Қарши шаҳрида "Аҳолининг солиқ тўлаш маданиятини шакллантиришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни" мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Равшан Насимов бу ҳақда батафсил маълумот берди. Тадбирда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган ОАВ вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, янги солиқ концепцияси амалиётга кенг жорий этилиши билан қатор ўзгариш ва янгиликлар кучга кирди. Асосий солиқ ставкалари пасайди, солиқ солиш механизми соддалашди. Ўз навбатида, айрим масалалар бўйича аҳоли ва тадбиркорларда савол ва тушунмовчиликлар ҳам юзага келди. Шу мақсадда фаол тарғибот-ташвиқот олиб борилди, солиқ тўловчиларга ислоҳотлар мазмун-моҳияти етказилди.
- Ҳукуматимиз юритаётган солиқ сиёсати жазолашни эмас, балки рағбатлантиришни кўзда тутади, - дейди Равшан Насимов. - Масалан, солиқ юки камайтирилгани, қатор енгилликлар берилганидан мақсад ҳам шу. Тегишли ставкалар пасайиши салоҳиятли солиқ тўловчилар сони кўпайишига хизмат қилди, натижада тушум ҳам ошди. Маълумки, илгари жисмоний шахслар даромадининг асосий қисми солиқ ва мажбурий тўловларга ундириб қолинган. Меҳнат билан расман банд бўлмаган аҳоли эса кўпчиликни ташкил этади. Ҳозир ҳам уларнинг аксариятига конверт усулида иш ҳақи тўланаяпти. Кўрилган чоралар самарасида вилоятдаги 4 минг 400 дан зиёд субъект томонидан 16,5 минг фуқаронинг фаолияти қонунийлаштирилди ва ижтимоий ҳимояси таъминланди. Натижада ҳисобот даврида жисмоний шахсларнинг даромадидан тўланадиган солиқ тушуми қарийб 230 фоизга ортди.
Қайд этилдики, йирик ишлаб чиқариш объектларини хусусийлаштириб, катта ер майдонини эгаллаб олган тадбиркорлик субъектлари шу пайтгача арзимаган миқдорда ягона солиқ тўлаб келган, бироқ эгалигидаги бино-иншоотдан самарали фойдаланмаган. Эндиликда фаолияти бор-йўқлидан қатъи назар, бундай тадбиркорлар мол-мулк ва ер солиғи тўлашга ўтди. Товар айланмаси ҳажмидан келиб чиқиб, якка тартибдаги тадбиркорлар 3 хил солиқ режимига ўтказилди. Бу эса ушбу субъектлар ўртасида эркин рақобатни таъминлашга шароит яратади.
Шунингдек, матбуот анжуманида вилоятимизда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони 289 фоизга ошгани, биринчи чоракда мазкур солиқдан келган тушум 210 фоизга кўпайгани билдирилди. Қолаверса, ўтган даврда мол-мулк солиғи тўловчи юридик шахслар салмоғи қарийб 7 баравар, ер солиғи ва сув солиғи тўловчилар сони мос равишда 531 ҳамда 878 фоизга ортган. Айни омиллар жорий йилнинг дастлабки уч ойида ҳудудда солиқ тушуми яхшиланишига олиб келган.
Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олишди.
М.ЖЎРАЕВ
Муаллиф олган сурат.