Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • СОДИҚ ИСЛОМОВ ТАНЛОВНИНГ РЕСПУБЛИКА БОСҚИЧИГА ЙЎЛЛАНМАНИ ҚЎЛГА КИРИТДИ

Шоҳиста БОЗОРОВА

18.08.2022


СОДИҚ ИСЛОМОВ ТАНЛОВНИНГ РЕСПУБЛИКА БОСҚИЧИГА ЙЎЛЛАНМАНИ ҚЎЛГА КИРИТДИ

Кўрик-танлов

Кеча Қарши шаҳрида бўлиб ўтган  "Бир нуроний -  ўн нафар ёшга масъул" кўрик-танловининг вилоят босқичида танловнинг шаҳар ва туман босқичларида энг юқори натижага эришган  16 нафар нуроний учта  шарт асосида ўзаро беллашди.

Кўргазмалар тақдимотидан бошланган мазкур кўрик-танловда нуронийлар ҳаётий тажрибалари асосида ўз маҳаллаларида “Бир нуроний - ўн нафар ёшга масъул” лойиҳаси доирасида амалга оширган ишларини тадбир иштирокчилари ва ҳакамлар ҳайъати аъзоларига намойиш этишди. Шунингдек, “Ёшлар – бизнинг келажагимиз” ва “Нуронийлар беллашуви” шартлари бўйича ҳам ўз билим ва маҳорати, жамоатчилик ишларидаги фаолиятини кўрсатишди. 

Ғолиб ва совриндорлар “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорда тақдирланди.

Биринчи ўринни қўлга киритган Қарши шаҳридаги А.Навоий маҳалласидан иштирок этган Содиқ Исломов 1-даражали диплом ва 3 миллион 600 минг сўм пул мукофоти олиб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. 2-ўрин  Шаҳрисабз тумани Мираки маҳалласи вакиласи Зулфия Аллаевага насиб этди. Унга 2-даражали диплом ва 2 миллион 400 минг сўм, 3-ўринга лойиқ кўрилган Касби тумани Хўжаки маҳалласи  иштирокчиси Шавкат Турсуновга эса 3-даражали диплом ва 2 миллион 100 минг сўм миқдорида пул мукофоти берилди.

Маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда “Бир нуроний – ўн нафар ёшга масъул” лойиҳаси асосида катта ҳаётий тажриба, билим ва обрўга эга бўлган 1364 нафар фаол нуронийга иш билан банд бўлмаган, моддий, маънавий кўмакка муҳтож бўлган 13640 нафар муаммоли ёшлар бириктирилган. Нуронийларимиз томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида ёшларнинг муаммолари бартараф этилмоқда.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo