Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Фирдавсий ЖАББОРОВ

06.03.2017


СОЛИҚДАН ҚАНЧА ҚАРЗСИЗ, ЖАНОБ!

Бугун юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ҳам қайсидир маънода солиқлар эвазига. Аҳоли, турли мулкчилик шаклидаги субъектлар томонидан тўланаётган солиқлар давлатимизнинг соҳаларни ривожлантириш борасидаги имкониятини ошираяпти, шунингдек, фуқароларнинг аниқ қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш даражаси яхшиланаяпти.

Амалиётда бирор ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш имконияти солиқлар тушумидан келиб чиқиб белгиланади. Айтайлик, чекка қишлоқда янги мактаб қуриш керак. Албатта, бунга маблағ бюджетдан ажратилади. Бюджет эса, қайд этилганидек, ўша солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳисобидан шакллантирилади. Аҳамиятлиси, баъзи юртдошларимиз бу ишларнинг туб мазмун-моҳиятини тўғри тушунмаяпти ёки тегишли солиқларни тўлашдан бўйин товлаш орқали муҳим ҳаётий ислоҳотларнинг изчил рўёбига халал бераяпти.

Аниқ рақамларга мурожаат этсак. Бугун Шаҳрисабз туманида юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган 3189 субъект фаолият кўрсатмоқда. Улардан 1538 тасининг солиқлардан 16 миллиард 800 миллион сўм миқдорида қарзи мавжуд. Ушбу маблағ эвазига ҳудудда замон талабларига жавоб берадиган бир қанча таълим ёки тиббиёт муассасаси, янги спорт иншооти қуриш, ё бўлмаса, аҳоли эҳтиёжи учун зарур муҳим лойиҳани амалга ошириш мумкин.

Эътиборли жиҳати, мавжуд қарзнинг катта қисми (6 миллиард 100 миллион сўм) қишлоқ тараққиётида ҳал қилувчи куч сифатида қаралаётган фермерлар гарданида. Яъни ҳудуддаги 1 минг 261 та фермер хўжалиги томонидан солиқ қарздорлиги ҳанузгача қопланмаган. Ваҳоланки, ушбу хўжаликларнинг аксари ҳозирги вақтда реал даромад манбаига эга, тўлов қобилияти мавжуд.

Масалан, тумандаги “Лангар ота” фермер хўжалигининг ўз вақтида амалга оширилмаган солиқлардан ҳосил бўлган қарзи 21 миллион сўмни ташкил этаяпти. Хўжаликнинг чорвачилик тармоғида 37 бош йирик шохли қорамол боқилаяпти. Демак, субъектда озми-кўпми бўлса-да, маҳсулот реализацияси амалга оширилаяпти. Шундай экан, фермер солиқни тўлашни нега кечиктирганини тушуниш қийин.

Огоҳлантиришлар самара бермагач, ушбу хўжаликнинг солиқ қарзи мажбурий ундирувга қаратилди. Суд ижрочиларининг туман бўлими томонидан қарздорга тегишли чорва моллари хатлаб олинди. Шунингдек, субъект тасарруфида бўлган “Дамас” русумли автомашина маъмурий жарима эвазига олиб қўйилди. Ана шундай амалий чора кўрилгачгина фермер томонидан солиқ қарзининг 10 миллион сўми тўлаб берилди.

Бундан ташқари, тумандаги “Кулоб” фермер хўжалигининг ҳам солиқлардан 12 миллион 780 минг сўм миқдорида қарзи тўпланиб қолган. Фермер хўжалиги раҳбари ушбу қарздорликни сўндириш ўрнига минг хил баҳона-важлар келтирган. Аммо у баҳона қарздорликни узиш учун асос бўлмаслигини билмайдими,  деган савол туғилади. Хатлов давомида хўжаликка тегишли 9 бош йирик шохли мол олиб қўйилди.

Ҳудудда фаолият кўрсатувчи “Зулфия Эргашева” фермер хўжалиги мутасаддилари ҳам солиқ тўлашга келганда эътиборсизликка йўл қўйган. Акс ҳолда бугун хўжалик раҳбарининг гарданига 3 миллион 674 минг сўм миқдоридаги солиқ юки осилиб турмаган бўларди. Тармоқлар ишлаб тургани, фаолияти ортидан даромад олаётгани ҳолда солиқ тўлашга иккинчи даражали масала сифатида қараган фермерни интизомсиз солиқ тўловчилар сафида тилга олиш мумкин. Мазкур ҳуқуқбузарлик фермерга нисбатан қатъий чора кўрилишига олиб келди ва унга тегишли мол-мулк хатлаб олинди.

Ўз фаолиятини рисоладагидек ташкил қилган, солиқларни ўз вақтида тўлаган кишини ҳақиқий ишбилармон, тадбиркор деб аташ мумкин. У ўзи манфаат кўриши баробарида жамиятга ҳам наф келтиради. Тумандаги “Наврўз” чорвачилик фермер хўжалиги раҳбарига бундай сифатлар бегона кўринади. Бугунги кунда хўжаликнинг солиқлардан умумий қарздорлиги 6 миллион 530 минг сўмга етгани бунинг ёрқин исботи бўла олади. Огоҳлантириш самара бермагач, қарз мажбурий ундирувга йўналтирилди.

Албатта, мазкур хўжаликлар раҳбарларининг бу бепарволиги қанча кишининг овора бўлишига сабаб бўлди. Агар улар кабилар солиқларни ўз вақтида тўлаганларида эди, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар суръати шиддати янада тезлашар, қанчадан-қанча муаммолар тезда ечим топарди. Энг муҳими, бундан ҳамма, ўша интизомсиз солиқ тўловчилар ҳам наф кўрарди.

Шундай экан, солиқлардан мавжуд қарздорликдан қочиб эмас, уни тўлаш орқали юзимизни ёруғ қилайлик.

Фирдавсий ЖАББОРОВ,

вилоят давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати бош мутахассиси

Report typo