Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

О.СУЮНОВ, Х.РАВШАНОВ

25.01.2019


СУД ҲОКИМИЯТИГА ИШОНЧ ОРТИШИ ҚАЙСИ ОМИЛЛАРГА БОҒЛИҚ?

Хусусан, Судьялар олий кенгаши тузилди, суд ҳокимиятининг ягона олий органи - Ўзбекистон Республикаси Олий суди, маъмурий судлар ташкил этилди, ўз навбатида судьялик лавозимига муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби жорий қилинди.

Барча тоифадаги суд ишлари сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилиши амалиётининг кенгайтирилгани аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда шаффофлик ва холисликка таянган ҳолда суд қарорлари эълон қилинишига хизмат қилаётир.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, суд ҳокимияти органлари фаолиятининг таҳлили улар зиммасига юклатилган вазифаларни самарали амалга оширишга тўсқинлик қилаётган қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, судларнинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишлари қониқарсиз даражада ташкил этилгани суд фаолиятини лозим даражада ёритиш имконини бермаган ҳамда аҳолининг суд ҳокимиятига ишончи пасайишига олиб келган.

Ушбу ҳолатлар инобатга олиниб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, Олий суд веб-сайтида суд қарорларини тизимли равишда эълон қилиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш, қабул қилинган суд ҳужжати ўқиб эшиттирилганидан сўнг унинг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтирилишини суд амалиётига жорий қилиш, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш, Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан суд ишларини назорат тартибида, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан суд ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриб чиқиш амалиёти обзорларини ҳар чоракда эълон қилиш белгиланди. Бу, албатта, фуқароларнинг суд органларига ишончи ортишига хизмат қилади.

Судьяларни моддий таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг аввалги тизими суд ҳокимиятининг алоҳида мавқеи ва обрўсига, судьялар мустақиллиги принципларига мувофиқ эмаслиги кадрлар қўнимсизлигига олиб келганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Шундан келиб чиқиб, суд таркибидаги ходимларга малака даражаси ва мансаб даражасига эга бўлган судлар, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши судьялари ва аппаратлари ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига алоҳида меҳнат шароитлари учун лавозим маошларига қонун ҳужжатларида белгиланган рағбатлантирувчи қўшимча ҳақ ва устамаларни ҳисоблашда лавозим маоши таркибига киритиладиган 50 фоиз миқдорида устама тўланиши белгиланди.

Ўз навбатида суд ходимларини ижтимоий жиҳатдан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида чора-тадбирлар ҳам ишлаб чиқилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан    судьялар ҳаёти ва соғлиғини давлат томонидан мажбурий суғурталаш тартиби, судьялар ва уларга тенглаштирилган шахсларга автомобиллар сотиб олиш учун, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, қуйи суд аппаратлари, Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига уй-жой сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар тақдим этиш назарда тутилиб, шунингдек, уларнинг пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ва тартиби тўғрисидаги низомлар ишлаб чиқилди.

Судьяларни танлаш ва лавозимга тайинлашда холислик ва шаффофликни ошириш мақсадида ҳар бир ҳудудда судьялар корпусини шакллантиришга кўмаклашувчи комиссиялар тузиладиган бўлди.

Судларга мурожаат этишда давлат божларини тўлаш бўйича амалдаги имтиёзлар ва давлат божлари ставкалари қайта кўриб чиқилиб, суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлар, маъмурий, иқтисодий ва ҳарбий судлар томонидан кўриб чиқиладиган ишлар бўйича давлат божлари ва жарималар тўлашдан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушаётган суммаларнинг, шунингдек, ижро ҳужжатлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундирилган суммаларнинг, қарздорнинг мол-мулкини сотиш ҳисобига солиқ қарздорлигини ундириш бундан мустасно, 40 фоизи миқдорида ажратмалар белгилаш назарда тутилди.

Умуман олганда, мазкур жабҳадаги ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, давлат ҳокимиятининг ғоят муҳим тармоғи бўлган суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич демократлаштиришда муҳим ўрин тутади.

О.СУЮНОВ, 

фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди судьяси

Х.РАВШАНОВ,

Юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси

Report typo