Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони Ўзбекистонда суд ҳокимиятини ягона тизим сифатида тубдан такомиллаштириш, одил судловни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ ҳамда ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Ушбу норматив ҳужжат 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинган бўлиб, одил судлов соҳасидаги замонавий талаблар ва халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси суд тизимини такомиллаштириш ва мақбуллаштириш бўйича тарихий ўзгаришларни назарда тутади.
Фармонга мувофиқ, номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судьяларнинг мазкур жараёндаги иштирокини кенгайтириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш учун масъул бўлган органнинг мақоми ҳамда ваколатларини ошириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланадиган ва суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилмоқда.
Бу Кенгашнинг ташкил этилгани, унинг мақоми ҳамда ваколатлари оширилгани ўз навбатида судьялик лавозимларига малакали мутахассисларни очиқ ва шаффоф танлов асосида танлаб олиш, судьялар дахлсизлиги бузилиши ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишларнинг олдини олиш, номзодлар ва судьяларнинг касбий тайёргарлигини ташкил этиш ҳамда аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйишда муҳим роль ўйнайди.
Фармонга асосан, Президент ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси тугатилиб, унинг 21 нафар бўшаётган ижро аппарати штат бирлиги Кенгашга ўтказилмоқда.
Кенгаш Раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан тайинланади. Ўн бир нафар аъзо Кенгаш раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Кенгаш аъзоси лавозимидаги даврида судьялик мақоми сақланган ҳолда судьялар орасидан тасдиқланади, тўққиз нафар аъзо эса Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан тасдиқланади.
Доимий асосда ишловчи Кенгаш аъзоларига судьялар учун белгиланган кафолатлар, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва имтиёзлар татбиқ этилади.
Бундан ташқари, Олий суд ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот маркази тарзида ўзгартирилади. Бу эса суд амалиёти давомида юзага келаётган муаммоли ҳолатларнинг тизимли равишда таҳлил қилиб борилишини таъминлаш билан бир қаторда, амалдаги қонунлар нормаларини янада такомиллаштириш, бу борада суд ҳокимиятининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги бевосита фаолиятини юқори ўринга олиб чиқади.
Маълумки, шу вақтгача мамлакатда суд ҳокимиятида иккита олий органнинг мавжудлиги суд тизими бошқарувида вазифаларнинг такрорланиши ва ягона суд амалиётининг таъминланмаслигига олиб келаётганди. Судларнинг амалдаги тузилмалари ва штат бирликлари хизмат юкламаларининг рационал тақсимланишини таъминламаслиги замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда уларни оптималлаштиришни талаб қилмоқда.
Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди ва Мудофаа вазирлигининг таклифига биноан 2017 йил 1 июндан эътиборан Олий суд ва Олий хўжалик судини бирлаштириш йўли билан фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи - Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилмоқда.
Ушбу ислоҳот суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этишга ҳамда ягона суд амалиётини шакллантиришга олиб келади.
Амалиётда ишларнинг судловга тааллуқлилиги борасида бир қатор муаммолар мавжуд. Жумладан, ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари хўжалик судига, бошқалари эса умумий юрисдикция судларига тааллуқли бўлган бир неча талаб бирлаштирилган тақдирда, ҳамма талаблар умумий юрисдикция судлари томонидан; корпоратив низолар бўйича ишлар, низо вужудга келган ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси ташкилотлар ёки жисмоний шахслар бўлишидан қатъи назар, хўжалик судлари томонидан кўриб чиқилади.
Масалан, фермер хўжалиги ташкил этиш учун фуқарога ер участкаси ажратиш ҳақидаги ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза фермер хўжалиги ёки фуқаро томонидан берилишидан қатъи назар, у умумий юрисдикция судида кўриб чиқилади. Агар фермер хўжалигига қўшимча ер участкаси ажратиш ҳақидаги ҳокимнинг қарори ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза фермер хўжалиги томонидан берилган бўлса, у хўжалик судида, фуқаро томонидан берилган бўлса - умумий юрисдикция судида кўриб чиқилади. Бундан кўриниб турибдики, бир шахс ишнинг хусусиятига қараб иккита суд органига мурожаат этишига, суд ҳал қилув қароридан норози бўлган тақдирда иккита мустақил суд органига мурожаат этиб ортиқча оворагарчиликка учраши эҳтимолдан холи эмас. Ягона суд органининг ташкил этилиши бундай турли хил талқинларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Фармон билан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган янги суд тизимининг шакллантирилиши белгилангани ҳам муҳимдир.
Шу мақсадда, илк маротаба давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини амалга оширишни таъминлашга хизмат қиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман ва шаҳар маъмурий судлари ташкил этилади.
Олий суднинг Ҳарбий ҳайъати тугатилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати ташкил этилади.
Фармонга биноан Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, округ ва ҳудудий ҳарбий судларнинг 159 та штат бирлиги қисқартирилмоқда ва Ҳарбий суднинг қўриқлаш взводи тугатилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъати, Ҳарбий суди, округ ва ҳудудий ҳарбий судлар штат бирликларини судьялар ва ҳарбий судлар ходимларидаги ҳарбий хизматчилар ҳуқуқий мақоми, шу жумладан ҳарбий хизматчилар учун белгиланган ҳуқуқ, имтиёз ва афзалликлар сақланмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди тизимига ўтказилмоқда. Бу эса, фармонда таъкидланганидек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Фармонда яна бир масала, мамлакатимизда хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳудудларда ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқишга ваколати бўлган 71 та туманлараро, туман ва шаҳар иқтисодий судлари ташкил этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари тегишли иқтисодий судлар этиб ўзгартирилиб, хўжалик судларининг амалдаги судьялари ваколат муддати тугагунига қадар Олий суд ва тегишли Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судларининг судьялари сифатида ўз фаолиятини амалга оширишни давом эттирадилар.
Ташкил этиладиган маъмурий ва иқтисодий судлар жойлашуви узоқ ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд ҳимоясига эришиш даражасини оширади.
Бундан ташқари, ушбу фармон билан нафақат судларнинг таркибий тузилмаси такомиллаштирилди, балки судларда фаолият кўрсатаётган суд мажлиси котибининг мақоми мутлақо ўзгартирилди. Амалдаги суд мажлиси котиби лавозими тугатилиб, белгиланган умумий штат бирлиги доирасида судларнинг тузилмаларига судья катта ёрдамчиси, ёрдамчиси лавозимлари жорий этилди.
Фармон судлар тузилмасига судья ёрдамчиси, судья катта ёрдамчиси лавозимларини киритишни, шу билан бирга, судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни ҳам назарда тутади. Бу ўзгаришлар эса судьяларни одил судлов билан бевосита боғлиқ бўлмаган вазифалардан озод қилиб, малакали кадрлар захирасининг шакллантирилишини, илғор илмий-техника воситалари ва ахборот технологияларидан фойдаланишнинг кенгайтирилишини, ишни ташкил этишнинг замонавий шакл ва усуллари жорий этилишини таъминлаб беради.
Фармонга асосан янгидан ташкил этилаётган судларни тўлдириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг қўшимча 560 та штат бирлиги, шу жумладан 318 та судьялик штат бирлиги ажратилди ва бошқарув ходимлари сонининг чекланган штати миқдорлари белгиланди.
Фармонда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти бўлинмаларининг 51 та бошқарув ходими штат бирлигини ўтказиш, шунингдек, ҳарбий судлар судьялари ҳарбий хизматчи мақомини йўқотганлиги муносабати билан давлат бюджети маблағлари тежалиши ҳисобига 17 та бошқарув ходими штат бирлигини киритиш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузурида Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этиш назарда тутилган.
Ушбу департаментнинг асосий вазифаси этиб судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича ишни ташкил этиш, шунингдек, уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, суд биноларини қуриш ва таъмирлаш учун ажратилган маблағларнинг самарали сарфланишини таъминлаш, судлар фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар кўриш, судьялар ва суд аппарати ходимларининг меҳнат шароитларини, моддий ва ижтимоий таъминотини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби вазифалар белгиланди.
Шу ўринда айтиш жоизки, адлия органлари томонидан умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш тартиби суд ҳокимиятининг мустақиллиги тамойилига мувофиқ келмаётганди. Олий суд ҳузурида Судлар фаолиятини таъминлаш департаментининг ташкил қилиниши суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, мазкур фармон билан белгиланган ислоҳотлар демократик ҳуқуқий давлат қуриш ҳамда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз. Бу эса суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши баробарида, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш имконини беради.
Абдуқаюм МАҲКАМОВ,
жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси