Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ.

20.12.2019


СОТИЛАДИ, ИЖАРАГА БЕРИЛАДИ, БЕПУЛ ТАҚДИМ ЭТИЛАДИ

Ярмарка

Вилоятимизда тадбиркор ва ишбилармонлар учун давлат объектлари ярмаркаси ташкил этилди.

Уч кун давомида Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари ҳамда Касби туманида ўтказилган ярмаркада вилоятдаги вақтинча фойдаланилмасдан турган ва ижарага бериладиган 59 та давлат мулки объекти,  ҳудуддаги кичик саноат зоналарида бўш турган 22 та лот, давлат-хусусий шериклик асосида ишлатиш учун тақдим этиладиган 22 та иншоот, 14 та банкротлик ёқасида турган корхона ва ташкилотнинг бозор баҳосида сотиладиган бинолари ҳамда айни пайтда "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончасига чиқарилган 47 та бино ва иншоот, юздан ортиқ ер участкаси, 36 та давлат активи намойиш этилди.

- Шу йилнинг 19 февралида Президентнинг "Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони қабул қилинган эди, - дейди давлат активларини бошқариш  агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассиси Жамшид Йўлдошев. - Ушбу фармон билан бўш турган бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш, уларни тадбиркорларга бериш орқали ҳудудларда ишлаб чиқариш ва сервисни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш борасида мутлақо содда тизим йўлга қўйилди. Хусусан, давлат мулки объектларини инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлари белгиланган ҳолда 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нарх билан "E-IJRO AUKSION" электрон аукцион савдосига чиқариш орқали сотиш  тартиби жорий этилди. Улар тўлиқ сотилмагунга қадар савдолардан олинмаслиги белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, анъанавий аукцион савдоларидан кўпчилик бехабар қолиши сир эмас. Ҳужжат ишлари анча мураккаб югур-югурларни талаб этади. Онлайн-аукцион савдосида эса тадбиркор бемалол иштирок этиб, бир қанча бино ва иншоотлар ҳақида маълумот олиши ҳамда ўзига маъқул бўлганини харид қилиши мумкин.

Айтиш жоизки, ушбу тизим жорий этилиши билан давлат мулки бўлган ҳамда сўнгги вақтларда фойдаланилмай турган кўплаб бино ва иншоотларнинг маълум инвестициявий шартлар асосида тадбиркорларга сотилиши сезиларли даражада  жадаллашди.

 Мисол учун, Яккабоғ тумани Чайдори маҳалласи ҳудудида жойлашган, туман ҳокимлигига қарашли бўлган собиқ "EAUS-Sardor" ишлаб чиқариш ва савдо фирмасининг пахта титиш цехи биноси анча вақтдан буён бўш турган эди. Мазкур объект аввал ҳам ўша пайтдаги хусусийлаштириш тартиб-тамойилларига асосан бир неча бор оммавий савдоларга чиқарилган, аммо унга харидор топилмаганди. Бинонинг янги тартиб асосида 1 сўмга тенг бошланғич нарх билан "E-IJRO AUKSION" электрон аукцион савдосига чиқарилиши тадбиркорларнинг унга бўлган қизиқишини тубдан оширди. Натижада мазкур бино қисқа вақт ичида 4 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритиб, паррандачилик ва чорвачилик фаолиятини ташкил қилиш шарти билан ҳудуддаги тадбиркорлардан бирига сотилди. Бундан тадбиркор ҳам, давлат ҳам, ҳудуд аҳолиси ҳам манфаатдор. Боиси, янги ташкил этилаётган субъектда камида 35 та иш ўрни яратилиши белгиланган.

Нишон туманидаги Нуристон қўрғонида жойлашган Талимаржон иссиқлик электр станциясининг БСУ-75 русумли бетон заводи бино-иншоотларига ҳам анча вақт харидор топилмаётганди. Объект электрон савдо майдончасида 1 сўмлик бошланғич нарх билан аукцион савдосига чиқарилгач,  500 миллион сўм инвестиция киритиш ҳамда 10 нафар янги иш ўрнини яратиш шарти билан тадбиркорга сотилди. Энди бу ерда тежамкор иситиш печлари учун ёнилғи ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилади.

Умуман олганда, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда   41 та фойдаланилмасдан бўш турган давлат мулки объекти инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар эвазига "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончаси орқали салоҳиятли тадбиркорларга сотилган. Бунинг самараси ўлароқ тадбиркорлар томонидан ушбу бино ва иншоотларга 27 миллиард сўмлик инвестициялар киритилиб, 445 та янги иш ўрни яратиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

Шунингдек, 4 та бўш турган давлат кўчмас мулк объекти    тадбиркорлик субъектларига жами 28 миллиард 500 миллион сўмлик инвестиция киритиш ва 185 та янги иш ўрнини яратиш мажбурияти билан "ноль" харид қийматида, тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали сотилди.

 Жумладан, Шаҳрисабз шаҳри  Чоштепа маҳалласида жойлашган "Шаҳрисабз автошоҳбекат" ДУК бино-иншоотлари 2 йил муддатда 60 та янги иш ўрни яратиш шарти билан "Abdizafar Hamkor" МЧЖга, Қарши шаҳар, Нахшаб маҳалласида жойлашган собиқ қозонхона биноси эса 1 йил ичида 1,1 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш орқали 30 та янги иш ўрни яратиш шарти билан "Нур келажак асл бизнес" хусусий корхонасига "ноль" харид қийматида, тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали сотилди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 сентябрдаги "Паст рентабелли ва фаолият юритмаётган ташкилотларни жадал реализация қилиш ва тугатиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан вилоят ҳудудида жойлашган 27 та хўжалик жамиятнинг устав капиталидаги давлат улушлари (акциялари) тегишли тартибда инвесторларга сотилиши белгиланиб, "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончасида аукционга чиқарилмоқда.

- Тадбиркорлар ва ишбилармонлар учун давлат объектлари ярмаркасини ташкил этишдан мақсад ҳам бу борадаги ишларни янада жонлантириш, ишбилармонларга вилоятимиз ҳудудидаги бўш турган давлат объектлари, тадбиркорлик учун ажратилган ер майдонлари ҳамда турли жамиятларнинг савдога чиқарилаётган давлат активлари ҳақида янада кенгроқ ва кўпроқ маълумот етказишдир, - дейди давлат активларини бошқариш  агентлиги вилоят  ҳудудий бошқармаси жамоатчилик билан ишлаш бўйича бош мутахассиси Шоира Жонқулова. - Чунки вилоятимизда бундай объектлар жуда кўп. Ишбилармонлар эса уларнинг ҳаммаси ҳақида ҳам етарли ахборотга эга эмас. Ярмаркада эса шу ернинг ўзида тадбиркорларга маҳаллий ҳокимликлар, солиқ органлари, савдо-саноат палатаси, кадастр хизмати ва бошқа масъул ташкилотларнинг мутахассислари томонидан бўш турган давлат объектлари, уларни харид қилиш, ижарага олиш шартлари, кўзда тутилган имтиёз ва преференциялар ҳақида кенг маълумот берилди.

Дарҳақиқат, давлат объектлари ярмаркасининг ташкил этилиши тадбиркор ёки эндигина бизнес-фаолиятини бошлаш истагидаги фуқаролар учун ҳам қулайлик яратди. Зеро, улар бир вақтнинг ўзида кўплаб бинолар ҳақида маълумотга эга бўлиб, ўзлари учун энг мақбул вариантларни танлаш имконини қўлга киритишди.

- Анча вақтдан буён маиший хизмат соҳасида тадбиркорлик қилмоқчи эдим, - дейди косонлик Нурбек Дониёров. - Ярмаркада тумандаги бўш турган бино ва объектлар билан танишиб, ўзимизга яқин ҳудуддаги тиббиёт муассасаларидан бирининг ҳозирда фойдаланилмаётган биносини танладим. 400 миллион сўм инвестиция киритиш орқали бинони таъмирлаб, ўз фаолиятимни йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувга эришдим. Келгусида бу ерда савдо шохобчаси ҳамда тикувчилик цехи ташкил этмоқчиман.

Эндиликда бундай ярмаркаларни доимий равишда ташкил этиб бориш кўзда тутилган.

Ж.БОЙМУРОДОВ.

Малика АБАЙДУЛИНА олган суратлар.

Report typo