1
Осмон буржида Ҳулкар билан Тарози юз кўрсатиши ҳам ҳавонинг тафтини бостиролмади.
Асад ойи давомида нафақат инсон, балки жамики жонзот, ҳатто борлиқ иссиқ гармсел хуружидан ҳансиради. Кунлар, баъзан тунлари ҳам сув ялаб жон сақладик. Тадбирли деҳқонлар ғўза қатор ораларига сув тарашни куннинг салқин пайтларида ўтказди. Хайрият, Ялтироқ туғдию, асаднинг бошидан буён биз орзиқиб кутган салқин шабада эса бошлади.
2
Ҳар сешанба аҳвол шу.
Эрта тонгдан қулоғимиз динг, таниш товуш янграшини интиқлик билан кутамиз.
- Ҳой-й-й, эшитмадим деманглар, латта-путта оламан, сақич кетди, ҳолва кетдиёв-в-в...
Эҳтимол ушбу сўзларни бу қадар тиниқ ва тушунарли эшитмасмиз, эҳтимол қуруқ қийқириқ ва қишлоқ итларининг кимўзарга ҳурганидан тусмоллармиз, аммо ҳар йили беш ой мобайнида такрор-такрор эшитаверганимиздан бу қийқириқ биз учун таниш ва қадрдон бўлиб кетган. Қишлоғимиз аҳли мол-жонли чорвадор қавм бўлгани учунми, у ер-бу ердаги биронта ҳовли саҳнини айтмаганда бошқасида дов-дарахт кўзга чалинмайди, ҳаммаёқ қовжираб ётган саҳро. Оналаримиз таниш овоз олисдан эшитилиши билан:
- Ана, Абдулла аравакаш келди, - деб огоҳлантиришади.
Кимимиз ҳафта давомида йиғиб қўйган эски-тускимизни, кимимиз жамғарган тўрт-беш чақамизни кўтариб Ойширин момонинг ҳовлиси томон югурамиз. Лойсувоқ ҳовли орқа томонидан ўтган тупроқ кўча аравакашнинг доимий йўли.
Абдулла аравакаш деганимиз соч-соқоли, яктагию кўйлак-иштони оппоқ чол. Ҳар душанба Косондан йўлга чиқадиган аравакаш сешанба тушга яқин қишлоғимизга етиб келади. Ҳафтанинг роппа-роса тўрт кунини йўлда ўтказадиган бу ғаройиб отахоннинг оппоқ тулпорга тақилган аравасини сира иккиланмасдан сеҳргарнинг сандиғи ёки "очил дастурхон" деса арзийди, сархил меваларга (ўрик, қароли, анжир, помидор, бодринг...) ғарқ тўла, соҳиби харидорларни кўриши билан "пўшт-пўшт" дея отининг жиловини тортади. Ювошгина бия итоаткорлик билан тўхтайди.
Қишлоқда Абдулла аравакашни танимаган банда йўқ ҳисоби, ўзи ҳам бир кўрган кишисини, қарими-ёшми, унутмайди, йўл-йўлакай ҳол-аҳвол сўрашиб кетаверади.
Мезон кириб, ҳаво совий бошлагач зориқиб кутишга одатланган таниш ҳайқириқ янаги пишиқчиликкача янграмай туради.
Ўша воқеаларга орадан ярим асрча вақт ўтган бўлса-да, соч-соқоли қировга айланган тенгдошлар ҳамон болалик йилларимизни эслаганда, хотираларнинг бир бурчагидан Абдулла аравакаш сиймоси мўралайверади...
3
Отам узоқ йиллар қоракўлчилик хўжалиги фирқа қўмитасини бошқарганлари туфайли помуқлик чўпонларнинг қай бири тадбирли, қай бири ношуд эканлигини яхши ажрим қиларди.
- Афсус, Барно бобонинг ишлаган даврларини билмайсан-да, ҳақиқий чорва билимдони эди у киши, - дерди ҳар гал чўпон-чўлиқлар ҳаётидан нимадир ёзишга чоғланганимда. - Майли, ҳечдан кеч яхши. Чўлмурод ҳам отасидан кам чўпон бўлиб етишмади. Газетангга у ҳақида кўпроқ ёз, тажрибаларини ёшларга етказ.
Инсон табиати мураккаб.
Бирон кишига илк таассуротлар билан баҳо бериб бўлмайди.
Чўлмурод акани илк бор қайсидир йиғилиш минбарида кўрганимда дилимдан:
- Каттазанг, унча-мунча одамни писанд қилмайдиганлардан шекилли, - деган ўй ўтганди.
Тўғри-да, бир неча бор халқ депутатлари туман, вилоят кенгашларига (кейинчалик Олий Мажлис депутати ҳам бўлди) сайланган одам оддийгина туман газетасининг мухбирини назар-писанд қилармиди, тағин атрофида вилоят, республика йирик нашрлари вакиллари парвонадек айланишиб турган бўлса.
Кўп ўтмай отам етовида Чандир қудуқ яйловига, Чўлмурод Барноев бошлиқ отар аҳли ҳузурига борганимда, илк таассуротларим тумандек тарқади. Бошда нимадан гап бошлашни билмай каловланиб турганим ҳам рост, аммо томдан тараша ташлагандек берган саволимга ҳам бафуржа жавоб қайтариши Чўлмурод акага нисбатан меҳрим товланишига сабаб бўлди.
- Умри сурув изида ўтган кекса чўпонларнинг ҳар бири бир дунё, улар билан қанча кўп суҳбатлашсанг, шунчалик тажриба орттириб боравераркансан, - узундан-узун кириш сўзи билан бошлади галдаги мулоҳазаларини Чўлмурод ака, сўнгра савол назари билан қаради. - Султонёз Курбоновни эслайсизми?
- Эслаганда қандоқ, кўп синчи одам эди у киши.
- Шунга яраша қора қайсарлиги ҳам бор эди, анча йиллар фермага мудирлик қилгач, хўжалик раҳбарлари билан гапи чап тушиб, арзимаган сабаб билан вазифани топширди. Айни сунбула, чорва қишловига озуқа тўплаш, сурувни қишловга дуркун олиб кириш талаб этиладиган бир паллада унинг ўрнига мудир бўлиб келган киши Султонёз акадан маслаҳат сўраб борибди:
- Очиғи, чорвани унча билмайман, мендан бирга бирни қўшишни сўрасалар бошқа гап. Агар ўрнингизга келганимдан хафа бўлмасангиз, тажрибаларингизни ўргатинг, мен ҳам чўпон-чўлиққа иш буюришнинг ҳадисини олай, оғир пайтлари ёрдамим тегсин.
Султонёз ака дангалга ўнг келарди:
- Бироз олдин маслаҳат солганингда янаям яхши бўларди, майли ҳали ҳам кеч эмас, эртага тонг саҳарда келсанг, сурувлардан бирини бориб кўрардик.
Иккаласи белгиланган вақт юк машинасида яқин яйловлардан бирига боришибди. Қарашса, шафақ оқариб келаётган бўлишига қарамасдан отар чўпон-чўлиқлари донг қотиб ухлашаётган экан.
- Биринчи маслаҳатимни қулоғингда тут, қўлинг келса ҳар кун шу отарга келиб, койин. Яхши қўйчивон саҳарда оёқ чўзиб ухламайди. Бу пайтгача сурувдаги қўй-қўзилар оғзига илашган хас-чўпга тўйган бўлиши керак эди. Энди чўпонларингни уйғот, сурувни яйловга ҳайдашсин қани.
Ферма мудири келишидан изза бўлган чўпон-чўлиқлар сурувни қўтондан чиқаришибди. Султонёз ака сурувнинг ёни билан бораверибди, ферма мудири унга эргашибди, анча ерга борганларидан сўнг янги раҳбарнинг тоқати-тоқ бўлибди:
- Қачонгача шундай юраверамиз, сурувнинг аҳволидан гапиринг?
- Сурувнинг бошига разм сол, иложи борича етакчи қўйларни эслаб қол, эсладингми, энди охирида бораётган қўйларга қара?
- Қарадим.
- Энди чўпонга айт, сурувни орқага қайтарсин.
Бир зумда Султонёз аканинг айтганлари бажарилибди. Икки шерик орқага қайтган сурувнинг ёни билан бораверишибди. Орадан бироз вақт ўтгач, сингир чорвадор шеригидан сўрабди:
- Яна сурувга назар сол, нимани сезар экансан?
- Сездим, тағин етакчи қўйлар олдинга ўтиб олишибди, боя изда қолганлар яна орқада қолаяпти.
- Орқадаги қўйларни бу сурувдан ажратиб ол. Ҳамма отарларнинг шундай қўйларини алоҳида сурув қил, барибир етовга ярамайди, икки орада чўпон-чўлиқларни чарчатгани қолади. Ҳали қишловгача бироз муддат бор, "куч-така" (қочириш мавсуми) ойигача алоҳида сурувга ажратилган ҳорғин қўйларни емлатсанг этини тиклаб олади...
- Султонёз ака ёш ҳамкасбига ана шу йўсинда фойдали маслаҳат берган экан, - дея галдаги гурунгни якунлайди Чўлмурод ака...
4
- Бобо, юлдузлар намунча бизга яқин, йирик-йирик, гуё тўкилиб тушадиганга менгзайди, - дейди биз - бобо-момосидан сира ажралмайдиган набирам қоп-қоронғи осмонга кўз тикиб.
- Кўрпангни ёпиниб ёт, кечаси совуқ бўлади, - деганим ҳам унинг парвойига келмайди.
Тонгда эса:
- Бобо, энди уйда ётсакми дейман, - шўлқиллатиб бурнини тортади одатдагидан эртачи уйғониб.
Сезаман, сунбуланинг тонгги сабосидан эти жунжиккан.
- Йигит кишига бу совуқлар кор қиладими, - дейман уни гапиртириш учун. - Билсанг ақли донишларимиз бу ҳақда "Сунбула чиқиши билан изғирин бобо, ундан кейин қорбобо эшик қоқади" дейишади. Сунбуланинг салқини билан огоҳлантиргани шу-да болам. Буни сен билан мендан кўра иссиқсевар қушлар эрта англашади, улар аллақачон илиқ ўлкаларга кўчиб улгуришди.
- Ўзимам айвондаги қалдирғочлар нега қорасини кўрсатмай қўйишди экан деб ўйлагандим-а. Бобо, улар иссиқ ўлкаларда нима қилишади?
- Қишни ўтказиб, яна қайтишади.
- Бўлмаса, чумчуқлар нега учиб кетишмайди?
- Улар ўзимизнинг қушлар.
- Бошқалари-чи?
- Бошқалари ҳам ўзимизники, фақат совуққа чидамсиз.
- Қизиқ, қушлар ҳам турфа хил бўларкан-да?
- Ҳатто дов-дарахтлар ҳам, масалан, пахтани ҳамма юртларда ҳам етиштириб бўлмайди.
- Нимага?
- Пахта иссиқсевар ўсимлик, табиати бизникидек серқуёш бўлмаса, ҳосили пишиб етилмайди.
5
Узоқ ва яқин мамлакатлар бозорига сархил меваларни етказиб бериш билан шуғулланадиган тадбиркор танишимга қўнғироқ қилиб эътироз билдирдим:
- Анчадан буён дараккинанг йўқ?
- Э, оғайни, шу кунларда қўлим-қўлимга тегармиди, сунбуланинг ҳар они биз учун ғанимат. Боғдаги анжир, шафтоли, уруғимиз ғарқ пишган, йиғиб, музхонага жойлаш керак. Ўзинг биласан, банкдан кредит олиб, икки минг тонналик музхона қурганман. Узумнинг бир қисмини майиз бостиришим керак, ҳадемай ёғин-сочин кунлар бошланади, қуритиш учун ёйилган ҳосил устига ёмғир тушса, маҳсулот сифатига таъсир қилади. Буёғи, четга қовун-тарвуз жўнатаяпман.
- Қачон қарамай ишдан қўлинг бўшамас экан-да?
- Дастурхонимиз баракаси шундан ошна, ҳали оёқ чўзиб ўтиришга ҳам вақт топилар, - дейди у, кейин қизиқарли воқеадан сўз очади:
- Россия бозорларидаги харидорлар ўзимизнинг маҳсулотларни кўз ташлаши билан бошқасидан ажратиб билишади. Бир гал олиб келган маҳсулотлари бозорда ўтмай турган озор танишим:
- Гардаш, юк машинанг бўшаса, менга биргина кун ижарага бериб тур, - деб илтимос қилди.
- Нега, - сўрадим ҳайрон қолиб.
- Мева-чеваларимни бозорга олиб чиқаман, зора Ўзбекистондан келтиришибди, деб сотиб олишса...
Юз солиб тургандан сўнг рад этиш қийин бўларкан, вақт келиб, юким тугагач машина калитини бердим. Унга ўз мева-чеваларини ортиб бозорга киритишди. Бир четдан кузатиб турсам ҳар уч кишидан иккитаси меваларни ушлаб, ҳидлаб кўриб:
- Йўқ, бу мевалар Ўзбекистонники эмас, - деб қайтиб кетишди. Сунбуланинг шамолини еган меваларимизнинг таъмига гап йўқ, оғайни.
6
Рўзи бобо шом қоронғиси тушган палла набираларини етаклаб келган қизини:
- Ҳа, ота-онадан хабар олишга кундуз вақт топмадингми, - ҳазил аралаш кесатиб олди.
- Вақт қаерда, дада, ҳозир ҳам даладан қайтиб бозор қилиш учун йўлга чиққан эдим, шу баҳона набираларингиз сизларни кўриб кетсин дегандим. Қўшнилар билан пахта теришга чиқаяпман, ҳарна рўзғорга фойда-да, кунига 70-80 минг сўм ишлаб келаяпман.
Бугун қишлоқ йўлларининг барчаси пахта далаларига етаклаб бораётгани, бободеҳқон йил-ўн икки ой қилган меҳнати маҳсули тарозига чиқаётгани Рўзи бобонинг ёдига тушади. Ички ғурур ҳисси билан умумхалқ ҳашаридан четда қолмаётган қизини алқайди:
- Баракалла, болам, меҳнатнинг катта-кичиги бўлмайди, муҳими, ундан ишлаб топганинг дастурхонинг файзини оширишга асқатса...
Абдунаби АБДИЕВ