- Хотин-қизларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилат саналади. Ўз навбатида ҳар бир ўзбек болам деб яшайди. Борини боласига тутади. Унинг ўзидан кўра яхши, бахтли яшашини истайди. Фарзанди соғлом, баркамол вояга етса, эртага жамиятда ўз ўрнини топа олса, ҳар қандай ота-она ҳаётдан рози бўлади. Ўзини бахтли санайди. Эртанги кундан кўнгли тўқ бўлади. Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, бугун юртимизда ўзини бахтли санайдиган, эртанги кунга ишончи баланд оилалар сони жуда кўп. Бу нимадан? Албатта, соғлом авлод тарбиясига қаратилган эътибордан, яратилган шароит ва имкониятлардан.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида никоҳланувчи ёшлар тўйдан олдин ирсиятга таъсир этувчи бешта касаллик бўйича мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши белгиланган. Ўтган йили вилоятимизда 24 минг 928 та никоҳ қайд этилиб, никоҳланувчи барча ёшлар мазкур талаблар бўйича тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик натижасида уларнинг 170 нафарида касаллик аниқланди. Бу ана шунча оиланинг келгуси тақдири турли кўнгилсизликлардан, дилхираликлардан ҳимоя қилинди, дегани. Шуни инобатга олган ҳолда касаллик аниқланган ёшларнинг даволаниши ва соғлом тарзда оила қуришига қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.
Cоғлом авлодни соғлом оналар дунёга келтиради. Шу боис юртимизда бўлажак оналар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни тиббий кўрикдан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бугун мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофазалашда жаҳон андазаларига жавоб берадиган тиббий-профилактика ёрдами шакллантирилди.
Қайд этиш ўринлики, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ва Биринчи Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу тизимдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда дастуриламал бўлмоқда.
Бугунги кунда бирламчи тиббиёт муассасалари, тиббиёт бирлашмалари ва шифохоналарда она ва бола саломатлигини асраш бўйича махсус штаблар фаолият кўрсатмоқда. Бу йўналишда ҳар бир тиббиёт муассасасида кундалик амалга оширилаётган ишлар таҳлил этиб борилаётгани, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий-профилактика ёрдамини янада такомиллаштириш истиқболларини белгилашда асқатмоқда.
Ўтган йилда юқумли касалликларга қарши эмлаш ишлари белгиланган режа асосида олиб борилди. Бу борада ишлаб чиқилган миллий тақвим замон талабидан келиб чиқиб муттасил такомиллаштирилмоқда. 2016 йил давомида вилоятимизда 1 миллион 233 минг нафар бола вирусли ва бошқариладиган инфекцияларга қарши, бир ёшгача бўлган 104 минг нафардан зиёд бола ротавирус ва 109 минг нафардан зиёд бола пневмококкли инфекцияга қарши эмланди. Шунингдек, туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш мақсадида қарийб уч ярим минг нафар ҳомиладор аёл перинатал, 16 минг нафардан ортиқ чақалоқ эса неонал скрининг текширувидан ўтказилди.
Шу билан бирга, ҳомиладор аёлларни таркибида шифобахш моддалари бўлган поливитаминлар билан таъминлаш амалиёти жорий этилди. Олимлар ва мутахассисларнинг ушбу дастур натижаларини ўрганиш бўйича ўтказган мониторингидан маълум бўлишича, шифобахш поливитаминларни истеъмол қилган оналар ва улар дунёга келтираётган фарзандларнинг саломатлик кўрсаткичи яхшиланиб, касалликлари камайиб бораётир.
Бугунги тиббиёт тизими кечагисидан тубдан фарқ қилади. Буни хизмат кўрсатиш даражасининг ошганлиги, тиббий жиҳозлар ва ускуналарнинг йил сайин замонавийлашиб бораётганидан ҳам билса бўлади. Ўтган йилда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида Косон, Миришкор, Касби, Нишон, Шаҳрисабз ва Қарши туманлари тиббиёт муассасаларининг болалар бўлимлари ва туғруқхона мажмуалари ҳамда Шаҳрисабз туманидаги 3-оилавий поликлиникада реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Қарши болалар мурувват уйининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида 500 миллион сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.
Бундай изчил ишлар “Соғлом она – соғлом бола” концепциясини узвий давом эттириш, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни камолга етказиш, миллатимиз генофондини мустаҳкамлаш ва мамлакатимизни янада тараққий эттиришда муҳим пойдевор бўлаётир.
***
Олис ва чекка қишлоқларда яшаётган аҳоли, айниқса, аёллар учун зарур ижтимоий ва маиший шарт-шароитлар яратиш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уй-жойлар, ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш, қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви, табиий газ билан таъминлаш, хизмат кўрсатиш ва сервис даражасини юксалтириш борасидаги ишлар ҳам изчил давом эттирилди.
Жумладан, Давлат дастури асосида олис қишлоқ жойларида банкларнинг имтиёзли кредит маблағлари ҳамда ер майдонларини тақдим этиш орқали гўзаллик салони, ателье, электромаиший техникалар ва пойабзал таъмирлашни ўз ичига олган 19 та намунавий маиший хизмат комплекси ташкил этилди. Буларнинг барчаси хотин-қизлар бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутди.
Тижорат банклари томонидан ёш оилаларга, тадбиркор аёлларга, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмоқчи бўлган коллеж битирувчиларига 111 миллиард 822 миллион сўм, оилавий бизнес ва ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш бўйича 22 миллиард 48 миллион сўм, уй-жой сотиб олиш, қуриш ва реконструкция қилиш учун 20 миллиард 616 миллион сўм ипотека ва ёш оилаларга узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш учун 4 миллиард 71 миллион сўм миқдорида истеъмол кредити ажратилди. Шунингдек, 74 та корхона томонидан 737 та ёш оилага узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш ва уй-жой қуриш учун 19 миллиард 216 миллион сўмлик фоизсиз cсудалар берилиб, эҳтиёжманд ёш оилаларга 719,5 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Эҳтиёжманд оилалар, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 246 нафар фарзанди суннат тўйлари ўтказилиб, уларнинг ҳар бири номига 1 миллион сўмдан қўйилган омонат дафтарчалари очилди. Чин етимлар ҳамда Меҳрибонлик уйи битирувчиларини уй-жой билан таъминлаш мақсадида Қарши шаҳрида 25 та хонадон барпо этилди.
***
2016 йилда Деҳқонобод туманидаги марказий стадион реконструкция қилиниб, унинг ёнида 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби бунёд этилди. Қарийб 2 миллиард 600 миллион сўм маблағ эвазига қуриб битказилган бу мактабда 478 нафар ўғил-қиз спортнинг волейбол, миллий кураш, стол тенниси, бадиий гимнастика, футбол, дзюдо каби турлари билан шуғулланмоқда. Туман марказидан 40 километр узоқликдаги Оқиртма қишлоғида эса эски бино 800 миллион сўмдан ортиқ маблағ эвазига реконструкция қилиниб, Оқиртма маданият ва аҳоли дам олиш марказига айлантирилган. Марказда болажонлар учун фольклор, рақс, рубоб, тикувчилик, ашула тўгараклари ишлаб турибди. Гўзаллик салони аҳоли хизматида. Бу – ўтган Соғлом она ва бола йилида Деҳқонобод туманидаги биргина маданият ва спорт соҳасида амалга оширилган тадбирлар. Бундай эзгу ишларга бугун вилоятимизнинг барча ҳудудларида гувоҳ бўлиш мумкин.
Ёшлар орасида жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, ёшларни, айниқса, қишлоқ жойларда қизларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, янги спорт объектларини қуриш, ишлаб турганларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш, юқори малакали тренер-кадрлар ва мураббийлар билан таъминлаш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда. 2016 йилда 38 та мактаб спорт залларида қурилиш ишлари олиб борилиб, бунинг учун 25 миллиард 760 миллион сўм маблағ сарфланди.
Барча таълим муассасаларида ҳар ой охирги ҳафтасининг чоршанба куни “Қиз болалар спорти куни” деб эълон қилинди ва спорт мусобақалари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида вилоятимизда Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг 28,5 миллиард сўм маблағи ҳисобидан 1 та ёпиқ сузиш бассейни, 1 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 26 та спорт зали янгидан қурилди.
Умуман олганда, вилоятимизда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида назарда тутилган 808,7 миллиард сўм ўрнига 868,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилганининг ўзиёқ бу борадаги ишлар кўламини яққол кўрсатади. Гап қанча маблағ сарфланганида эмас. Барча эзгу ишлар замирида эртанги кунимизни, юрт тақдирини белгилайдиган соғлом авлодни камолга етказишдек муҳим стратегия мужассам. Мана шуниси муҳим.
Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.