Фармон асосида белгиланган вазифалар ва янги нормаларнинг ҳаётга татбиқ этилишини таъминлаш мақсадида суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш борасидаги 8 та энг устувор йўналиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастурда вазифалар, уларнинг ижрочилари ва бажариш муддатлари аниқ белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Фармоннинг асосий жиҳатларидан бири шундаки, унда асосий эътибор жисмоний ва юридик шахслар, тадбиркорлик субъектлари сони ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик ва бефарқликка йўл қўймасликка қаратилган. Ўтган даврда суд соҳасида амалга оширилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида қабул қилинган мазкур ҳужжатда бир қатор қонун меъёрларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш кўзда тутилган.
Шунингдек, мазкур фармон асосида мамлакатимизда илк маротаба давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини амалга оширишни таъминлашга хизмат қиладиган маъмурий судлар ташкил этилди. Ушбу судлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман (шаҳар) маъмурий судлари тизимида фаолият юритади. Қашқадарё вилоят маъмурий суди 2017 йил 1 июндан иш бошлаганини алоҳида қайд этиш лозим.
Шу ўринда савол пайдо бўлиши мумкин: - Хўш, маъмурий судларнинг ташкил этилишига сабаб бўлган омиллар нималардан иборат? Ушбу судда асосан қандай масалалар кўрилади?
Айтиш жоизки, ҳозирги кунга қадар давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятларни кўриб чиқиш Фуқаролик ва Хўжалик процессуал кодексларига мувофиқ фуқаролик ишлари бўйича судлар ва хўжалик судлари томонидан, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ жиноят ишлари бўйича судлар томонидан амалга оширилаётган эди.
Бундай вазиятда судларнинг ихтисослашувига имконият, қолаверса, судьяларнинг маъмурий соҳага тааллуқли ишларни кўриб чиқиши учун етарли вақт бўлмаслиги мумкин.
Мисол учун, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори томонидан жаримага тортилган ҳайдовчи ўзининг ҳақлигини таъкидлайди ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги баённомада ҳуқуқбузарлик ҳолатини инкор этади. Судга ҳолатни ҳал этиб беришни сўраб, қайд киритади. Бундай вазиятда иш жиноий ишлар бўйича судга бориб тушарди. Судьяларнинг анча мураккаб бўлган жиноят ишлари билан бир қаторда маъмурий ишларни тўлиқ ўрганиши, асосли кўриб чиқиши учун етарли вақт ва имкон бўлмаслиги, натижада иш охиригача синчиклаб ўрганиб чиқилмаслиги мумкин эди.
Маъмурий судларнинг ташкил қилиниши эса судларда мавжуд бўлган бундай юқори юкламаларни камайтириш, судьяларнинг ўз фаолиятига жиддий масъулият билан ёндашишига кенг имкон яратади. Яъни жисмоний ва юридик шахслар билан ишлашда уларнинг ҳар бир талабини чуқур таҳлил қилиш, қабул қилинаётган суд ҳужжатини тайёрлашда уни жамоатчиликка ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунарли бўладиган, суд қарорининг барқарорлигига шубҳа туғдирмайдиган, суд қарори устидан шикоят қилинишига ҳожат қолдирмайдиган даражага етказиш борасида кенг имкониятлар яратади.
Кўринадики, маъмурий судларнинг ташкил этилиши бу борадаги ишларни пухта ва ҳаққоний кўриб чиқиш имконини беради. Судларнинг чуқурроқ ихтисослашувига замин ҳозирлайди.
Б.ҚИЛИЧОВ,
вилоят маъмурий суди раиси вазифасини бажарувчи