Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Раҳматилло УСМОНОВ

21.02.2017


СОХТА САЛАФИЙЛАРНИНГ САФСАТАЛАРИ

Ҳадиси шарифларда ҳам пайғамбаримиз (с.а.в.) "Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар", дея инсонларни тинчликнинг қадрига етишга, ўзаро аҳил-иноқ яшашга даъват этади. Дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларни мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун   тинчлик ва осойишталик лозим.

Парвардигорнинг иродасига қарши бориб, бегуноҳ одамларни ўлдирган ва хўрлаган кимсалар дунё ҳаётида ютуққа эришамиз, деб ўйласалар, қаттиқ хато қилган бўладилар. Аллоҳ таоло Ер юзида ҳар қандай бузғунчиликни тақиқлайди, ёвузлик йўлига кирганларни лаънатлайди. Зеро, Қуръони каримда "Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини ислоҳ этмагай", дейилади.

Шуни ҳам айтиш ўринлики, Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмас. Чунки дунёнинг турли бурчакларида, айниқса, мусулмон ўлкаларда террорчилар томонидан ноҳақ қон тўкилишлари содир этилмоқда. Бундай мудҳиш воқеалар дунёнинг тинчликсевар халқлари қатори юртдошларимизнинг қалбини ҳам ларзага солмоқда.

Афсуски, баъзи ёшларимизнинг турли мутаассиб гуруҳларга  қўшилиб қолаётгани ачинарли ҳолатдир. Ақидапарастлар "ҳижрат" тушунчасини бузиб талқин қилган ҳолда, ёшларимизни алдаб, уларни оила, ота-она, Ватанга хиёнат кўчасига бошламоқда. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди: "Уларга: "Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!", дейилса, улар: "Албатта, биз чин ислоҳчилармиз", дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар".

Имом Қуртубий ушбу оятни шундай тафсир қилади: "Аллоҳ тартиб ўрнатилгандан кейинги ҳар қандай буз-ғунчи ва вайронакорликни унинг катта ёки кичиклигидан қатъи назар, ҳаром қилди".

Қайд этиш керакки, кейинги пайтларда ўзларини гўёки "салафи солиҳларга эргашганлар" деб атаётган сохта салафийлик оқими тарафдорларининг фаолияти мусулмонлар орасига ихтилоф солмоқда.

Аслида "салафи солиҳлар" тушунчаси ислом тарихида мўътабар бир даврда яшаган кишиларни қамраб олади. Чунки ҳадисда келтирилишича, даврларнинг энг яхшиси бу пайғамбар даври, сўнг ундан кейинги икки давр ҳисобланади. Бу уч давр ҳижрий йил бўйича илк уч асрни қамраб олиб, ўша даврларда яшаган саҳобалар, тобеинлар ва табаъ тобеинлар салафлар ҳисобланишади.

Бироқ ҳозирги салафийлик ёки салафия йўналиши янги ном бўлиб, кейинчалик пайдо бўлган. Бу сохта салафийлар фақат саҳобаларга эргашамиз, деган шиор билан, гўёки тўғри йўлда юрганларини ва олимларнинг салаф мазҳабига эргашишга тарғиб қилганларини айтиб, ўзларини оқламоқчи ва тарафдорларини кўпайтирмоқчи бўлишаяпти.

Сохта салафийларни бошқа мусулмонлардан ажратиб турган амалларидан бири уларнинг мазҳабларни тан олмасликлари ҳисобланади. Сохта салафийлар муайян бир мазҳаббоши ёки олимга эргашиш хато, ҳар бир мусулмон диний манбалардан ўзича шаръий ҳукмлар чиқариши лозим, деб таъкидлайди. Тасаввур қилинг, ҳар бир мусулмоннинг диний билим ва савияси ҳар хил бўлса, ҳар ким ўзича Қуръон ва ҳадисдан хулоса чиқарса, уммат ичида ихтилоф қанчалик кўпайиб кетади.

Бугун сохта салафийлар мусулмонлар ичида қуйидаги масалаларда ихтилоф   чиқармоқда:

- миллий урф-одат, ватанпарварлик, миллий ғурур каби қадриятларни бидъат ҳисоблаш, мазҳабларни, жумладан, ҳанафийлик мазҳабига эргашишни инкор қилиш;

- шариат талабларига тўлиқ амал қилмайдиган фуқароларни куфрда айблаш, уларни кофир ёки фосиқ деб эълон қилиш, намоз ўқимайдиган яқин қариндошлари билан буткул алоқа қилмаслик;

- қабристонлар, зиёратгоҳларга боришни, ҳаттоки Муҳаммад (с.а.в.)нинг қабрини зиёрат қилишни бидъат деб ҳисоблаш. Ваҳоланки, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: "Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Кейин менга маълум бўлди (яъни Аллоҳ томонидан буюрилди). Энди қабрларни зиёрат қилаверинглар. Чунки у қалбни юмшатади, кўзни ёшлатади ва охиратни эслатади";

- туғилган кун, шу жумладан, Муҳаммад (с.а.в.)нинг таваллуд кунини шаръий нишонлаш (мавлуд)ни ҳаром амал деб эълон қилиш;

- давлат қонунларини менсимаслик, яширинча уларни бекор қилишга даъват қилиш, оила аъзоларини шариат амалларини кўр-кўрона ва мутаассибларча бажаришга мажбур қилиш, уларнинг дунёвий жамият билан алоқаларини чегаралаб қўйиш, хусусан, ёш болаларни мактабга юбормаслик ва ҳоказо.

Шуни унутмаслик лозимки, ислом фитна эмас, илм-маърифат, тинчлик, муросаю мадора, Аллоҳ ва бошчиларга итоат динидир. Хусусан, Қуръони каримда: "Эй, мўминлар! Аллоҳга итоат этингиз, пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) иш эгалари (раҳбарлар)га итоат этингиз", дейилади. Илм олиш ислом динида алоҳида тарғиб қилинади. Бу ҳақда пайғамбаримиз (с.а.в.) "Илмни бешикдан қабргача талаб қилинглар", дея таъкидлайди.

Шу ўринда мамлакатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзларини келтириш ўринли: "Агар биз бугун дину диёнатимизни уни бузиб  талқин қилаётган кимсалардан ҳимоя қилмасак - шундай хатарни яқин тарихимизда ва бугуннинг ўзида ҳам бошимиздан кечирмоқдамиз - одамлар, айниқса, ҳаёт тажрибаси, онгу тафаккури ҳали етарли бўлмаган ёшларимиз эртага ана шу кучларнинг машъум таъсирига тушиб қолиши мумкин".

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ жаннатмонанд юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида катта ишлар олиб борилмоқда. Барчамиз она Ватанимиздаги тинч-осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ўз ҳиссамизни қўшиб, эл-юрт тақдири, келажаги учун қайғуриб умргузаронлик қилайлик. Зотан, инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш орқали билади.

Раҳматилло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили.

Report typo