Фотонигоҳ
Бундан нақ 7 йил олдин Қарши шаҳридаги "Ватанпарварлар боғи"нинг (у пайтлар болалар истироҳат боғи деб аталарди) орқа тарафида мини футбол майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилганди. Мини футболга эътибор анча кучайган ва жойларда энди-энди шунга мўлжалланган майдончалар қурилаётгани учун ушбу стадионнинг очилиш маросими анча тантанали равишда ўтган, пойтахтдан меҳмонлар, санъаткорлар келишган (албатта, улар шу майдонни очиб бераман, деб келишмаган, тадбир ўшанда ўтказилаётган дами баланд анжуманга улаб юборилганди), шаҳар ҳокими, вилоят ҳокимининг ўринбосари, кўзга кўринган инсонлар иштирокида ленталар кесилган, кўп илиқ гаплар айтилган, болалар билан суратларга тушилган, уларга қўшилиб тўп тепилган, совғалар улашилганди. Тантана нақадар дабдабали кечганини суратларда ҳам кўрса бўлади.
Вақт ўтиб бу маскан нафақат болалар, балки ёши катталарнинг ҳам севимли масканига айланди. Албатта, фурсат топиб, спорт билан шуғулланганга нима етсин?! Қон юришади, саломатлик жойида бўлади, кайфият доим аъло юради, турфа ташвишлар билан бўғриққан кўнгил ёришади.
Ўшандан бери ҳам кўплаб ҳудудларда, чекка-чекка қишлоқларда мини футбол майдончалари ишга тушди, тушаяпти ва барчаси етарлича мижозларига эга. Яъни бундай стадионлар қуриш ўзини оқлайдиган фаолият турига киришини кўп тадбиркорлар англаб етди. Аммо...
Сиз суратларда кўраётган ушбу манзаралар ўша тантана билан очилган стадионнинг бугун теп-текис қилиб ташланган ҳолати. Бир вақтлар бу ерда замонавий, кўркам майдон бўлганини айтсангиз, биров ишонмайди. Бузувчи-қурувчиларнинг вагони ёнига тўшалган "гилам"лар ўша биз билган стадионнинг сунъий қопламалари - шу сақланиб қолибди, холос.
Хўш, нега бип-бинойи майдон бузиб ташланди?
Биласиз, майдон ва унга ёндаш ҳудуд "эски бозор"га туташиб кетган. Савдо-сотиқ қилувчилар кўп. Улардан бирининг айтишича, стадион эгаси ерни сотиб юборибди, янги хўжайин эса текисланган майдон ўрнида ароқ дўкони қурармиш. Шу яқин атрофда ишлайдиган ходим эса ерни шакарчилар сотиб олгани, бу ерда шакар ишлаб чиқаришлари мумкинлигини айтди. Ҳар ким эшитганича-да.
Биринчи фикрга келсак, чиндан ҳам бу ерда спиртли ичимлик сотадиган шохобчалар талайгина. Ҳатто ҳозир ўзи йўқ ўша стадионнинг рўпарасида ҳам "шайтоннинг суви" сотилади.
Бордию бу ерни қанд-шакар ишлаб чиқаришга ёки бошқа фаолият турига ихтисослаштирадиган бўлишса ҳам, соҳа билимдонларидан оз-моз эшитганимиз борки, агар ер аукцион орқали тадбиркорга берилган бўлса, ўша тадбиркор инвестиция мажбуриятини бажаришга мажбур, яъни ерни сотолмайди. Чунки ер аниқ мажбуриятлар асосида расмийлаштирилган. Агар ҳужжатда аниқ фаолият тури кўрсатилган бўлса, бошқа бир одам ерни сотиб олса ҳам, унинг ўрнида шу фаолиятдан бошқасини қилишга рухсат берилмайди. Айтайлик, ер сартарошхона учун берилган бўлса, у савдо дўкони қуролмайди.
Демак, биз айтаётган жой ҳам мини футбол майдони учун берилган бўлса, бу ерда шароб-ароқ дўкони, қанд-шакар ишлаб чиқариш ёки бошқа фаолиятни йўлга қўйишга рухсат йўқ.
Шундай экан, стадион нега бузилди? Ўрнида нима қуришмоқчи ва қандай асослар ва эҳтиёжга кўра? Ким рухсат берди бунга? Кутаётганимиз бузганимиздан шунчалар афзалми?
Ўйлаймизки, шаҳар мутасаддилари бу саволларимизни стадион текислаб ташлангани каби "силлиқлашмайди".
Мини стадионлар ҳақидаги аввалги мақолаларимиздан бирида "Шаҳарнинг қоқ ўртасида бўла туриб, абгор аҳволга келган, қулф осилгану, тешилган симтўрлари орасидан бемалол кириб-чиқиш мумкин бўлган айрим майдонларни кузатиб, уларнинг эгаларига стадион эмас, каттагина ерни банд қилиб қўйиш муҳимга ўхшайди, деган ўйга ҳам борасан киши" деган фикрни билдиргандик.
Эски шаҳардаги стадионни ҳам қуришдан олдин мулкдорнинг шундай ниятлари бўлмаганмикан ишқилиб? Энди-и-и, хаёлга нималар келмайди дейсиз...
НАСРИДДИН
БОБУРБЕК олган суратлар.