Сараланган сатрлар
Адабий қарашларимни ўзгартирган адиблар орасида Франц Кафка биринчи ўринда туради. Балки бунга унинг зиддиятли ҳаёти ҳам сабабдир. Тилига кўра немис, миллати яҳудий, яшаш жойига кўра прагалик, таянган анъаналарига биноан Австрия-венгриялик ушбу адиб аслида юристликка ўқиган, шу соҳада ишлаган. Ора-сира ёзган ҳикоя-романларини эса ўлими олдидан ёқиб юборишни васият қилган. Аммо дўсти Макс Брод васиятни адо қилмай, инсониятга буюк асарларни тақдим қилган. "Жараён", "Қўрғон", "Америка", "Жазо колониясида", "Отамга хат" каби асарлар ўлимидан сўнг, мана қарийб юз йилдирки Кафка номини бутун дунёга машҳур қилди.
Қуйида тилимизга моҳир таржимон Аҳмад Отабоев ўгирган, чигал тақдирли, ёзганлари ҳам шу каби мураккаб ёзувчи билан Густав Яноух суҳбатидан парчаларни эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз. Бир нарсани айтмасак бўлмас, айтишларича, ХХ аср жаҳон адабиётини уч буюк устун кўтариб тураркан: ирланд адиби Жеймс Жойс, француз ёзувчиси Марсель Пруст ва Кафка...
* * *
- Сиз қай маҳалда ёзасиз?
- Кечқурун, оқшомда. Камдан-кам ҳолларда кундуз куни. Мен кундузлари ёзолмайман.
- Кундуз - буюк сеҳргар.
- Менга ёруғ, фабрика, уйлар, рўпарадаги дераза халал беради. Айниқса, ёруғ. Ёруғ диққатни чалғитади.
- Эҳтимол, у ботиндаги зулматдан чалғитар. Ёруғ одамдан устун келганда яхши, албатта. Агар бу даҳшатли, уйқусиз тунлар бўлмаганида эди, мен умуман ёзмасдим. Ҳозирги ҳолимда эса мен мудом ўзимнинг аянчли якка маҳкумлигимни ҳис этаман.
* * *
Ёшлик қуёш ва севгига тўлуғ. Ёшлик бахтиёр, чунки у гўзалликни кўриш лаёқатига эга. Бу лаёқат йўқотилганда ночор қарилик, руҳан сўниш, бахтсизлик бошланади.
- Демак, кексалик бахтнинг ҳар қандай имконини инкор этаркан-да?
- Йўқ, бахт кексаликни инкор этади. Кимки ўзида гўзалликни кўриш лаёқатини сақласа, қаримайди.
* * *
Нарсаларни, онгдан чиқариб ташлаш учун, фотосуратга туширишади. Менинг ёзганларим - кўрганларимдан кўз юмишга уриниш.
* * *
Сиз ўткинчи нарсалар билан жуда кўп машғул бўласиз. Бу замонавий китобларнинг аксарияти - бугунги куннинг "йилт" этган акси, холос. Улар жуда тез сўнади. Сиз кўпроқ эски китобларни ўқиганингиз маъқул. Классикларни. Гётени. Эскиси ўзининг сирини - кўпга чидамлилигини намоён этади. Фақат янгилиги учун қадрлангани билан, барибир, бу китобларнинг умри қисқа. Бугун ажойиб туюлади-ю, эртага бемаънилигини рўй-рост фош этиб қўяди. Ўзи, адабиётнинг йўли шунақа.
* * *
Ҳар қайси афсунгарнинг ўз тантана маросими бўлади. Гайдн, мисол учун, гўё тўй-томошага чоғлангандай, упали парикда мусиқа ижод қилган. Ижод - бир ҳисобдан руҳлар афсуни.
* * *
Кафка "Прагер пресс"нинг якшанбадаги адабий иловасида, афтидан Отто Пик уюштирган адабиёт ҳақидаги сўровномани кўрсатди. Бармоғи билан "Сиз ўзингизнинг келгусидаги адабий режаларингиз ҳақида нима дейсиз?" деган саволга ишора қилиб кулди:
- Бу аҳмоқона савол. Унга жавоб бериб бўлмайди. Ахир, яқин орада юрак қандай уришини айтиб бўларканми? Қалам юракнинг сейсмографик грифели, холос. У билан тебранишларни қайд қилиш мумкин, уларни олдиндан айтиб беришнимас.
* * *
- Назаримда, сиз ёшликнинг кексаликка қарши курашига умидсизлик билан қарайсиз.
- Менинг умидсиз қарашим бу курашнинг моҳиятан сохта кураш эканини ўзгартирмайди-ку… Кексалик - ёшликнинг келажаги, эртами, кечми у бунга эришади. Курашнинг нима кераги бор? Эртароқ қариш учунми? Тезроқ кетиш учунми?
* * *
- Сиз шунчалик ёлғизмисиз?
Кафка бош ирғаб маъқуллади.
- Худди Каспар Гаузердай?
- Каспар Гаузердан ҳам ортиқроқ. Мен ёлғизман, худди... Франц Кафкадай.
* * *
Актёр театрлашган бўлиши керак. Унинг туйғулари ва уларнинг юз ифодалари томошабиннинг туйғулари ва юз ифодаларидан кучлироқ бўлиши даркор, бу томошабинга кучли таъсир ўтказишга эришиш учун зарур. Театр ҳаётга таъсирини ўтказа олиши учун кундалик оддий турмушдан юқорироқ туриши, воқеалар шиддатлироқ кечиши лозим. Ўқ узаётганда мўлжални нишондан юқорироқ олган маъқул.
* * *
Театр нореал нарсаларни реал қилиб намойиш этганда кучли таъсир кўрсатади. Шунда саҳна инсон қалбининг дурбинига айланади. Воқеликка ичдан туриб қараш имконияти туғилади.
* * *
- Менинг дўстим Алфред Кемпф менга Освальд Шпенглер ўзининг Ғарб дунёсининг инқирози ҳақидаги таълимотини бутунисича Гётенинг "Фауст"идан олган деди.
- Жуда тўғри бўлиши мумкин-да. Олим деганларнинг аксарияти шоир оламини бошқа, илмий соҳага кўчиришади ва шу йўл билан шон-шуҳрат ва мартабага эришишади.
* * *
Сиз мендан маслаҳат олишни истайсиз. Бироқ мен ёмон маслаҳатчиман. Мен учун маслаҳат бериш, моҳиятан, доим хиёнат қилишни англатади. Маслаҳат - бизнинг бугунимизнинг кўзгуси бўладиган келажак олдида қўрқоқларча ортга тисарилишдир. Бироқ синовдан виждони тоза бўлмаган одамгина чўчийди. Яъни ўз даври зиммасига юклаган вазифани бажармаган одам. Лекин ўз зиммасидаги вазифани ким ҳам мукаммал билади? Ҳеч ким. Шунинг учун ҳам бизнинг бирортамизнинг виждонимиз тоза эмаски, бундай виждондан узоқроққа қочгинг - тезроқ уйқуга кетиб қутулгинг келади.
* * *
Бодлер ҳақида:
- Поэзия - касаллик. Ҳароратнинг тушгани билан бемор соғайиб қолмайди. Аксинча! Иситма танани тозалайди ва руҳни равшан қилади.
* * *
Қонсиз эртак бўлмайди. Ҳар қандай эртак қон ва қўрқувнинг қаъридан сизиб чиқади. Бу барча эртакларга хос хусусият. Сирти - қобиғи турлича бўлиши мумкин. Шимол эртакларида, худди африкалик негрларнинг эртакларидаги каби, ҳайвонот оламининг кўтаринки тасвирлари унчалик кўп эмас, бироқ барчасида мазмун, қайғу теранлиги бир хил.
* * *
- Умр - ўлимга бориладиган йўл, холос.
- Соғлом киши учун умр, сирасини айтганда, англанмаган, одамнинг ўзи тан олмайдиган - эртами, кечми ўлиш ҳақлиги ҳақидаги фикрдан қочиш. Касаллик эса буни ҳам эслатади, ҳам синайди. Шу боис, касаллик, оғриқ, азоб-уқубат - тақводорликнинг энг асосий манбалари.
* * *
Босқинчилик, исён ва қамаллар - нимадан далолат? Бу дунёда қутуриб авж оладиган, беқиёс шафқатсиз урушларнинг кичик муқаддималари...
* * *
- Сиз омманинг кучига ишонмайсизми?
- Мен уни, бу тартибсиз, тийиқсиз бўлиб кўринган оломон кучини кўриб турибман, у ўзини тийиб, тартибга солиб қўйишларини хоҳлайди. Ҳар қандай ҳақиқий инқилоб якунида қандайдир Наполеон Бонапарт пайдо бўлади.
- Сиз рус инқилобининг бундан кейин кенг ёйилиб боришига ишонмайсизми?
- Тошқин қанчалик кенг ёйилса, сув шу қадар саёз ва бўтана бўлиб боради. Инқилоб тумандай тарқаб кетади ва фақат янги бюрократия қолади. Жафокаш инсониятнинг кишани канцелярия қоғозидан қилинган.
* * *
Уруш, Россиядаги инқилоблар ва бутун дунёдаги бахтиқароликлар менда ёвузлик селидай тасаввур уйғотади. Бу тошқин. Уруш тартибсизликлар тўғонини очиб юборди. Инсоният уйининг таянч устунлари қулаётир. Тарихий жараён шахсларнинг эмас, балки фақат оломоннинг қўлида. Бизни туртишаётир, сиқишаётир, суриб кетишаётир. Биз тарихий ўзгаришларга дучор бўлаяпмиз.
* * *
Ҳаётнинг моҳиятини тўла-тўкис англаган одам ўлимдан қўрқмайди. Ўлимдан қўрқиш амалга ошмаган, яшалмаган ҳаётнинг ҳосиласи, холос. Бу ҳаётга хиёнатнинг ифодаси.
* * *
Ҳақиқат ҳаётдаги шундай камёб улуғ қадриятлар сирасиданки, уларни сотиб олиб бўлмайди. Одам уларни туҳфа каби, худди инъом этилган севги ёки гўзалликни олгандай олади. Газета эса - товар, у билан савдо қилишади.
- Демак, матбуот инсониятни чалғитишга хизмат қилар экан-да.
- Йўқ, йўқ! Ҳаммаси, жумладан, ёлғон ҳам ҳақиқатга хизмат қилади. Бироқ соялар қуёшни ўчиролмайди.
НАСРИДДИН тайёрлади.