Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

06.10.2020


СОБИҚ РАҲБАР "ДАЧА"СИ ЎРНИДА ТУРИЗМ КОМПЛЕКСИ БАРПО ҚИЛИНАДИ

 Имконият ва истиқбол

 

Бундан 5 ой олдин газетамизда "Ғойибовнинг дачаси" қаққайиб тураверадими?" сарлавҳали мақола чоп этилган, унда Қаршидан Шаҳрисабзга кетиш йўлида, сал ичкаридаги тепалик устида жойлашган, халқ тилида "Ғойибовнинг дачаси" деб юритиладиган, бир вақтлар вилоятга раҳбарлик қилган киши ҳордиқ чиқарган, соя-салқин манзараси ва хушҳаво табиати кўпларнинг ҳавасини келтирган манзил айни пайтда хароба тус олгани, "Шу кунларда кўп ҳудудларда бўш ерлар, бўш турган объектларни текшириш, хатловга олиш бошланган. Наҳотки ҳайҳотдай шу ер маҳаллий ҳокимлик, тегишли масъуллар эътиборидан четда қолган бўлса?", дея таъкидланганди.

 Эътиборлиси, бир неча кун илгари вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бу ерда бўлиб, масъуллар  билан учрашган ва ушбу ҳудудда Чаман туризм комплекси барпо этилишини маълум қилган.

  - Миллийлигимиздаги замонавийликни халқаро стандартлар билан уйғунлаштирсак, туризм ривожига катта ҳисса қўшган бўламиз, - деган вилоят ҳокими. - Ҳеч бир кўриниш ёки бино бир-бирини такрорламасин. Эълон беринглар, тадбиркорлар ўз лойиҳа ва ташаббусини тақдим этсин.

 Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Шаҳзода Хидированинг маълум қилишича, бу ерда 100 дан ортиқ хизмат турлари яратилиши натижасида яқин келажакда маҳаллий ҳамда хорижлик туристлар билан гавжум манзилгоҳ пайдо бўлади.

  Лойиҳага кўра, қарийб 10 гектар майдонни эгаллайдиган мазкур комплексда 20 та кемпинг (контейнердан ясалган 5 кишилик кемпинг уйлар ва 50 ўринли меҳмонхона), 100 ўринли миллий ва балиқли таомлар ресторани, балиқчилар учун жой, спорт майдончалари, хусусан, футбол, теннис, велопрокат майдончалари, фитнес марказ, бассейн ўрин олади. Боғ, очиқ осмон остида кинотеатр, очиқ табиатда дам олиб, китоб ўқиш учун шароит ҳозирланади. Мажмуанинг яна бир қисми эса чўмилиш ҳудуди бўлиб, у ерда қум устида волейбол, мини футбол майдончалари,  музқаймоқ ва яхна ичимликлар шохобчаси, сунъий тоғ шаршараси ташкил қилинади.

 Лойиҳадаги ишлар 2021 йилнинг 2-чорагида якунланиши кўзда тутилган.

 

Н.ХЎЖАЕВ

 

 

 

 

Report typo