Аҳамиятлиси, вилоятимизда ҳам ўтган даврда қанчадан-қанча давлат мулки мавжуд тартиб асосида инвесторларга берилди. Улар ўз зиммасига олган мажбуриятларни тўла адо этсагина, объект мулкдорига айланиши мумкинлиги белгиланди. Ҳозирги вақтда ҳудуддаги 30 дан ортиқ давлат мулки негизида замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилганини алоҳида қайд этиш лозим. Натижада ички ва ташқи бозорларга қўшимча рақобатбардош маҳсулот кириб келиши, янги иш ўринлари яратилиши таъминланди.
Қамаши тумани Қизилтепа қишлоғи ҳудудида жойлашган механизациялашган машина-трактор пункти бино-иншооти ҳам яқин-яқингача ишлатилмасдан келаётганди. Объект танловга қўйилгач, ундан мақсадли фойдаланишга тайёр сармоядор ҳам топилди. Янги ташкил этилган “Қизилтепа тикувчилик фабрикаси” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдураҳмон Хўжанов истиқболли лойиҳа ташаббускори бўлиб чиқди. Объектни жорий йил январда қабул қилиб олган тадбиркор бир йилга ҳам бормай собиқ ММТП негизида замонавий цех очиб, маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳам бошлаб юборди.
- Инвестиция лойиҳасини 2 йил муддатда тўлиқ рўёбга чиқаришимиз керак, - дейди корхона раҳбари. – Бу орада жами 22 нафар киши фойдали меҳнат билан банд этилиши лозим эди. Объектга жами 450 миллион сўм маблағ йўналтириш мажбуриятини олганмиз. Эътиборлиси, давлат мулкини қабул қилганимиз заҳоти шартларни бажаришга киришдик. Бинони ишлаб чиқаришга мослаштирдик. Таъмирлаш ишларини олиб бордик. Тикувчилик маҳсулотлари тайёрлашни асосий йўналиш этиб белгилаганмиз. Шу мақсадда 40 дона янги тикув машинаси харид қилиб, цехимизга ўрнатдик. Яна 5 та қўшимча дастгоҳ олиб келиниши режа қилинган. Ҳозиргача бу ишларга 431 миллион сўм сарфланди. Қишлоқ хотин-қизларини чеварликка ўргатиб, ўзимизга ишга олдик. Жорий йилнинг 1 октябридан цехимиз ишга тушди. Айни чоғда корхонамизда 50 нафарга яқин кишини иш билан таъминлаганмиз.
Бугунги кунда корхона цехида асосан махсус формалар тикиш кенгроқ ўзлаштирилган. Бу эса тадбиркорлик субъектига муайян давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш имконини бермоқда. Ҳозирда ишбилармон 5 минг дона тайёр кийим-кечакка буюртма олган. Бундан билиш мумкинки, корхонанинг узоқ фурсат барқарор ишлаши учун муҳим шароит ҳозирланган. Фақат бир турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашиб қолган кичик бизнес вакили бозорда узоқ жон сақлолмайди. Шундай экан, тадбиркор келгусида бошқа турдаги тикувчилик буюмлари тикишни ташкил этишни ҳам режа қилган. Янги маҳсулот ички бозор талаби, аҳоли эҳтиёжини мўлжаллаб ишлаб чиқарилади.
М.ЖЎРАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.