Шу йилнинг 8-9 ноябрь кунлари ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан тизимга дахлдор масалалар юзасидан келиб тушаётган аҳоли мурожаатларини кўриб чиқишга қаратилган сайёр учрашувлар ҳам айни мақсадлар рўёбига қаратилгани билан эътиборлидир. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Х.Ёдгоров бошчилигидаги Олий суд судьялари ҳамда вилоят судлари раислари иштирокида Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида, Ғузор, Косон туманларида халқ билан очиқ мулоқотлар, учрашувлар бўлиб ўтди.
Сайёр қабулларда суд қарорлари ва ажримларидан норози бўлган турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраган 39 фуқаронинг мурожаати тингланди.
Таҳлилларга кўра, қабулга келганларнинг 15 нафари суд қарорларидан норози бўлиб, 6 нафари суд қарорлари ижро этилмаётгани, 1 нафари судда иш узоқ вақт кўрилаётгани, 17 нафари эса уй-жой, ер, оила ва меҳнат низолари юзасидан мурожаат қилган. Шу асосда ҳар бир мурожаат ва унинг ечимини қонун талаблари доирасида ижобий ҳал қилиш назоратга олинди. Масалан, Косон туманида яшовчи Б.Бозоров уй-жой низоси юзасидан қуйи судлар томонидан қабул қилинган суд қарорларидан норози бўлиб, назорат тартибида шикоят тақдим қилди. Унинг шикояти Олий судда кўриб чиқиш учун қабул қилинди.
Бундан ташқари, туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда 1 аёлга 2 хонали турар жой ажратилди, 2 киши ишга жойлаштирилди. Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда 3 фуқаронинг алимент ундириш билан боғлиқ муаммолари ижобий ҳал қилинди.
Аҳоли вакиллари билан учрашувларда ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ва оилавий ажримларнинг олдини олиш ҳамда алимент, мерос ҳуқуқига оид муносабатларни тартибга солишда судлар маҳалла, Ёшлар иттифоқи ва бошқа жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаши лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, икки кун давом этган тадбир давомида вилоятдаги жазони ижро этиш муассасаларида инсонпарварлик актларини қўллаш бўйича сайёр суд мажлислари бўлиб ўтди. Бунда жазони ўташ мобайнида яхши хулқ-атворга эга, меҳнатга виждонан муносабатда бўлган, тарбиявий тадбирларни ўтказишда фаол иштирок этган 61 маҳкумга нисбатан тегишли муассаса томонидан келтирилган тақдимномалар кўриб чиқилди. 8 киши муддатидан илгари жазодан озод қилинди ва 19 маҳкумнинг жазоси озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо тури билан алмаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 113-моддасига асосан 34 нафар маҳкумнинг сақлаш шароити енгиллаштирилиб, улар манзил-колонияларга ўтказилди. Бундан ташқари, 2 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми билан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиб, суд залидан қамоқдан озод қилинди.
Халқимиз азалдан етим-есир, имконияти чекланган кишиларга меҳр-мурувват кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиб, оғирини енгил қилишни эзгу ва савобли иш деб билади. Бу азалий қадрият сайёр қабуллар давомида ҳам намоён бўлди. Хусусан, ишчи гуруҳ аъзолари Шаҳрисабз тумани Янгиқишлоқ маҳалласида яшайдиган биринчи гуруҳ ногирони Турдимурод Рауповни совға-салом билан йўқлаган бўлса, Ғузор туманидаги Хўжагузар маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, 1-гуруҳ ногирони Достон Расуловга ногиронлик аравачаси топширилди.
Шу билан бирга, Китоб туманидаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан суҳбат қурилди, уларнинг келгусидаги орзу-ниятлари билан яқиндан танишилди. Жажжи болажонларга турли хил совғалар, ўйинчоқлар туҳфа этилди.
Бундай тадбирлар халқ ишончини қозониш, одамларни қийнаётган муаммоларни чуқур ўрганиб ҳал этишга хизмат қилиши шубҳасиз. Зеро, асосий мақсадимиз ҳам халқ учун хизмат қилиш, қонун ва адолат тантанасини таъминлашга қаратилган.
Абдуқаюм МАҲКАМОВ,
жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси