Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Собиқ "Мебеллар уйи" ўрнида доимий кўргазмалар зали бунёд этилаяпти

Ўз мухбиримиз

18.09.2020


Собиқ "Мебеллар уйи" ўрнида доимий кўргазмалар зали бунёд этилаяпти

Бизнесга кўмак

Қарши шаҳридаги собиқ "Мебеллар уйи" масъулияти чекланган жамияти биносида катта ҳажмдаги капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, негизида замонавий технологиялар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг доимий кўргазмалар зали ташкил этилаяпти.

Ўзбекистон савдо-саноат палатаси (ЎзССП) вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Мухтор Гуловнинг таҳририятимизга маълум қилишича, ушбу объектдаги қайта қуриш жараёни республика ҳукумати ва вилоят ҳокимининг тегишли фармойишларига мувофиқ амалга оширилмоқда. Мазкур ҳужжатларда "Мебеллар уйи" МЧЖнинг устав капиталидаги давлат улуши дастлаб Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Қарши шаҳар ҳокимлигига топширилиб, кейин ЎзССП вилоят ҳудудий  бошқармасига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилиши ва бинода доимий кўргазма зали ташкил этилиши назарда тутилган.

- Бундан кўзланган асосий мақсад кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаб, тадбиркорларни замонавий техника ва технологиялар, ишлаб чиқариш ускуналари билан таништириб бориш ҳамда уларнинг маҳсулотларини намойиш этиш учун шарт-шароитлар яратишдан иборат, - дейди М.Гулов. - Шундан келиб чиқиб, собиқ "Мебеллар уйи"нинг биносида бир вақтнинг ўзида кўплаб йирик корхона ва компаниялар ҳамда воҳамиздаги энг кўзга кўринган тадбиркорлик субъектларининг доимий экспозицияларини жойлаштириш, тақдимот ва анжуманлар ўтказиш, музокаралар олиб бориш ва битимлар имзолаш учун қулай имкониятлар ҳозирланаяпти.

 Эътиборли томони, шу пайтгача Қарши шаҳри ва умуман вилоятимиз ҳудудида кенг миқёсли бизнес-кўргазмаларни ташкил этиш мумкин бўлган махсус бино йўқ эди ва шунга ўхшаш тадбирлар гоҳ маданият муассасалари, гоҳ спорт иншоотларида ўтказилган. Бу эса уларнинг нуфузи ва савиясига таъсир этмасдан қолмасди. Янги, ҳозирча "Qarshi expo" деб юритиладиган  доимий кўргазмалар залининг ишга туширилиши шу билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш баробарида   бошқа ҳудудлар ва хорижий мамлакатлардан ташриф буюрадиган ишбилармонларга Қашқадарёнинг иқтисодий ва экспорт салоҳиятини ҳам  кўрсатиш имконини беради.

 - Объектни капитал таъмирлаш жараёнида кўплаб замонавий қурилиш материаллари ва  махсус конструкциялардан фойдаланаяпмиз,  - дейди "Қашқадарё махсус қурилиш дизайн" шўъба корхонаси раҳбари Дилшод Кичкинаев. - Масалан, кўргазмалар залидан саккизта "реклама подиуми", яъни маҳсулотлар тақдимоти учун мўлжалланган кичик майдончалар ўрин олган. Бу "подиум"ларда товарни яққол кўрсатиш ва ёритиш воситаларидан ташқари бир неча тоннагача оғирликка бардош берувчи уч қаватли тобланган ойналар ҳам ўрнатилади. Улар ҳатто айрим турдаги тракторларни ҳам кўтаришга қодир.

Янгиланаётган бинода доимий кўргазмалар зали ва унинг инфратузилма объектлари билан бир қаторда ЎзССП вилоят ҳудудий бошқармаси ва "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бўлими офисларини ҳам жойлаштириш режалаштирилган.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo