TikTok ижтимоий тармоқлардаги ўсмирларни ўзини ўзи ўлдиришга ундовчи "ўлим гуруҳи" деб аталадиган гуруҳларда постлар жойлаштириш бўйича пешқадам дея тан олинди.
Бу ҳақда Россиядаги ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларнинг профессионал фойдаланувчилари ассоциацияси ўтказган тадқиқотда сўз боради.
"Известия" нашрининг ёзишича, экспертлар суицид мавзусидаги ёки "кўк кит"га алоқадор хэштеглар айниқса кўп учрайдиган йирик интернет майдонини, шу жумладан, TikTok, "ВКонтакте", Instagram ва Facebook кабиларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 12 та кенг ёйилган ижтимоий тармоқни текширган. Кўринишидан, суицидга оид маълумотларни бошқаларга нисбатан энг кўп TikTok сақлайди.
Ассоциация раҳбари Владимир Зиков нашрга TikTok ижтимоий тармоғида ўзини ўзи ўлдиришга ундаш тематикасига оид 1 минг 700 тадан ортиқ видео топилганини маълум қилган. Улар фойдаланувчиларни ўзига фаол жалб қилган ҳолда, кўздан кечирганлар сони 580 мингдан ошган. Яна, кўрганлар бундай роликларни фаол бўлишган, изоҳ ёзган ва "лайк" босган.
TikTok вакилларининг билдиришича, фойдаланувчилар мурожаатлари кўриб чиқилади ва ножўя маълумотлар ўчириб юборилади. Бинобарин, суицидга ундовчи 94,4 фоиз ёзувлар улар юзасидан шикоят келиб тушгунга қадар аллақачон тўсиб қўйилган, 91,9 фоизи эса эълон қилинганидан сўнг бир сутка ичида олиб ташланган.
Ўзини ўзи ўлдиришни тарғиб қилувчи чиқишлар энг кўп TikTok платформасида учраса-да, бундай маълумотларни бошқа ижтимоий тармоқлардан ҳам топиш мумкин. Хусусан, экспертлар уч ойда Instagram тармоғидаги 22 минг одамни жалб қилишга улгурган суицидга оид 250 та постни аниқлади. Facebook тармоғида 30 та, "ВКонтакте"да 150 та шундай материаллар топилган.