Амир Темур таваллудининг 685 йиллигига
Ибн Арабшоҳ "Амир Темур тарихи" китобида Соҳибқирон табиатан масхарабозу шоирларни хушламагани ҳақида ёзган. Аммо бошқа тарихий манбаларда келтирилган маълумотлар бундай эмаслигини кўрсатади.
Адабиётшунос олим Абдуқодир Ҳайитметов "Темурийлар даври ўзбек адабиёти" китобида Амир Темур ва темурийлар замонидаги адабий муҳит тўғрисида шундай ёзади: "Амир Темур нозиктаъб инсон, гўзалликни чуқур ҳис этадиган, адабиёт ва санъатнинг қадрига етадиган зот ҳам эди. Унинг бадиий адабиётга муносабати шу пайтгача махсус ўрганилмаган. Бунга ойдинлик киритишда бизга биринчи кўмакдош Алишер Навоийдир. Адабиёт тарихининг буюк билимдони, хусусан темурийлар тарихини яхши билган Навоий ўзининг "Мажолис ун-нафоис" тазкирасида бу даврда етишган ва ижод қилган ижодкорларга батафсил тўхтаб ўтган".
Дарҳақиқат, "Мажолис ун-нафоис"да шундай жумлалар учрайди: "Темур Кўрагон - анораллоҳи бурҳонаҳи, гарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хўб маҳал ва мавқеъда ўқубдурларким, анингдек бир байт ўқуғони минг байт айтқонча бор". Яъни, гарчи Амир Темур шеърлар ёзмаган бўлса-да, кўп назмий ва насрий асарлардан хабардор бўлган, уларнинг катта қисмини ёддан билган, шеърият аҳлини қадрлаган. Ўзаро суҳбатларда, олимлар ва шоирларнинг мажлисларида, дўстлик ва ўртоқлик гурунгларида Cоҳибқирон, Навоий ибораси билан айтганда, ўз ўрни ва мавридида шеърий асарлардан айрим парчаларни, насрий асарлардаги эсланишга лойиқ бўлган эпизод ва сюжетларни, уларнинг қаҳрамонларига оид байтларни маълум бир воқеага нисбат келтириш муносабати билан ёддан айта олган. Мана, "Темур тузуклари"да Амир Темурнинг Амир Ҳусайнга ёзган байти ҳам келтирилган:
Ёрга еткур сабо, ким макр қилмишдир манга,
Қилди эрса кимга макрин, қайтадир бир кун анга.
Тарихчи олим Ашраф Аҳмедовнинг "Амир Темур жаҳон тарихида" китобида ҳам Темурнинг адабиёт ва шеъриятни ниҳоятда қадрлагани қайд этилади. Яъни "Амир Темур шеърда жуда катта ижтимоий-фалсафий, ахлоқий маъно, нафосатни кўрган, сезган ва ундан бутун умри давомида фойдаланган, унинг завқи билан яшаган. Амир Темур ҳаётининг энг қийин дамларида шеър унга мураккаб масалаларни осон ечишга ёрдам берган".
Таниқли тарихчи Поён Равшанов ҳам "Сайланма"сида Амир Темур ва темурийлар давридаги адабий муҳит ҳақида атрофлича тўхталган. Унда ёзилишича, "Амир Темур ва темурийлар давридаги адабий ҳаёт ҳақида сўз юритадиган бўлсак, гапни Соҳибқироннинг ўзидан бошлашга тўғри келади. Тарихий асарларда, жумладан, "Зафарнома"да Амир Темурга мансуб бир неча байт келтириб ўтилади. В.В.Бартольд ҳам Амир Темурнинг ўз саройидан форсигўй муаррихлар билан бир қаторда туркий (уйғур) бахшиларига ўрин берганлиги, улар Амир Темур тарихини шеърий йўл билан битганликларини таъкидлаб ўтади".
Шубҳасиз, Амир Темур ва темурийлар даврида кўплаб шоиру адиблар жўшиб ижод қилган. Ана шу вақтларда шоиру шуаро, фозилу фузалолар, илм аҳли кўпайганлигини академик Иззат Султон шундай изоҳлаган: "Темур ўз юртида дунёнинг кўп ерларидан энг қимматли капитал - илм ва ҳунар эгаларини йиққан эди. Темур авлодлари ўз ота-бобосининг шу бебаҳо мероси, маҳаллий халқлар истеъдоди ва меҳнати заминида Темурнинг хаёлига ҳам келмаган маданий тараққиётга эришдилар. Самарқанд ва Ҳирот шу янги маданиятнинг маркази бўлиб қолди. Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг бошқа кўп катта-кичик шаҳарларига ҳам шу жонсиз ва "жонли бойлик" тарқалиб кетган, ҳунар ва билим, шеърият эгаларининг кўпчилиги вилоятларнинг бек ва султонлари саройида ўз ижодий ишларини давом эттирар эди".
Албатта Навоий ҳам "Муҳокамат ул-луғатайн"да Амир Темур даврига келиб, туркигўй шоирлар юзага чиққани ҳақида зикр этган. Жумладан, баён қилинишича, "ҳукмронлик тизгини араб ва форс султонларидан турк хонларига ўтганидан сўнг, Ҳалокухон замонидан султон соҳибқирон Амир Темур Кўрагон замонига қадар туркий тилда ижод қилган мақтовга арзигулик шоирлар пайдо бўлмади. Аммо Соҳибқирон Амир Темурнинг издош фарзанди Шоҳрух Султон замонининг охиригача турк тилида ижод қилган шоирлар зуҳур этдилар. Ҳазратнинг авлод ва набираларидан ҳам хуштаъб султонлар етишиб чиқди. Шоирлардан Саккокий, Ҳайдар Хоразмий, Атоий, Муқимий, Яқиний, Амирий ва Гадоийлар яшаб ижод этдилар. Бироқ уларнинг сафида номдор форсий шоирларга бадиий маҳорат ва қудратда юзма-юз бўла оладиган ёлғиз мавлоно Лутфийдан ўзга киши пайдо бўлмади". Биргина мавлоно (Лутфий)нинг истеъдод эгалари қошида ўқишга арзийдиган бир неча матлаълари - бошбайтлари бор. Подшоҳлар ичидан ҳам султон (Абулқосим) Бобурдан бошқа ҳеч қайсисидан шеърий асар юзага чиқмади ва варақ юзига нақш қиларли ўзга нарса қолмади.
Амир Темур даврида яшаб, ижод қилган шоирлардан бири Самарқанд шайхулисломи Абдумалик Исомий Самарқандийдир. Давлатшоҳ Самарқандий "Тазкират уш-шуаро"да уни илму фазли билан бирга ажойиб ашъори бор, деб таърифлаб, қуйидаги шеърини мисол келтирган:
Сендан хешлар хабари йироқ эмас, Исомий,
Бўлма бугун фироқдан қадди ўроқ оқибат.
Шунингдек, Соҳибқирон замонида форсий шеъриятда жаҳонга машҳур Ҳофиз Шерозий, Камол Хўжандий, Салмон Соважий каби, туркий шеъриятда Саййид Насимий, Сайфи Саройи, Лутфий, Дурбек сингари ном чиқарган ижодкорлар бўлган. Бироқ уларнинг Амир Темур билан ўзаро муносабатлари ҳақида маълумот жуда кам топилади.
Адабиётшунос Ҳаким Ҳомидий ва таниқли тожик олими Отахон Сайфуллаев фикрларига кўра, Амир Темур шоир Шайх Камол Хўжандийнинг ҳаётида муҳим роль ўйнаган. Ш.Аҳадов ва Т.Эгамовнинг ҳаммуаллифлигидаги "Амир Темур ва темурийлар даврининг интеллектуал салоҳияти" номли китобда эса машҳур шоирлар - Мавлоно Аҳмад ат-Термизий, Сирожиддин Бисотий Самарқандий Амир Темурга бағишлаб қасидалар ёзганлиги, Мавлоно Мансур ал-Қоғоний, "Темурнома" асари муаллифи Аҳмад Қармоний, Лутфулло Нишопурий, қасиданавис Шайх Камол Хўжандийни Соҳибқирон ниҳоятда ҳурмат қилиб, илтифот кўрсатганлиги қайд этилган.
Шоир ва хонанда, бастакор Абдулқодир Мароғий Амир Темурнинг сарой базмлари ва адабий мажлисларда иштирок этган. Бу ҳақда "Темур ва Улуғбек даври тарихи" китобида шундай ёзилган: "Амир Темур забт этилган мамлакатлардан маданият, адабиёт ва санъат арбобларини Самарқандга жўнатиб турган. Улар орасида Навоий "Муншаот"нинг 91-мактубида зикр этган Абдулқодир (Мароғий, 1353-1435) ниҳоятда машҳур эди. Озарбайжоннинг йирик маданият маркази бўлган Мароғадан чиққан Абулқодир уйғониш даврига мос тарзда хилма-хил билим ва истеъдодга эга: шоир, хонанда, қори, мусиқа ижрочиси ҳамда назариётчиси эди. Самарқандда ва кейин Ҳиротда эканида унинг ижодий фаолияти айниқса сермаҳсул бўлди. Бу ерда Абдулқодир Мароғий пойтахт мусиқачиларига мураббийлик, сарой базмлари ва алоҳида мажлисларда мусиқа дастурига ташкилотчилик қиларди".
Форс ва туркий тилларда шеър ёзган Хожа Абдулқодир Мароғий Амир Темур ва темурийлар саройида қирқ йилдан ортиқ вақт мобайнида хизмат қилган.
Хулоса ўрнида келтирсак, Ҳерман Вамбери "Бухоро ёҳуд Мовароуннаҳр тарихи" асарида Амир Темур ва темурийлар давридаги маданий-адабий тараққиёт ҳақида шундай ёзади: "Амир Темур ва темурийлар давридаги маданиятга ҳавас қўймоқ - Андалузия умавийлари давлатининг порлоқ даври билан Арабистондаги аббосийларнинг илк ҳукмронлик замонини истисно этганда - ислом оламининг бошқа бирорта жойида содир бўлмади. ...Гарчи темурийлар тараққиёт даврига Эронда мўғил ҳукмдорлари вақтидаги фикрий уйғонишнинг давоми назари билан қарамоқ лозим бўлса ҳам, аммо фанлар ва санъат Мароға, Табриз, Султония саройларида ҳеч қачон Ҳирот ва Самарқанддаги каби кўп ва турли шаклларда порламади".
Шерхон ҚОРАЕВ