Содир бўлган ёнғинлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ҳолларда бу офатнинг келиб чиқишига табиий газ ёки электр таъминотидаги носозликлар, улардан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик, эътиборсизликка йўл қўйиш, техник воситалардан нотўғри фойдаланиш, ўчмаган сигарета қолдиғи, қаровсиз қолган болалар шўхлиги ва шу каби ҳолатлар сабаб бўлмоқда.
Мисол учун, жорий йилнинг 5 июль куни Шаҳрисабз шаҳар Тутзор маҳалласи Довюрак кўчаси 54-уйда яшовчи фуқаро Ўктам Норбобоевнинг яшаш уйи тепа том қисмида ёнғин содир бўлган. Хонадон соҳиблари бу ҳақда ёнғин хавфсизлиги хизматига тезкор хабар беришган ва хизмат ходимларининг ўз вақтида етиб бориши эвазига оиланинг уй ичида қолиб кетган кичик вакили, 2018 йилда туғилган Мубина Ўктамова Шаҳрисабз шаҳар ёнғин хавфсизлиги бўлими 7-ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми бўлинма командири ва қисм ҳайдовчиси томонидан қутқарилиб, биринчи ёрдам кўрсатилган.
Мазкур уйнинг том қисмидаги 80 квадрат метр майдон ёнган ҳолатда оловни ўчиришга эришилган. Ёнғиннинг келиб чиқишига электр симларидаги қисқа туташув сабаб бўлган.
Шунингдек, 19 август куни кечки вақтда Шаҳрисабз шаҳар Бўстон маҳалласи, Ипак йўли кўчасида жойлашган 317-уйнинг ертўласида ёнғин содир бўлган.
Уй учинчи қаватидаги хонадонларда яшовчи фуқаролар - 1994 йилда туғилган Фарангиз Шарифжонова ҳамда унинг 2015 йилда туғилган қизи Имона Шарифжонова, 1980 йилда туғилган Моҳичеҳра Эшқурбонова ва унинг қизи, 2015 йилда туғилган Оиша Жалилова ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан қутқариб қолинди.
Шуни ҳам айтиш жоиз, ҳар бир хонадон, маҳалла ва кўчаларда ўт ўчириш машиналарининг эркин ҳаракатланиши учун имконият бўлиши керак. Афсуски, кўпчилик кишилар уй ва қўшимча биноларни қуришда ана шу жиҳатга эътибор қаратишмаяпти. Бу эса ўт ўчирувчиларнинг воқеа жойига тезкор етиб боришида катта муаммоларни келтириб чиқаради.
Яна айрим тоифадаги кишилар борки, ёнғин содир бўлган ҳолатда “Нима бўлса бўлди” қабилида иш тутиб, ўзларича ҳаракат қилишни маъқул кўришади. Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларини чақиришмайди ёки кечикиб чақиради. Яна айримлар эса кўнгилсиз ҳолат юз берган вақтда саросимага тушиб, ўт ўчирувчиларга хабар беришни ёддан чиқаради. Бундай ҳолатлар ёнғиндан кўриладиган талафот янада ортишига олиб келади.
Масалан, жорий йилнинг 8 август куни Шаҳрисабз тумани Авазмалик маҳалласида истиқомат қилувчи Тиркаш Равшановнинг (исм-фамилия ўзгартирилган) яшаш ҳовлисидаги сомонхонада ёнғин содир бўлган. Натижада сомонхонанинг тепа том қисми ва ичидаги сомон ғарами ёнган.
Маълум бўлишича, Т.Равшановнинг 2011 йилда туғилган невараси сомонхонага кириб, гугурт чаққан ва ёнғин юзага келган. Натижада 7 ёшли қизча вафот этган.
Воқеа жойига Шаҳрисабз шаҳар ёнғин хавфсизлиги бўлими 7-ҳарбийлаштирилган ва Шаҳрисабз тумани ёнғин хавфсизлиги бўлими 12-ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисмларининг ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб қилинган. Бироқ, фуқаролар ёнғин ҳақидаги хабарни воқеа содир бўлгандан анча вақт ўтиб беришган. Бунгача эса талафот миқдори ошиб кетган.
Унутмаслик лозимки, содир бўлган ёнғин жойидан энг яқин ёнғин хавфсизлиги қисмигача бўлган масофа 17 километрни ташкил этса, ёнғин ўчириш автомобиллари ушбу масофани босиб ўтишлари учун ўртача 10 дақиқа вақт сарфлайди. Агар йўл равон бўлса ҳамда воқеа жойига кириб бориш учун ортиқча тўсиқлар бўлмаса, бу вақтни янада қисқартириш, аксинча ҳолатларда жуда кўп вақт йўқотиш мумкин. Шундай экан, ҳар бир фуқаро уй ва иморатларни қуришда, йўл бўйларига дарахт экиш ёки бошқа шу каби ишларни амалга оширишда ўт ўчириш машиналари ҳаракатини ҳам ҳисобга олиши лозим.
Тўғри, ҳеч ким хонадонида ёнғин содир бўлишини истамайди. Аммо бу - ҳаёт, инсон ўзи кутмаган вақтда ана шундай ҳолатга дуч келиб қолиши мумкин. Бу пайтда энг аввало ёнғин хавфсизлиги хизматининг “101” рақамига қўнғироқ қилиб, воқеа ҳақида хабар берилса, ўз вақтида етиб бориш ҳамда оловни зудлик билан ўчириш имкони бўлади. Шу билан бир қаторда, фуқароларимиз ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиши, бу борада эътиборсизликка йўл қўймаслиги ҳам ўз ҳаётлари ва мол-мулкларини асрашнинг муҳим кафолати эканини унутмаслик лозим.
Фарҳод МИРЗАЕВ,
вилоят ИИБ ЁХБ бошлиғи, полковник