Маълумки, бугун мамлакатимизда аҳолининг барча қатламлари ўртасида спортни кенг оммалаштириш ва пировардида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада кўплаб тадбирлар, фестиваллар, спорт мусобақалари ўтказиб келинаяпти.
"Халоскорлар оиласи" спорт мусобақасининг мақсади ҳам шунга қаратилган бўлиб, унда вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармаси тизимидаги ташкилотларда меҳнат қилаётган 10 нафар ходим ўз оила аъзолари билан иштирок этди.
Мусобақада жамоалар "Югуриш, акробатика ва нишонни аниқ мўлжаллаш", "Ким чаққон ва мерган", "Арқон тортиш", "Чаққон она, эпчил қиз", "Чаққон ота, эпчил ўғил" каби шартлар бўйича баҳслашиб, ўзларининг куч ва маҳоратларини синовдан ўтказди.
Якуний натижаларга кўра, вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармаси инспектори, катта сержант Нажмиддин Рўзиқулов оиласи 3-ўринни қўлга киритган бўлса, Шаҳрисабз шаҳридаги 7-ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми ёнғинни ўчириш экипажи катта инструктор ҳайдовчиси, сафдор Жамшид Ризаев ва оила аъзолари 2-ўринга муносиб кўрилди.
Муборак газни қайта ишлаш заводи объектларини ёнғиндан муҳофаза қилувчи ёнғин хавфсизлиги бўлими ёнғин ўчирувчиси, сафдор Эркин Эранов оиласи эса мусобақанинг мутлақ ғолибига айланди.
Ғолибларга вилоят ЁХБнинг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Шунингдек, мусобақанинг ҳар бир тури бўйича юқори кўрсаткичларга эришган ва фаол иштироки учун ҳар бир оила эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шерзод КЕЛДИЕВ,
вилоят ЁХБ бўлим бошлиғи
Суратда: мусобақадан лавҳа.