Ижодий_учрашув
Абдулла Орипов номли ижод мактабида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Дўстлик” ордени соҳиби, шоир Икром Отамурод билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.
“Кангул” кечинмаларини қоғозга жо этиб, ўзбек шеъриятида ўз сўзини айта олган шоир 70 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюушмаси вилоят бўлими ва Қарши давлат университети томонидан ташкил этилган тадбирда кўнгил туғёнларидан туғилган мисраларнинг, яралган асарларнинг мазмуни, моҳияти ҳақида сўз борди.
Учрашув аввалида вилоят ҳокимининг табригини ҳоким ўринбосари Р.Йўлдошев ўқиб эшиттирди ҳамда ҳокимликнинг эсдалик совғаларини топширди.
Андижон давлат университети профессори Дилмурод Қуронов, “Шарқ юлдузи” журнали муҳаррири Сирожиддин Рауф, профессорлар Бойназар Йўлдошев, Нафас Шодмонов ва бошқалар ўз сўзларида шоир Икром Отамуроднинг ижодий фаолияти, шеъриятининг, асарларининг ўзбек адабиётидаги ўрни, услубининг ўзига хослиги ҳақида мулоҳазаларини билдирдилар.
Ижодий учрашувда шоирнинг ижод маҳсули – “Сукут садоси” номли шеърий тўпламнинг тақдимот маросими ҳам бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида: Икром Отамурод Касби туманидаги Касби қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. Дастлабки шеърий тўплами — “Вақт ранглари” 1982 йилда нашр этилган. Шоир – “Жануб қушлари”, “Тўрғайли манзиллар”, “Уфқлар орти бепоён”, “Руҳимнинг қайғуси”, “Сен”, “Канглум, ўзинг”, “Тавр” каби шеърий китоблари муаллифи. Шунингдек, “Ярадор умид отлари”, “Узоқлашаётган оғриқ”, “Сопол синиқлари”, “Анинг умиди”, “Харитага тушмаган жой”, “Таназзул” достонлари ҳам Икром Отамурод қаламига мансуб. Адибнинг ўзга халқлар тилидан таржима қиланган туркум шеър ва достонлари ҳам бор.
Жаҳонгир ДЎСТОВ