Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг вилоятимизга ташрифи доирасида Қарши шаҳридаги IT-технопарк биносида вилоят соғлиқни сақлаш тизимида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган соҳага оид энг муҳим йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ва парламентнинг бир гуруҳ депутатлари, соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Улуғбек Собиров, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаков ҳамда шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари, даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари иштирок этишди.
-Кеча Президентимиз Мурожаатномасида соҳага оид белгиланган вазифалар ижроси қандай таъминланаётгани билан танишиш мақсадида Ғузор тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Қоракамар оилавий шифокорлик пункти, кўп тармоқли марказий поликлиника, эндокринология ҳамда шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида бўлдик, - дейди Нурдинжон Исмоилов. – Сафар давомида гувоҳи бўлаяпмизки, тизимдаги вазифалар кўлами жуда кенг, масъулияти катта. Масалан, оилавий шифокор ҳамшираларидан бири айтаяпти: “Ҳатто ўттиз километр узоқликдаги қишлоқлар бор, қандай қилиб аҳоли билан мунтазам ишлашимиз мумкин?”, деб. Дарҳақиқат, уларнинг фаолиятига доир транспорт ёхуд малака ошириш масалаларини қандай амалга ошириш керак? Биргина велосипед ёки планшет тарқатиш билан иш битмайди-ку. Врачлар етишмайдиган ҳудудлардаги муаммолар қандай ечилади? Янги тартибга кўра, туман тиббиёт бирлашмаси маъмурияти кўп тармоқли марказий поликлиникада жойлашадиган бўлса, бинонинг ярмини эгаллаб олаяпти-ку, бу масалани қандай ҳал қиламиз?...
Парламент, Маҳаллий кенгашлар депутатлари назорати остида, шаҳар ва туман ҳокимлари билан ҳамкорликда бундай долзарб масалаларга ечим излашимиз зарур, деб таъкидлади Спикер. Ҳудудлардаги кўпгина ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари даладаги экин қачон экилди, қачон суғорилди, қачон ва қанча ўғит берилди – беш бармоқдай яхши билиши мумкин, бироқ кўпгина ҳолларда мамлакатимизнинг энг асосий бойлиги бўлган халқ саломатлиги билан етарли даражада қизиқишмайди. Бу борада жойлардаги депутатларимиз фаоллигини ҳам оширишимиз, уларнинг салоҳиятларидан унумли фойдаланишимиз зарур.
-Бир неча кундан бери вилоятнинг қатор туманларида Президентимиз фармон ва қарорлари ижроси, хусусан, тиббий хатлов якунларини ўрганиш жараёнида амин бўлдикки, тизимда масъулиятни ошириш орасида ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп, - дейди Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Улуғбек Собиров. ¬– Тиббий хатлов бўйича ҳар бир рақамнинг ортида инсонлар тақдири, уларнинг келажаги турибди. Шу асосда хавф гуруҳлари ажратилаяпти, ҳудудларнинг саломатлик профиллари яратилаяпти. Мавжуд муаммолар таҳлил қилинаяпти. Жараённи амалга ошириш учун зарур барча ресурслар ажратиб берилди. Шу сабабли бу борадаги статистиканинг реал бўлиши учун ҳар биримиз жон куйдириб, ҳаракат қилишимиз зарур. Айниқса, вазирлик буйруғи билан ҳудудларга бириктирилган пойтахтлик юқори илмий салоҳиятли мутахассисларнинг бу борадаги ўрни сезилиши зарур. Улар олти ой давомида шу ҳудуд учун масъул, жойларда тиббиёт муассасаларининг моддий-техник жиҳатдан ривожлантиришни ҳокимлардан талаб қилиб, нафақат даволашда, ташкилий ишларда ҳам фаоллик, шахсий намуна кўрстиб ишлашлари зарур.
Йиғилишда парламент вакиллари томонидан мутасаддиларнинг жойларда тегишли вазифалар ижросидаги муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан таклифлари тингланиб, муҳокома қилинди.
Масалан, қайд этилишича, барча тиббиёт муассасалари тўлиқ оптик толали интернет тармоғи, замонавий АКТ ускуналари билан таъминланиши зарур. Шунда тизимни рақамлаштириш, хусусан, хатлов натижаларини электрон базага киритиш, ҳудудларнинг саломатлик профилларини яратиш, электрон поликлиника ва телемедицинани ривожлантириш имкониятлари яратилади.
Мақсадли скрининг одатда маҳалла идораларида ўтказилади. Бироқ кўпгина маҳалла идораларидаги шароитлар тегишли талабларга жавоб бермайди. Бу борада зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланган автобуслар ажратилса, бу борадаги фаолият самарадорлиги ортади.
Ҳудудларда аҳоли талабига кўра ҳалигача фаолият кўрсатаётган қишлоқ участка шифохоналари ёки шифохона филиалларида кўплаб муаммолар кузатилмоқда. Уларнинг юридик мақомини аниқ белгилаш зарур.
Тегишли меъёрларга асосан 13 000 аҳолига битта тез тиббий ёрдам шохобчаси хизмат кўрсатиши белгиланган. Аммо бу меъёр шаҳар учун ҳам, аҳоли тарқоқ жойлашган узоқ тоғ ёки чўл қишлоқлари учун бир хил. Масалан, Шаҳрисабз туманидаги Кўл қишлоғи туман марказидан 80 километр узоқда, бориш қийин бўлган тоғли ҳудудда (6 соатлик йўл) жойлашган. Бундай ҳудудлар учун алоҳида меъёрлар белгиланиши зарур.
Патронажлар масаласида шундай меъёрлар мавжуд. Шаҳарда инфратузилма бор, масофа яқин, аҳолининг катта қисми кўп қаватли уйларда яшайди. Қишлоқлар аҳолисини қамраб олиш жуда мураккаб. Мазкур масалаларга индивидуал ёндашиш керак.
Шунингдек, йиғилишда тизим мутасаддилари томонидан тиббиёт муассасаларида хўжалик ҳисобида топиладиган маблағларга солинадиган солиқ юкини камайтириш, давлат харидлари тизимини мақбуллаштириш, тиббий ускуналар етишмайдиган ҳудудларда шартнома асосида хусусий сектор имкониятларидан фойдаланиш, вилоятларда филиаллари бўлмаган ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг ҳудудлардаги вакиллари учун етарлича шароитлар яратиш сингари бир қатор таклифлар муҳокома қилинди. Ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.