Маълумки, туманлардан келувчи йўловчи ташувчи транспорт воситалари айни пайтда Қарши шаҳридаги аксар аҳоли гавжум, серқатнов нуқталарда сунъий “стоянка”лар ташкил қилиб олган. Ушбу такси ва автобусларнинг йўловчи тушириш ва олиш мақсадида шаҳар ичигача кириб келиши кўчаларда тирбандлик ошишига сабаб бўлаётгани бор гап.
Вилоят транспорт бошқармасидан хабар беришларича, вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда профилактика тадбири ўтказилиб, сунъий автотураргоҳлар кўздан кечирилибди.
“Умида” чойхонаси ёнидаги, Ғузор ва Насаф кўчаларида йўл ёқасида юзага келган автотураргоҳларга борилиб, бу ердаги ҳайдовчилар билан суҳбатлашилибди.
Ўрганиш асносида “Агора” мажмуаси олдидаги автостанция Нишон тумани, Талимаржон шаҳарчаси, Касби тумани ҳудуди бир қисми, Миришкор тумани ҳамда Қарши тумани Бешкент ҳудудидан қатновчи йўловчи ташувчи транспорт воситалари учун охирги тўхташ нуқтаси бўлиши тушунтирилган.
Шу ерда бир савол туғилади: масофа қисқаргани йўлкира нархига таъсир этадими-йўқми? Ваҳоланки, карантинни баҳона қилиб барча йўналишдаги транспорт воситалари йўлкира нархини бир неча баравар ошириб юборишганди ва уларга бирор таъсир кўрсатишга масъулларнинг дасти калталик қилаёганди.
Шаҳар ичида тирбандлик камайгани яхши, албатта, бироқ, дейлик, Қарши тумани марказидан аслида 2 минг сўмлик йўлга шу вақтгача 3 минг сўм тўлаб келган йўловчилар биргина вилоят ҳокимлигига етиб олиш учун яна камида минг-икки минг сўм харажат қилишига тўғри келади. Янаям узоқдан келадиганлар-ку чунонам.
“Стоянка”ни кўчириб қўйишдан осони йўқ, аммо бунда йўловчилар ортиқча харажат қилмаслиги масаласи ҳам ўйлаб кўрилиши керак.
Эслатилишича, тегишли ташкилотлар билан биргаликда 24 февралдан сунъий “стоянка”ларда қатъий назорат тадбирлари олиб борилади. Тартибга амал қилмаган ҳайдовчиларга нисбатан чоралар кўрилади.