11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни
Қарши шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан “Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари фаолиятига назар” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши томонидан белгиланган чора-тадбирлар режасига асосан Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги олдидан ташкил этилган бу тадбирда вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул ходимлари, вилоятимиздаги даволаш-профилактика муассасалари ҳамда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг фаол ишчи ва ходимлари, касаба уюшма раислари иштирок этишди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси ўринбосари Гўзал Тўхтаева тадбирда сўзга чиқиб, йиғилганларни қўшалоқ байрам – Тиббиёт ходимлари ва Ўзбекистон касаба уюшмалари кунлари билан табриклар экан, бугун мамлакатимизда касаба уюшмалари томонидан меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар, кам таъминланган оилалар, пенсия ёшидаги ходимлар, ногиронлиги бор шахслар, ишловчи аёллар ва ёшларга жамоа шартномалари орқали кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам хусусида тўхталди.
- Тадбир давомида тармоқ тизимидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотларига кўпроқ амалий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилди, - дейди Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгаши раиси Дилбар Тўхтаева. - Хусусан, меҳнат жамоаларида ўтказиладиган тадбирларнинг ташкилий жиҳатлари, олиб бориладиган ишларни тўғри ташкил этиш, ҳужжатларни тўғри юритилиши борасида зарур тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Тадбир сўнгида касаба уюшмалари фаоллари, фахрийлар ҳамда соғлиқни сақлаш тизимида самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Фахрий ёрлиқлари ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Шоҳиста БОЗОРОВА