Шу ўринда рақамларга назар ташласак, охирги ўн йил давомида мамлакатимизда спорт билан мунтазам шуғулланиш даражаси болалар ва ўсмирлар ўртасида 30 фоиздан 57 фоизга, қиз болалар ўртасида 24 фоиздан 47 фоизга етган. Шу билан бирга, 2005 йилда болаларимиз спортнинг 43 тури билан шуғулланган бўлса, бугунги кунда бу рақам қарийб 60 тани ташкил этмоқда. Шунинг ўзи ҳам юртимизда спорт соҳасидаги юксалишдан дарак бериб турибди.
Бугунги кунда ўз фарзандларини спортнинг бирор-бир турига қўйиш истагидаги ота-оналар сони ортиб бораяпти. Натижада, болаларимиз ёшликдан спорт билан ошно бўлиб, унинг сир-асрорларини пухта ўрганиб, ўзлаштириб бормоқда. Қарши шаҳрилик ёш шахматчи Абдумалик Халилов ҳам шундай истеъдодли ёшлардан. У яқинда 7 ёшдан 15 ёшгача бўлган ёш шахматчилар иштирок этган мактаб ўқувчилари ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида муносиб қатнашди ва жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди.
Қайд этиш жоиз, мусобақа шахматнинг стандарт, рапид ва блиц йўналишларида ўтказилди. Эътиборлиси, етти ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида Абдумалик Халилов стандартда 6 очко, блицда эса 7 очко жамғариб ҳар иккала йўналишда ҳам биринчиликни қўлга киритди ва Ўзбекистон чемпиони деган номга сазовор бўлди.
- Абдумалик яқинда етти ёшга киради, - дейди унинг онаси Наргиза Раҳмонова. – Тўрт ёшидан шахмат тўгарагига қўйгандик. Абдумаликнинг ютуқларида биринчи устози Наргиза Саидованинг меҳнати катта. Уйда ўғлим отаси ва акалари билан шахмат ўйнаб, ўз маҳоратини оширади. Биз уни доим қўллаб-қувватлаб турамиз.
Абдумалик шахмат билан шуғуллана бошлагач, истеъдоди тезда юзага чиқа бошлади. У шаҳар ва вилоят миқёсида ўтказилган мусобақаларда ўз тенгдошлари орасида кучли эканини намоён этди. 2016 йили пойтахтимизда бўлиб ўтган республика биринчилигида гарчи совриндор бўлмаган бўлса-да, ўз маҳоратини ҳар томонлама кўрсата олди. Натижада, уни шахмат бўйича республика ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қабул қилишди. Ҳозирда у шу мактабнинг вилоят филиалида Акмал Файзуллаев қўли остида ўз маҳоратини ошириб бораяпти.
- Абдумалик биринчи навбатда шахматни жуда яхши кўради, - дейди устози Акмал Файзуллаев. – Энг асосийси, унинг феъл-атвори ҳам спортчиларга хос. Яъни у интилувчан ва курашчан. Ундан умидим катта.
Сир эмаски, йилдан-йилга юртимизда шахмат спорти ривожланиб бормоқда. Ёш истеъдодларимиз жаҳон ва Осиё чемпиони номига сазовор бўлмоқда. Яқин йиллар ичида Абдумалик ҳам шу чемпионлар сафида бўлишига умид қиламиз.
* * *
Қарши туманидаги Кўчкак МФЙ қошида ташкил этилган “Зафар” спорт клуби бугун спортга ихлосманд ёшлар билан гавжум. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бу масканда янги-янги чемпионлар ҳамда умидли спортчилар етишиб чиқмоқда. Шу боис, қишлоқ аҳолиси ичида боласини спорт клубига етаклаб келаётган ота-оналар сафи кенгаймоқда.
- Клубимизда ўзбек жанг санъати спорти билан қишлоғимизнинг қирқдан зиёд ўсмирлари мунтазам шуғулланиб келмоқда, - дейди мураббий Зафар Қурбонов. – Болалар орасида истеъдодлилари талайгина. Уларни тўғри йўналтириб, иқтидорининг кўплаб қирраларини кашф этиш жуда муҳим. Шу боис, ҳафтада олти кун машғулот олиб борамиз. Шунга яраша натижаларимиз ҳам арзирли бўлаяпти.
Шу ёшлар орасида кўзлари чақнаб турган ўн икки ёшли Мағзуна Қудратованинг мақсади қатъийлиги ва қўлга киритган натижаларида Тўмарис жасоратини кўриш мумкин. У ёш бўлишига қарамай кўплаб мусобақалар ғолиби саналади. Эсимда, 2015 йили Жанубий Кореянинг Чунгжу шаҳрида Бутунжаҳон жанг санъатлари фестивалида ўзбек жанг санъати усталари ҳам муносиб тарзда иштирок этганди. Ғолиблар сафида Мағзуна Қудратова ҳам бор эди.
- Қизим ёшлигидан спортга меҳр қўйди, - дейди Мағзунанинг отаси Давлат Раҳимов. – Шу боис, олти ёшида уни ўзбек жанг санъати спорт тўгарагига олиб бордим. Ҳозирда қизим беш карра мамлакат чемпиони, 1-ДАН қора белбоғ соҳибаси, спорт усталигига номзод саналади. Ҳали ёш бўлишига қарамай, арзирли натижаларга эришаётганидан жуда мамнунман.
Юртимизда истеъдодлар талайгина. Уларнинг истеъдодини юзага чиқариш эса кўп жиҳатдан ота-оналарига боғлиқ. Агар улар фарзандларига тўғри йўналиш бера олса, халқаро ва йирик мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган, энг муҳими, соғлом ҳаёт тарзини ўз дастурига айлантирган ёшлар сафи янада кенгаяди.
Азизбек НОРОВ