Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Қашқадарё ҳудудий бўлинмаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, "Фуқаролик жамияти" журнали таҳририяти ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва тиббиёт ходимлари, Қарши шаҳридаги маҳаллалар вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Мамлакатимизда оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласига устувор вазифалардан бири сифатида қараб келинмоқда. Ўтган даврда оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг қонунчилик асослари ва ҳуқуқий кафолатлари шакллантирилди, улар мунтазам равишда мустаҳкамланиб, такомиллаштирилиб, бойитиб борилмоқда. Бу соҳада қабул қилинган ҳар бир ҳужжат ўз мазмун-моҳияти ва вазифасига кўра оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом, маънан етук авлодни камол топтиришга хизмат қилмоқда.
Давра суҳбатида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бўлим катта прокурори Патхилла Баҳромов, "Фуқаролик жамияти" журнали муҳаррири Дилмурод Эрназаров, "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Гулнора Шаропова, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Умида Ғозиева, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят бўлими раиси Фурқат Норматов ва бошқалар оилаларни мустаҳкамлаш, ёшларни ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш, соғлом она - соғлом бола тамойилини тўла-тўкис рўёбга чиқариш каби масалаларда атрофлича гапиришди.
Шунингдек, давра суҳбатида турмуш қураётган ёшларнинг никоҳдан олдин тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаш учун тиббиёт ходимлари масъулиятини янада кучайтириш, шу асосда туғма ва ирсий касалликлар сонини камайтириш, поликлиникаларни замонавий ташхис қўйиш ускуналари билан жиҳозлаш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини юксалтириш, хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, кучли, барқарор ва фаровон давлат негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида белгиланган муҳим йўналишлардан бири эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шоҳиста БОЗОРОВА.