Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
15 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Дилфуза ЖУМАЕВА

09.01.2017


“СОЗЛАР КЕЛИНЧАГИ”ГА ОШУФТАЛИК

Берилиб чанг чалаётган қизнинг чаққон бармоқлари ҳаракати ва создан таралаётган куй менда ана шундай таассуротларни уйғотди.

Гавҳар Боймуродова Қарши санъат коллежининг халқ чолғу ижрочилиги бўлимида таҳсил олаётган истеъдодли ёшлардан бири.

- “Скрипка чалишни ўрганасан”, деб отам мусиқа мактабига етаклаб борганларида эндигина саккиз ёшга қадам қўйгандим, - дейди ёш ижрочи. - Дастлаб шу соз бўйича таҳсил ола бошладим. Кейинроқ эса чанг чалишга ҳам қизиқиб қолдим. Бу мусиқа асбобидан таралган ўзига хос наво мени ўзига ром айлаганди. Ҳар гал чанг чалиш учун махсус таёқчаларни қўлимга оларканман, кўнглимни ҳаяжон қамраб олади. Чангнинг нозик торларидан таралаётган майин ва ўйноқи куй асирасига айланаман. Шундай мукаммал созни яратган аждодларимизнинг ақл-тафаккурига қойил қоламан. 

Дарҳақиқат, чанг сози ўзига хос таровати ва жозибадор савти билан бошқа халқ чолғу асбобларидан ажралиб туради.

ХVII асрда яшаган машҳур созанда Дарвеш Али Чангий мусиқий созлар тўғрисидаги бир рисоласида танбур, чанг, най, қонун каби чолғу асбобларини бир-бирига таққосларкан, чангга “созлар келинчаги” дея таъриф беради.

Манбаларда келтирилишича, Дарвеш Алининг замондоши Хўжаи Калон (Буюк Хўжа, Шайх Хўжа Саъд) оғир дардга гирифтор бўлади. Ўша даврнинг номдор табиби Султон Муҳаммад унга чангдан таралаётган куйларни кўпроқ тинглашни тавсия этади. Шунда Хўжа Саъд Дарвеш Алини ҳузурига чорлайди. Созанда роса уч ой давомида Саъд қошида чанг чалади. Ҳар кунги мусиқа муолажасидан сўнг Хўжа бутунлай тузалиб кетади.

Гавҳарнинг таъкидлашича, чангнинг ўзига хос мураккаб тузилиши, ундаги ҳар бир тор билан ишлаш созандадан ўткир зеҳн, нозик мусиқий қобилият, кўз ва қулоқ хотирасининг кучли бўлишини талаб этади.  Бунинг учун “созлар келинчаги” билан кўп вақт машқ қилиш, тинмай ишлаш лозим.

- Замонавий мусиқий асарлардан бири - “Гулғунча”ни илк бора мустақил тарзда чалганимда, ўзимни худди катта мусиқачилардай ҳис этганман, - дейди ёш созанда. – Устозим Зебо Боймирзаевадан олаётган сабоқларим маҳоратимни ошириш ҳамда вилоят, республика миқёсида ўтказилаётган кўрик-танловлар, турли фестиваллардаги иштирокимда қўл келмоқда.

Дарвоқе, Гавҳар Боймуродова турли мусиқий танловларда мунтазам қатнашиб келаяпти. 2014 йилда Қарши шаҳрида бўлиб ўтган Муҳиддин Қори Ёқубов номидаги Республика ёш ижрочилар танловининг вилоят босқичида фахрли иккинчи ўринга сазовор бўлди. Бунгача эса у “Янги авлод” республика болалар ижодиёти фестивалида ҳам фаол иштирок этганди. Ўтган йилнинг 2-3 май кунларида Тошкентда бўлиб ўтган “Наврўз садолари” II халқаро миллий чолғу ва оркестр-ансамбль фестивалидаги иштироки эса ёш созандага кўп нарса берди.

- Фестивалда бошқа юртлардан келган тенгдошларимнинг маҳоратини кўрдим, улар билан суҳбатлашдим ва ўз устимда янада кўпроқ ишлашим кераклигини англадим, - дейди Гавҳар Боймуродова.

Шунингдек, у яқинда Тошкентда ўтказилган “Она юрт оҳанглари” II халқаро фестивалида ҳам фаол иштирок этиб қайтди.

- Танловдан олган таассуротларим бир олам, - дейди Гавҳар. – Фестивалнинг махсус сертификати билан тақдирландим. Фестивалда иштирок этган рус, озарбайжон, тожикистонлик тенгқурларимнинг чиқишлари, улар ижросидаги ғарб куйлари ва шарқона оҳанглар ижроси менга манзур бўлди. Насиб этса, устозим билан ҳамкорликда ўз устимда қаттиқ ишлаб, келажакда миллий мусиқамизнинг ноёб дурдоналарини нафақат юртимиз, балки жаҳон саҳналаридан туриб мусиқа ихлосмандларига армуғон қилсам, дейман.

Ҳа, бугун чангчи қиз ижод оламининг ўзига хос ажиб пиллапояларидан аста-секин кўтарилиб бораркан, дилига туккан орзу-ҳаваслари унга илҳомбахш куч ато этади. Ҳозирда Гавҳарнинг ижро репертуаридан 15 дан ортиқ ўзбек ва чет эл бастакорлари ижодига мансуб машҳур мусиқий асарлар ўрин олган. Бу рўйхатни узайтириш, маҳоратини ошириш йўлидаги интилишлари эса ундан янги муваффақиятлар кутишимизга асос бўлади.

Дилфуза ЖУМАЕВА

Суратда: Гавҳар Боймуродова устози Зебо Боймирзаева билан машғулотда.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo