2011 йилда Ливияда содир бўлган норозилик намойишлари ва мамлакатга НАТО қўшинлари киритилиши Ғарбнинг ҳудуддаги ресурслар устидан назорат ўрнатиш учун аввалдан режалаштирилган стратегияси доирасидаги ҳаракатлар эди.
Шулар ҳақида гапирар экан, "Ливияни йўқ қилиш акцияси доирасида Ғарб давлатлари мамлакат бошқарувига ўзларига хайрихоҳларни қўйиш орқали нефть захираларига эгалик қилиш, гигантлар ўртасида кузатиладиган қитъадаги манфаатлар тўқнашувида унинг стратегик жойлашувидан фойдаланишни кўзлаган", дея таъкидлаган Муаммар Каддафининг сафдоши ва собиқ ҳукуматнинг расмий вакили Муса Иброҳим РИА Новости агентлигига берган интервьюсида.
Ливияда норозилик намойишлари бундан 10 йил аввал, аниқроғи 2011 йилнинг 15 февралида мамлакатни 40 йилдан ортиқ вақт давомида бошқариб келган Муаммар Каддафи истеъфоси талаби билан бошланган эди.
Сиёсатчининг қайд этишича, Каддафи бошлаган Африкани Ғарб гегемонлигидан қутқариш ҳаракатлари мамлакатга Шимолий Атлантика альянси армияси бостириб киришига сабаб бўлган омиллардан биридир. Чунки, Ливиянинг собиқ раҳбари қитъа давлатлари халқаро молиялаштириш тизими тобелигидан қутулишида асқатадиган Африка марказий банкига асос солишни режа қилганди. Шунга мувофиқ, мамлакатлар ҳукуматлари ҳам келгусида ўзаро муносабатларда АҚШ доллари ўрнини эгаллаши керак бўлган ва қитъа учун ягона олтин валюта - афрони жорий қилишга тайёрланаётган эди.
"Бу саъй-ҳаракатлар Ғарбни қўрқитди. Улар Ливиядан ушбу лойиҳадан воз кечишни талаб қила бошлашди. Муаммар Каддафи ҳаммасига рад жавобини берди", дейди Муса Иброҳим.
Давлат тўнтариши ва Каддафи ўлимидан сўнг Ливия амалда ягона давлат сифатида намоён бўлишни тўхтатди. Ҳозир мамлакатда қўшҳукумат амал қилмоқда. Мамлакат шарқида халқ томонидан сайланган парламент кенгаши, ғарбида, яъни пойтахт Триполида эса БМТ ва ЕИ томонидан шакллантирилган Фаёз Сарраж бошчилигидаги миллий келишув ҳукумати амалда. Бир-биридан мустақил фаолият олиб бораётган икки ҳукумат - парламент кенгаши ҳамкорлик қиладиган маршал Халифа Хафтар бошчилигидаги Ливия миллий армиясини Миср ва БАА қўллаб-қувватласа, миллий келишув ҳукуматига Туркия ва Қатар хайрихоҳ.
Жорий ой бошида БМТ шафелигида Женевада уюштирилган Ливия сиёсий музокаралар форумида ўтиш ижро ҳокимияти аъзолари сайланганди. Улар мамлакатни декабрь ойи охирига мўлжалланаётган оммавий сайловлар ўтгунига қадар бошқариши айтилган. Аммо бу ҳаракатлар ягона давлатни қайта тиклаш борасида қанчалик самара бериши ҳозирча мавҳум.