрат метр жойда 8 та, нари борса 10 та машина жойлашади. 38 квадрат метр майдонда-чи? Энди сиз 3 ёки 4 та деб жавоб берасиз. Мен эса 12 та деб айта оламан ва лойиҳам асосида айнан шуни асослаб бераман.
Тўғри, 12 та машинани текис ерда жойлаштириш учун 120-130 квадрат метр майдон керак. Худди шунча автомобиль қўйиш ўрнига эга қаватли вертикал (роторли) автотураргоҳ (суратда) қуриш учун эса қўшимча конструкциялар билан бирга 45 квадрат метр ер кифоя қилади.
Бундай автотураргоҳлар конструкциялари АҚШ, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Бразилия, Бирлашган Араб Амирликларида ишлаб чиқарилади. Уларни олиб келиб ўрнатиш - бир қарашда тадбиркорлар учун жозибадор кўринмайди. Бироқ яхшилаб ҳисоб-китоб қилинса, бизнес самарадорлиги яхши таклиф эканлиги аён бўлади.
Хусусан, автотураргоҳ хизмати, бундан ташқари қаватли вертикал (роторли) автотураргоҳ конструкцияси таянч томонларида ўрнатиладиган Led экранларда реклама материаллари жойлаштириш орқали қўшимча даромад манбаини яратиш имкони бор. Шу тарзда лойиҳага киритилган сармоя тез орада ўзини оқлайди.
Кўриниб турибдики, лойиҳани амалга ошириш ортидан келадиган асосий даромад манбаси реклама. Аҳоли гавжум нуқталарда қуриладиган автотураргоҳ махсус конструкциясида реклама жойлаштириш тарифлари жуда арзон нархда ишлаб чиқилгани ҳам кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари учун анча жозибадор бўлади. Бинобарин, улар ҳар доим ўз маҳсулотлари ва брендини арзонроқ нархда реклама қилишдан манфаатдор.
Бу лойиҳани амалга оширишнинг умумий муддати 1 йил. Уни молиялаштириш учун маҳаллий инвесторлар жалб қилиниши режалаштирилган. Бунда молиялаштирувчи асосий даромад эгаси ҳисобланади.
Тимурбек ОРЗИЕВ,
лойиҳа муаллифи