"Бу соҳада кимда-ким етакчига айланса, у бутун жаҳонга ҳукмдорлик қилади", дея сунъий ақл-идрок ҳақида таъкидлаганди Россия Федерацияси президенти Владимир Путин. Президент қандай имкониятларни назарда тутгани ҳақида муҳандис-кибернетика - НИТУ "МИСиС" кафедраси ҳамда мамлакатда сунъий ақл-идрокни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш жамоаси бошқарувчиси Ольга Ускова мулоҳаза юритади.
Бу суицидгача олиб борадими?
- Сунъий ақл-идрок ҳақидаги фикр-мулоҳазалар жамоатчилик нигоҳидан четда қолмади. Хусусан, америкалик бизнесмен ва ихтирочи Илон Маск ўз "Твиттер"ида "Бошланди!" дея ёзганди. У сўзини изоҳлар экан, бу соҳада етакчиликка эришиш йўлидаги кураш, балки учинчи жаҳон урушига олиб келиши мумкин, дейди. Билл Гейтсда ҳам шу каби фикрлар учрайди. Аслида у бу мавзуда асосий янгилик тарқатувчилардан биридир. Гейтс "Агарда ҳозир ёш бўлиб қолганимда, барча нарсани йиғиштириб қўйиб, фақатгина сунъий ақл-идрок билан шуғулланган бўлардим. Нега деганда, бу бизнинг келажагимиз", дея таъкидлаб ўтади.
Сунъий ақл-идрок мавзуси атрофида иккита "партия" - оптимистлар ва пессимистлар шаклланган. Биринчи "партия" вакиллари машина интеллекти натижасида инсонларнинг қўллари озод бўлиб, ўзларини қизиқроқ юмушлар билан банд қилишлари мумкин, дея уқтиришади. Айнан Билл Гейтснинг ўзи виртуал воқелик технологиялари ва компьютер ўйинларини ривожлантиришни таклиф қилмоқда. Кўзланган мақсад шуки, келажакда сунъий ақл-идрок туфайли ўз ишидан оммавий тарзда маҳрум бўладиган Ер сайёраси аҳолиси бир қисмининг бандлигини таъминлаш.
Ишсизлик - бу ҳақиқатан муаммо. Мисол учун олайлик, бир йирик корхонада 300 минг нафар одам ишлайди. Қайсидир вақтда унинг эгаси "Бўлди, дўстлар, биз роботлашамиз, корхонада фақатгина 20 минг нафар ходимни қолдирамиз. Қолган 280 минг нафар киши - ташқарига" деб айтади. Кейин нима бўлади? Руҳий сиқилишлар, суицидлар. Бу аллақачон Хитойда содир бўлмоқда. У ердаги бир заводнинг деразалари остида ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганлар учун эҳтиёт чораси сифатида тўр қопланганини кўрганман. Бу шуни англатадики, роботларни ишлаб чиқариш ва замонавий технологияларни жорий қилишдан олдин ижтимоий дастурлар тайёрлаш зарур.
"Мен - роботман"
- Бироқ кундалик ҳаётимизда сунъий ақл-идрокнинг пайдо бўлишида биргина даҳшатли ишсизлик муаммоси билан тўқнашмаймиз. Машҳур "Терминатор" фильмидаги Сара Коннорнинг туши ёдингиздами? Тушида итоат этишдан халос бўлган машиналар бани башар билан урушга йўл очади ва бунинг бари ядровий портлаш билан якун топади. Мана, қандай хавф тўғрисида жар солмоқда пессимистлар "партия"си. Бугунги кунда технологиялар тараққиётининг тезлиги шу даражадаки, биз сунъий ақл-идрок ортидан етиб улгурмаяпмиз. Унинг ривожланиши барча башоратлардан ўзиб кетди. Бу соҳадаги ихтиролар концентрацияси жуда ҳам юқори.
"Машиналар қўзғолони" қандай юз бериши мумкин? Гап шундаки, сунъий ақл-идрок, худди гўдакдек, ўз ривожланиши йўлида бир даврни босиб ўтади. Аввалига у объектларни танишни ўрганади (бу стул, бу чашка), сўнгра фикрлашни англайди (стулга ўтириш, чашкада ичиш) ва билимларини орттиради. Бундан сўнг эса қайсидир вақтда ўз-ўзини англаш содир бўлади: "Мана мен, менинг атрофимда объектлар ва фикрлар". Сунъий зеҳн албатта бу даврни босиб ўтади, у аллақачон унга яқинлашган.
Ана ўшанда улар энди бизга ким - дўст ёки душман эканини тушуниш учун ихтиёримизда ҳеч бир муболағасиз айтганда, миллисониялар бўлади. Улар биз билан дўст бўлиб қолиши учун, 1942 йили ёзувчи Айзек Азимов ёзиб қолдирган чеклагич ўрнатиш керак. Азимов технолог эмасди, у фантаст-ёзувчи эди, бироқ биринчи бўлиб робототехниканинг машҳур уч қонунини таърифлаб берди. Мазкур қонунлар роботнинг одамзод билан ўзаро муносабатида уларнинг инсониятга зиён-заҳмат етказмаслиги учун йўналтирилгани ҳақида эди.
Асосий таҳдид мана шунда. Сунъий ақл-идрокнинг ўз-ўзини англаши шу даражага бориб етиши мумкинки, у инсон ёрдамисиз ҳам қарорларни мустақил қабул қила бошлайди. Ана шунда машиналар улар учун нима тўғри, нима нотўғри эканини ўзлари аниқлашни бошлайди. Балки, инсоният бу занжирчада ортиқча бўлиб қолади.
Сунъий ақл-идрок тизими доимий равишда тараққий этмоқда, мустақил равишда ўқиб-ўрганмоқда. Улар аллақачон ўз мулоқот тилини ихтиро қилишаяпти. Кейинги босқич: уларда эмпатия (бир-бирини тушуниш, бир-бирига қайғуриш) пайдо бўлади. Ҳа-ҳа, битта робот бошқасини яхши кўра бошлайди. Ҳис-туйғу қобиғи модели яратилиши ҳисобидан биз шундай натижа кутишимиз мумкин. Кейин нима бўлади? Вазиятни тасаввур қилиб кўрамиз. Бир ҳайдовчисиз автомобиль йўловчиларни ўз манзилига олиб бориб қўймоқда, қарама-қарши йўлдан эса бошқа ҳайдовчисиз машина бўш ҳолда келмоқда. Шу онда йўлда аллақандай ғайриодатий воқеа юз беради. Шу вазиятда бортли компьютер бир зумда қарор қабул қилиши зарур - панжарани ёриб ўтиб (пиёдалар кесиб ўтадиган йўлакчани) пиёдаларни нобуд қилиши ёки бошқа ҳайдовчисиз автомобиль қарама-қаршисига чиқиб тўқнашиш. Ҳеч бир мустасносиз, у ўз "касбдоши"га ҳеч ҳам шикаст етказмаслик учун биринчи вариантни танлайди.
ХХI асрнинг бомбаси
- Эҳтимол, "афтидан, Америка ва Японияда сунъий ақл-идрок тез орада пайдо бўлади", деб айтаётгандирсиз. Бизда-чи? Ҳар ерда интернет мавжуд эмас, йўлларимизда ўтиб бўлмайдиган лойгарчилик. Бизда сунъий ақл-идроку ҳайдовчисиз автомобилгача етиш бамисоли Ойга етишдек гап.
Аммо унинг ҳаётимизга кириб келиши муқаррар. Ишлаб чиқариш корхоналари бутунлай роботлашади. Келажакда корхонанинг истиқболини баҳолашда бу бажарилиши шарт бўлган талабга айланади, айланмаса, у ерга инвестиция бормайди. Мен конвейердаги аллақандай механик қўллар ҳақида гапирмаяпман, аксинча, интеллектуал тармоқлар тўғрисида, яъни мисол учун, маҳсулотларни яроқли-яроқсизга чиқаришда мустақил қарор қабул қиладиган технология борасида сўзлаяпман.
Сунъий ақл-идрок унсурлари барча офис дастурларида мавжуд. Корпорацияларда улардан ишга қабул қилиш жараёнида фойдаланишади. Молиявий тизимлар, турли алгоритмлар, даллолларнинг ўрнини эгаллайдиган - бу ҳам сунъий ақл-идрок ҳисобланади. Шу қулайроқ, негаки, уларга даллоллик учун пул тўлаш шарт эмас, тезкор ва холисона маълумотларни ўзлаштиради, кераксиз ҳаракат ва хатолар қилмайди.
Поликлиникаларимизда ақлли роботлар ҳалича йўқ, бироқ шифохоналарда уларнинг ёрдамида аллақачон операциялар қилишмоқда. Улар микроскоп орқали қилинадиган кесишларни одамлардан аълороқ бажаришга қодир ва (энг муҳими!) робот танангиз ичкарисида бирор буюмни унутиб қолдирмайди.
Давом этамиз. Қишлоқ хўжалиги. Ақлли тракторлар аллақачон далаларимизда юрмоқда. Биз ўзимиз уларни яратаяпмиз, бу эртага эмас, аксинча, бугун бўлмоқда. Ҳайдовчисиз комбайнлар далани компьютер кўзи ёрдамида кўради; роботлар ҳавонинг намлиги, тупроқнинг ҳолати ва бошқа параметрларни ўлчайди; дронлар ўғитлар сочиладиган майдонларни топади. Бугунги кунда Узоқ Шарқда барча хоҳловчиларга гектарлаб майдонлар бепул тарқатилмоқда. Нима учун бу одамларга ақлли қишлоқ хўжалиги техникасини ижарага бермаслик керак экан? Бразилияда аллақачон шундай қилинади. Улар 40 фоиздан кўпроқ фермер хўжаликларини қамраб олган.
Ниҳоят, ҳайдовчисиз автомобиллар. Бу мавзу бугунги кунда тезда ривожланмоқда. Инқилоб жадал кетмоқда - муайян моддадан ясалган машина сунъий ақл-идрокка эга бўлган жонзотга айланади. Биз бу йўналишда жиддий ютуқларга эришдик. Компаниямиз автомобилларга компьютер кўзини ишлаб чиқишда жаҳонда иккинчи бўлди. Ғарблик рақобатчиларимиз олдида муҳим устунлигимиз бор, биз ҳайдовчисиз тизимни йўлни ҳақиқий шароитда кўриши учун ўргатамиз. Яъни қорда, ёмғирда, қоронғида, ўнқир-чўнқирда ва белгилар ишламай қолган ҳолатлар бўлмайди. Бизнинг машина ҳар қандай шароитга мослаштирилиши мумкин. Нафақат америкаликлар синов олиб боришган Калифорниянинг тоза, қуёш нурлари билан тўлдирилган йўлларида.
Путин сунъий ақл-идрок ҳақида гапирганида ҳайдовчисиз автомобилларни назарда тутгани даргумон, у кўпроқ мудофаани кўзда тутганди. Ахир келажак урушлари, агар кутиладиган бўлса, инсониятнинг иштирокисиз олиб борилади. Шу билан бирга, ХХI асрда мамлакатни сунъий ақл-идрокдан маҳрум қилиш ХХ асрни атом бомбасиз қолдиришга ўхшаш вазиятдир.
Муаллиф: Дмитрий ПИСАРЕНКО
Рус тилидан Азизбек НОРОВ таржимаси.