Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

08.01.2018


СОЛИҚ СОҲАСИДАГИ ЎЗГАРИШЛАРДАН ХАБАРДОРМИСИЗ?

Айтиш жоизки, ҳар йили солиқ қонунчилигига бир қатор ўзгартиришлар киритилиши асносида бу борада жисмоний ва юридик шахсларга бериладиган қатор енгилликлар, имтиёзлар кўлами ошаяпти. Биргина жорий йилнинг 11 ойи давомида вилоятимизда фаолият юритаётган хўжалик субъектларининг 2 мингдан ортиғига жами 406 миллиард сўмдан ортиқ солиқ имтиёзи қўлланилгани бунинг исботидир. Шу тариқа мазкур субъектлар иқтисод қилинган маблағни самарали йўналтириб, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларни рўёбга чиқариш имконига эга бўлди. Солиқ соҳасидаги янгиликлар Жаҳон банки томонидан ҳам юқори баҳоланиб, мамлакатимиз “Солиқ солиш” рейтинг кўрсаткичида 60 поғонага юқорилади. Яъни 2016 йилдаги 138-ўриндан 2017 йилда 78-ўринга кўтарилди.

Барчамизга маълумки, ҳар йили солиқ ставкалари қайта кўриб чиқилади. Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилдаги асосий йўналишларидан келиб чиқиб жорий этилган айрим ўзгаришлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, самарали хўжалик юритишга қаратилган бўлса, баъзилари давлат бюджети барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши билан муҳимдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори ва Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Қонуни қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларда ҳам солиқ юкини янада камайтиришга, солиқ солиш механизмини ҳар жиҳатдан соддалаштиришга ҳамда солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришга  алоҳида эътибор қаратилди.

ИККИТА СОЛИҚ БИРЛАШИШИ – ТАДБИРКОР ФОЙДАСИГА

Мазкур қарор асосида 2018 йилда амал қиладиган солиқ ставкаларига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, тегишли Қонунга мувофиқ Солиқ кодексининг 47 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар, 2 та бўлим ва 1 та бобнинг номига таҳририй ўзгартиришлар киритилди ҳамда 2 та бўлим ва 1 та боб чиқариб ташланди.

Шунга асосан 2018 йил 1 январдан солиқ қонунчилигида қуйидаги янгиликлар жорий этилди. Биринчи навбатда фойда ва ободонлаштириш ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқлари бирлаштирилди. Илгари фойда солиғи ставкаси 7,5 фоиз ва ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ставкаси 8 фоизни ташкил этган. Эндиликда ушбу солиқ ставкаси аввалги 15,5 фоиз ўрнига 14 фоиз қилиб белгиланди ҳамда чегириладиган харажатлар таркиби кенгайтирилди. Хусусан, Солиқ кодексининг 147-моддасида келтирилган 28 турдаги солиқ солиш базасидан чегирилмайдиган харажатлардан 10 тасини чегириш имкони берилмоқда.

Жумладан, доимий муассаса орқали фаолият юритадиган норезидентлар учун соф фойдадан олинадиган 10 фоиз миқдоридаги солиқ бекор қилинди. Ваҳоланки, норезидентлар фойда солиғидан ташқари соф фойдадан ҳам солиқ тўлар эдилар.

ТАЙЁРЛОВ ТАШКИЛОТИ ФАОЛИЯТИ УЛГУРЖИ САВДОГА ТЕНГЛАШТИРИЛДИ

Шунингдек, товар айланмасидан давлат мақсадли жамғармаларига ажратмаларнинг бирлаштирилиши ва умумий ставка 3,2 фоиз қилиб белгиланиши муносабати билан Солиқ кодексининг 3 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди ва 2 та бўлим чиқариб ташланди.

Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи бўйича учинчи ва тўртинчи шкаладаги ставкалар 0,5 фоизга пасайтирилиб, булар мос равишда 16,5 ва 22,5 фоиз қилиб белгиланди ҳамда фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиладиган мажбурий бадал суммаси 1 фоиздан 2 фоизга оширилди.

Ягона солиқ тўлови бўйича 2017 йилдаги солиқ ставкалари эса ҳеч бир ўзгаришсиз сақлаб қолинди. Аҳамиятлиси,  тайёрлов ташкилотлари фаолияти улгуржи савдога тенглаштирилди ва улар учун солиқ ставкаси товар айланмасидан 4 фоиз миқдорида белгиланди. Шу вақтгача тайёрлов ташкилотлари учун ягона солиқ тўлови юзасидан солиқ солиш объекти – реализация қилинган товарларнинг харид қиймати билан сотиш қиймати ўртасидаги фарқ бўйича ҳисоблаб чиқилган ялпи даромад эди.

 ЯККА ТАДБИРКОР УЧУН ҚАТЪИЙ СОЛИҚ МИҚДОРИ КАМАЙДИ

Қолаверса, эгалигида бир гектардан ошадиган ери бор бўлган ягона солиқ тўлови тўловчилар учун жами ер майдони бўйича ер солиғини тўлаш жорий этилди. Шунингдек, улар учун ягона солиқ тўловини уч карра ер солиғидан кам бўлмаган миқдорда тўлаш тартиби бекор қилинди. Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари ўртача 30 фоизга пасайтирилгани ҳам алоҳида эътиборга молик. Албатта, бу ўзгариш юртимизда ишбилармонлик муҳити янада яхшиланишига, тадбиркорлар сафи кенгайишига шароит ҳозирлайди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларини фаолият кўрсатаётган жойига қараб табақалаштириш кенгайтирилди. Масалан, аввал озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш учун қатъий белгиланган солиқ миқдори Тошкент шаҳри учун белгиланган энг кам иш ҳақининг 10 баробари ва вилоятлар марказларида 6,5 баробари миқдорида белгиланган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткичлар тегишлича 7 баробари ва 5 баробари миқдорига тенг бўлди. Юк ташиш хизматлари учун автомобилларнинг юк кўтариш тоннасига қараб энг кам иш ҳақининг 2-4 баробари миқдорида солиқ солинган бўлса, жорий йилда бу борада енгиллик (тегишлича 1,5-3,5 баробар) тақдим этилди.

ЕР СОЛИҒИ СТАВКАСИ 15 ФОИЗГА ИНДЕКСАЦИЯ ҚИЛИНДИ

Маълумки, юртимизда сув ҳамда ердан самарали ва оқилона фойдаланиш долзарблик касб этмоқда. Ушбу ресурсларни тежаб, унумли ишлатиш ризқ-рўзимиз мўл-кўллигини таъминлашга хизмат қилади. Шу боис сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 15 фоизга ва ер солиғи ставкаси 15 фоизга индексация қилинди.

Акциз солиғи ставкалари қайта кўриб чиқилгани ҳам аҳамиятлидир. Жумладан, бу ставкалар республикамизда ишлаб чиқариладиган этил спиртига 25 фоизга, табиий винога (этил спирти қўшилмаган) – 10 фоизга, бошқа турдаги виноларга 20 фоизга, коньяк 27 фоизга, ароқ ва бошқа алкоголь маҳсулотларига 25 фоизга, пиво - 20 фоизга, тамаки маҳсулотларига - 50 фоизга индексация қилинди.

Яна бир жиҳати, алкоголли маҳсулотлар, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимларнинг ҳудудлар бўйича табақалаштирилган ставкалари жорий этилди. Илгари ушбу йиғим миқдори барча ҳудудлар учун бир хил қилиб белгиланган.

КЎЧАР МУЛК МОЛ-МУЛК СОЛИҒИ ОБЪЕКТИ ҲИСОБЛАНМАЙДИ

Шунингдек, Солиқ кодексининг 6 та моддасига ўзгартириш киритилиб, юридик шахслар учун мол-мулк солиғи объектидан кўчар мулклар чиқарилди. Бунинг ҳисобига тадбиркорлик субъектларининг 236 миллиард сўм маблағи тежалиши кутилмоқда. Таъкидлаш жоиз, айни вақтга қадар мол-мулк солиғи объектига кўчмас мулкдан ташқари машина ва ускуналар, транспорт воситалари ва бошқа кўчар тусдаги асосий воситалар кирар эди.

ЁНИЛҒИ ИШЛАТГАНЛИК УЧУН...

Бензин, дизель ёнилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ставкаларида ҳам ўзгаришлар юз берди.

Бензин ёнилғиси–1 литр учун 232,5 сўм/1 тоннага 308850 сўм;

дизель ёнилғиси 1 литр учун 232,5 сўм/1 тоннага 282500 сўм;

суюлтирилган газга 1 литр учун 230 сўм/1 тоннага 436000 сўм.

сиқилган газга 1 куб метр учун 305 сўм миқдорида белгиланди.

Жорий йилда бензин ва дизель ёнилғиси учун солиқ ставкаси 50 фоизга пасайтирилган бўлса, суюлтирилган газ учун 2017 йил ставкаси сақланиб қолинди ва сиқилган газ учун солиқ ставкаси эса 10 фоизга индексация қилинди.

Юк ташиш корхоналарига ҳар бир автомашина учун якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган қатъий белгиланган солиқдан кам бўлмаган миқдорда солиқларни тўлаш белгиланди. Бунда юк ташиш хизматини кўрсатувчи корхоналар томонидан жами тўланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар суммасининг битта транспорт воситаси бирлигига тўғри келадиган миқдори ушбу фаолият билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган қатъий белгиланган солиқ суммасидан кам бўлмаслиги лозим.

МОЛ-МУЛК СОЛИҒИ КАДАСТР ҚИЙМАТИГА ҚАРАБ БЕЛГИЛАНАДИ

Солиқ кодексининг тегишли 3 та моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ кадастр қийматидан келиб чиқиб ҳисобланиши ҳамда солиқнинг асосий ставкаси кадастр қийматига нисбатан 0,2 фоиз (2017 йилда 1,7 фоиз эди) миқдорида ва солиқ ҳисоблашда кадастр қиймати 42 миллион сўмдан (2017 йилда 3 миллион сўм) кам бўлмаслиги белгиланди.

Кадастр қиймати мавжуд бўлмаганда солиқ ҳисоблаш учун Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида 210 миллион сўм (2017 йилда 20,3 миллион сўм) ҳамда бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда 90 миллион сўм (2017 йилда 8,8 миллион сўм) миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати ўрнатилди.

Шу билан бирга, солиқ юки 2018 йилда кескин ошиб кетмаслиги учун кадастр қийматига асосан ҳисобланган солиқ суммаси 2017 йилдаги суммага нисбатан 20 фоиздан кўп бўлмаслиги белгиланди. Бунда Вазирлар Маҳкамасига жисмоний шахслар мол-мулкининг кадастр қийматини аниқлаш тартибини бир ой муддатда тасдиқлаш топширилди.

АБОНЕНТ РАҚАМИДАН ФОЙДАЛАНГАНЛИК УЧУН ТЎЛОВ ОШДИ

 Киритилган яна бир ўзгартиришга кўра, нотижорат ташкилотларга тадбиркорлик фаолиятини амалга оширганда ишчилар сонидан қатъий назар ягона солиқ тўловини тўлашга рухсат берилди.

Шунингдек, уяли алоқа компанияларидан абонентлик рақамларидан фойдаланганлик учун олинадиган тўлов миқдори ҳар ойда 4000 сўм қилиб белгиланди. Шунинг 29 фоизи бюджетга, 70 фоизи ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасига тақсимланади.

Ягона ижтимоий тўлов (микрофирма ва кичик корхоналар, фермер хўжаликлари учун 15 фоиз ва бошқалар учун 25 фоиз) ҳамда фуқаролар суғурта бадалларининг (8 фоиз) амалдаги ставкалари сақланиб қолинди.

Солиқ кодексининг 285- ва 286-моддаларига киритилган ўзгартиришга асосан юридик шахслар учун ер солиғи бўйича ҳисоб-китобларни тақдим этиш муддати 10 январь қилиб ва тўлаш муддати ҳар ойнинг 10-кунига қадар йиллик сумманинг ўн иккидан бир қисми миқдорида амалга оширилиши қайд этилди. Авваллари ҳисоб-китоб 15 февралгача топширилар ва тўлаш ҳар чоракда амалга оширилар эди.

Солиқ кодексининг 372- ва 375-моддаларига киритилган ўзгартиришлар эса юридик шахсларнинг қатъий белгиланган солиқни ҳар ойда кейинги ойнинг 10-кунидан (илгари 25-сана эди) ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ҳар ойнинг 10-кунидан (илгари 25-кунидан эди) кечиктирмай тўланишини назарда тутади.

2018 ЙИЛ 1 АПРЕЛДАН НИМАЛАР БЕКОР БЎЛАДИ?

Жорий йилнинг 1 апрелидан эътиборан айрим имтиёз ва тартиб-қоидалар бекор қилинаётганини айтиш лозим. Хусусан, маҳаллийлаштириш дастури бўйича солиқ имтиёзлари энди қўлланилмайди. Албатта, бу турдош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ўртасида тенглик муҳитини таъминлашга имконият яратади.

Бундан ташқари, экспорт ҳажмининг улушига қараб фойда солиғи, мол-мулк солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича пасайтирилган ставкаларни қўллаш тартиби бекор қилинмоқда. Солиқ кодексининг 156-, 179- ва 356-моддаларига киритилган ўзгартиришларга асосан устав жамғармасига йўналтирилган дивиденд суммасига нисбатан солиқ имтиёзи йўққа чиқади. Солиқ кодексининг 290-моддасига киритилган ўзгартиришга асосан якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун берилган ер участкалари бўйича – ер участкаси берилган ойдан кейинги ойдан эътиборан икки йил муддатга ер солиғидан озод этиш тарзидаги имтиёз ҳам ўз кучини йўқотади.

Солиқ қонунчилигида амалга киритил(аёт)ган бу ўзгариш ва янгиликлар юртимиз ривожи янада жадаллашиши,  халқимиз ҳаётида сифат ўзгаришлари ясалишига, тадбиркорликнинг янада фаоллашувига замин яратишига шубҳа йўқ.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси билан ҳамкорликда М.ШУҲРАТОВ тайёрлади.

Report typo