Япония суди Нагасаки шаҳрига ташланган атом бомбаси портлашларидан омон қолган одамларнинг фарзандлари томонидан киритилган даъвони рад этди, деб ёзади Kyodo News манбаси. Нагасаки округ суди улар давлатдан молиявий ёрдам олиш ҳуқуқига эга эмас, деган қарорга келган.
Даъвогарларнинг таъкидлашича, 1945 йилда АҚШ томонидан атом бомбаси қўлланган пайтда тарқалган радиация оқибатида ота-оналарига етган зарар уларнинг соғлиғига ҳам таъсир кўрсатаяпти. Бироқ, судья нурланишнинг генетик таъсирини аниқлаш имконсиз, дея қарор қабул қилган. Даъвогарларнинг адвокати эса бу қарорни "адолатсиз" деб атаган.
Бу радиациянинг атом бомбаси портлашидан омон қолганлар фарзандларига таъсирига оид биринчи қарор, Хиросимадаги худди шундай иш бўйича ҳали аниқ тўхтамга келинмаган.
Япония ҳукумати атом бомбаси портлашидан омон қолганларга турли шаклларда молиявий ёрдам кўрсатиб келади ва уларнинг тиббий йўналишдаги харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Уларнинг фарзандлари учун эса бундай кўмак кўзда тутилмаган.
АҚШ ҳарбийлари 1945 йил 6 ва 9 август кунлари Кунчиқар юртнинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбаси ташлаган. Фожиа оқибатида 450 минг нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган, тирик қолганлар эса ҳамон нурланиш сабаб юзага чиққан касалликлардан азият чекиб келади. Сўнгги маълумотларга кўра, уларнинг сони 183 минг 519 кишини ташкил қилади.