Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Соҳиба СУЮНОВА

30.01.2017


СПОРТЧИ ОИЛАЛАР ЎЗАРО БЕЛЛАШДИ

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, оилаларда спортга бўлган қизиқишни ошириш мақсадида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан вилоят хотин-қизлар қўмитаси, маданият ва спорт ишлари,  соғлиқни сақлаш, ички ишлар, халқ таълими бошқармалари, касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси вилоят кенгаши, “Соғлом авлод учун” жамғармаси ҳамда “Камолот” ЁИҲ вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ўтказилган ушбу мусобақада  унинг туман (шаҳар) бос-қичида ғолибликни қўлга киритган 30 ёшдан 45 ёшгача бўлган ота-оналар ҳамда уларнинг 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган фарзандларидан иборат 14 та жамоа иштирок этди. 

Қизиқарли тарзда ўтган мусобақанинг тўсиқлар оша эстафета, чаққонлик ва мерганлик, арқон тортиш каби баҳслари натижаларига кўра, Яккабоғ туманилик Мейлиевлар оиласи энг юқори натижага эришди. Иккинчи ўринга Нишон туманилик Холтўраевлар оиласи, учинчи ўринга эса Қарши шаҳрилик Раҳимовлар ҳамда китоблик Очиловлар оилавий жамоалари сазовор бўлди.

- Оиламизда каттаю кичик барча спорт билан шуғулланади. Оилавий саломатлик бизнинг шиоримиз, - дейди мутлақ  ғолиб жамоа аъзоси Адолат Соатова. - Икки нафар ўғлим спортнинг дзюдо тури билан шуғулланади. Туманда ўтказиладиган спорт мусобақаларида мунтазам қатнашиб турамиз. Бугунги ғалаба эса бизни, айниқса, фарзандларимни жуда-жуда руҳлантирди. Мусобақанинг республика босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этамиз, деган умиддамиз.

 Мусобақада “энг аҳил жамоа”, “энг ёш жамоа”, “жамоанинг ғалабага бўлган ишончи”, “энг тезкор жамоа”, “энг эпчил жамоа”, “энг фаол жамоа”, “энг ибратли жамоа” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб,  муносиб рағбатлантирилди.

Соҳиба СУЮНОВА

Report typo