Мамлакатимизда ёшларнинг солиқ соҳасига оид билимларини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам айнан шу мақсадга қаратилган. Ҳозирги пайтда уларга “Иқтисод ва солиқ сабоқлари”, “Солиққа тортиш асослари”, “Тадбиркорлик субъектларини солиққа тортиш тартиби”, ноиқтисодий йўналишдаги олий таълим муассасаларида эса талабаларга “Солиқ ва солиққа тортиш” каби дарслик ва қўлланмалар ўқитилаяпти.
Солиқ органлари томонидан олий ўқув юрти талабалари, ўрта махсус, касб ҳунар таълими муассасалари, ўрта мактаб ўқувчиларининг солиқ ҳақидаги билимларини синаш мақсадида ўтказиб келинаётган “Солиқ билимдонлари”, “Солиқ билимлари - болаларга” каби кўрик-танловлар эса ёшларнинг юртимиз солиқ қонунчилигидан хабардорлиги янада ошиши, уларда солиқ тўлаш маданияти юксалишига хизмат қилмоқда.
Шунингдек, ёзги болалар оромгоҳларида ҳордиқ чиқараётган ўқувчилар ўртасида ташкил этилаётган “Солиқ ҳақида сиз нимани биласиз!” викторинаси ҳам ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг солиқлар ва солиқ тизими ҳақидаги билимларини шакллантиришни кўзда тутади.
Яқинда Яккабоғ туманининг сўлим ва бетакрор тоғлари бағрида жойлашган Мирзо Улуғбек номидаги болалар ёзги дам олиш оромгоҳида вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган шундай тадбир барчада катта таассурот қолдирди.
Викторинада олти нафардан иштирокчиси бўлган олти жамоа ўзаро беллашди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан тайёрланган саволлар ёрдамида ўқувчиларнинг билимлари синовдан ўтди.
“Солиқ нима?”, “Биз солиқларни нега тўлаймиз?”, “Солиқларнинг давлат бюджетидаги аҳамияти қандай?” ва шу каби бошқа саволлар билан жамоалар аъзоларининг бу борадаги салоҳияти аниқланди. Бундан ташқари, ўқувчилар викторина давомида тарих, адабиёт фанларидан берилган саволларга ҳам жавоб қайтаришди. Тезкорлиги ва ҳозиржавоблиги билан ажралиб турган жамоа ғолиб деб топилди.
- Тўртинчи мавсумда оромгоҳимизда 650 нафар ўғил-қиз мириқиб ҳордиқ чиқарди, – дейди мазкур муассаса раҳбари Ўткир Муҳаммадиев. – Хушманзара табиат бағрида жойлашган оромгоҳимиз ўтган йили капитал реконструкция қилиниб, замонавий тарзда жиҳозланди. Сузиш ҳавзаси, суҳбат майдончалари бунёд этилди. Болаларнинг кўнгилдагидек дам олиши, билимини мустаҳкамлаши, жисмоний чиниқиши учун барча шароит яратилган. Турли фан ва спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Маданий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. Бугунги викторина ҳам болажонларимизда катта қизиқиш уйғотди, деб ўйлайман. Улар солиқ қонунчилиги ҳақида кўп нарсаларни ўрганиб олишди.
Викторина ғолиблари вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
М.ШУҲРАТОВ