СОЛИҚ КАДАСТР ҚИЙМАТИГА ҚАРАБ ҲИСОБЛАНАДИ
- Дарҳақиқат, жорий йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаш тартибларига қатор ўзгартиришлар киритилди. Бу борада эса аҳолида жуда кўп саволлар пайдо бўлмоқда. Қуйида ушбу ўзгаришларга атрофлича тушунтириш беришга ҳаракат қиламан.
Айтиш жоизки, шу вақтгача кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган, яъни кадастр идоралари томонидан белгиланадиган солиқ солиш объектларининг инвентаризация қиймати тўловчилар учун солиқ солинадиган база ҳисобланган. Яъни солиқ ана шу инвентаризация қийматига қараб белгиланган.
Янги ўзгаришга кўра, эндиликда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг инвентар қийматидан эмас, аксинча кадастр қийматидан ҳисобланиши жорий этилди. Солиқнинг асосий ставкаси эса 0,2 фоиз қилиб белгиланди (ўтган йили бу кўрсаткич 1,7 фоиз эди). Шунингдек, солиқ ҳисоблашда кадастр қиймати 42 миллион сўмдан кам бўлмаслиги белгилаб қўйилди.
КАДАСТР ҚИЙМАТИ МАВЖУД БЎЛМАСА-ЧИ?
- Албатта, бундай ҳол ҳам эътиборга олинган. Агар мол-мулкнинг кадастр қиймати мавжуд бўлмаса, солиқ шартли қийматда ҳисобланиши қайд этилган. Мазкур ҳолатда жорий йилдан Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларидаги уйлар учун шартли кадастр қиймати 210 миллион сўм, бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда эса 90 миллион сўм миқдорида ҳисобланади.
Шу билан бирга, солиқ юки 2018 йилда кескин ошиб кетмаслиги ҳам алоҳида ҳисобга олинган. Шу мақсадда мол-мулк кадастр қийматига асосан ҳисобланган солиқ суммаси 2017 йилдаги солиқ суммасига нисбатан 20 фоиздан кўп бўлмаслиги белгиланди.
МОЛ-МУЛККА ҚАНЧА СОЛИҚ ТЎЛАЙСИЗ?
- Янада тушунарли бўлиши учун оддий бир мисол келтираман. Айтайлик, Қарши туманида жойлашган ҳовли-уйнинг кадастр қиймати 321,2 миллион сўмни ташкил этади. Мавжуд янги тартибга мувофиқ, 2018 йил учун бу уйга 429,1 минг сўм мол-мулк солиғи ҳисобланиши лозим эди. Бироқ мулк эгаси ушбу уй учун 2017 йилда 134,4 минг сўм солиқ тўлаган. Жорий йилда эса бу миқдор аввалги йилдаги суммадан 20 фоиздан кўп бўлмаслиги белгилангани инобатга олиниб, 161,3 минг сўм солиқ ҳисобланади.
ЖИСМОНИЙ ШАХС ЭГАЛИГИДАГИ МУЛК НОТУРАР ЖОЙ БЎЛСА
- Маълумки, аҳоли ихтиёрида турар жой сифатида фойдаланилмайдиган кўчмас мулклар ҳам бор. Ушбу ҳолатда солиқ қандай ҳисобланиши қизиқ, албатта. Бу борада ҳозирча ҳеч бир ўзгариш кузатилмаган. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 276-моддасига асосан жисмоний шахслар солиқ солиш объектларидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланган ёхуд бу объектлар юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилган тақдирда, шунингдек жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ юридик шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланиши белгилаб қўйилган.
КАДАСТР ҚИЙМАТИ ҚАНДАЙ БАҲОЛАНАДИ?
- Шу ўринда қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 декабрдаги “Солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 1043-сонли қарори билан солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Низомга асосан кўчмас мулк объектларининг кадастр қиймати умумий фойдали майдоннинг бир квадрат метри, ҳудудий тузатиш коэффициентлари ва эскириш коэффициентлари асосида ҳисоблаб чиқилади. Кўп квартирали уйлардаги квартира умумий майдони ҳамда якка тартибдаги уй-жойнинг асосий биноси умумий майдони бир квадрат метрининг кадастр қиймати уй деворининг нимадан қурилганига қараб фарқланади. Мисол учун, агар девор хом ғишт, пахса ёки синчдан барпо қилинган бўлса, 1 квадрат метр учун кадастр қиймати 847,9 минг сўмни ташкил этади.
Бу ўзгартиришларнинг барчаси жисмоний шахсларнинг эга-лигидаги мол-мулкни кадастр идораларида рўйхатга олиш орқали солиқларни ҳисоблашга хизмат қилади.
ОРТИҚЧА СОЛИҚ ТЎЛАМАЙ ДЕСАНГИЗ, ЕРДАН ФОЙДАЛАНИНГ
- Муҳим янгиликлардан яна бири томорқа ер участкаларини тасарруф этиш масаласига тааллуқли. Янги меъёрга кўра, агар жисмоний шахс ўз эгалигидаги томорқа еридан самарали фойдаланмаётгани аниқланган тақдирда, фуқародан ушбу ер участкаси учун ер солиғи 3 баравар миқдордаги ставкада ундирилади.
Бунинг учун маҳалла фаоллари билан хонадонма-хонадон юриб, томорқа ер участкасига эга бўлган оилалар ўрганилади ва экин экилмаган ҳолат бўйича ҳар бир ер участкаси эгасига солиқни 3 баравар ставкада тўлаши лозимлиги тушунтирилади ва ёзма тўлов хабарнома берилади. Эсдан чиқармаслик керак, томорқада экин экиш, мевали дарахт ўстириш дастурхонимиз тўкинлигига ва аҳоли даромад манбаи ўсишига сабаб бўлади.
СОЛИҚЛАР ЎЗ ВАҚТИДА ТЎЛАНАЯПТИМИ?
- Бугун вилоятимизда 483 мингдан ортиқ солиқ тўловчи жисмоний шахслар ҳисобга олинган. Уларнинг аксарият қисми ўз мажбуриятларини муддатида бажармоқда. Лекин ўз мажбуриятини адо этишни унутаётган айрим солиқ тўловчилар ҳам афсуски бор. Оқибатда айни пайтдаги ҳолатда вилоят бўйича 17 миллиард сўм қарздорлик юзага келган. Уни суд орқали ундириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу борада Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда иш олиб борилаяпти. Солиқлар ўз вақтида тўланиши ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожи жадаллашишига шароит ҳозирлашини унутмаслик лозим.
М.ШУҲРАТОВ суҳбатлашди.