Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
15 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Спорт
  • Суперкубок, янгиланган ўйингоҳ ва навбатдаги ёрқин ғалабалар

Темур НИЗОМОВ

31.08.2023


Суперкубок, янгиланган ўйингоҳ ва навбатдаги ёрқин ғалабалар

Зафарлар даври

Умримда биринчи марта ҳақиқий футбол жамоаларининг ўйинини телевизор орқали эмас, балки бевосита ўйингоҳда томоша қилганимни эслайман. Ўтган асрнинг 80-йиллари эди. Қаршининг "Меҳнат" стадионида вилоятимиз терма жамоаси ва Тошкентнинг "Пахтакор" клуби ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилганди.

Қашқадарёлик футболчиларни минг-минглаб мухлислар қўллаб-қувватлаб, ўзлари бор куч ва ғайратларини ишга солишган бўлса-да, собиқ иттифоқ чемпионатининг олий лигасида муваффақиятли иштирок этган пойтахтлик "юлдуз"лар (улардан энг таниқлиси - машҳур Андрей Якубик) мезбонларга ҳеч қандай имконият қолдиришмади. Қашқадарё терма жамоаси 0:3 ҳисобида "Пахтакор"га ютқазиб қўйди, аммо маҳаллий аҳоли, ростини айтса, бундан кўп ҳам хафа эмасди. Зеро, тошкентлик моҳир тўпурарларнинг маҳорат бобида Ўзбекистондаги ҳар қандай вилоят спортчиларидан анча устунлиги ҳамма учун аён эди ва кўпгина мухлислар мағлубият билан якунланса-да, бу ўртоқлик учрашувини шунчаки катта футбол байрами, Қаршига ҳақиқий футболчилар ташриф буюрган кун сифатида қабул қилишганди. Бунақа "байрамлар" икки-уч йилда бир марта уюштириларди, холос. Ўшанда ҳам янги иқтидорларни излаб топиш учун эмас, кўргазма ва ҳисоботлар учун...

Мустақиллик йилларида эса ҳаётимизнинг бошқа соҳа ва жабҳалари сингари спортда ҳам қашқадарёликлар шунчалик кўп ютуқ ва муваффақиятларга эришаяптиларки, ҳатто ҳар куни улкан ғалабаларни нишонлаб,  байрам қилсак, арзийди. Биргина футболни олайлик: бугун воҳамиз "юлдуз"лар онда-сонда ўртоқлик учрашувида қатнашиш учун келиб-кетадиган жойдан маҳоратли футболчилар ўсиб улғаядиган, қолаверса, бошқа вилоят ва мамлакатларни иқтидорли спортчилар билан таъминлайдиган ҳудудга айланди. Қаршининг "Насаф" эркаклар ва "Севинч" аёллар клублари Ўзбекистон ва қитъада энг кучли жамоалардан эканини кўп бора исботлади. "Насаф" 12 йил аввал қўлга киритган йирик халқаро соврин - Осиё футбол конфедерацияси кубогига эса юртимизда ҳалигача бошқа ҳеч қандай жамоа эриша олмаган.  Муҳими, медаль ва совринлар коллекцияси тобора кенгайиб бормоқда.

Мустақиллик куни арафасида "Насаф" футболчиларининг "Пахтакор"дан устун келиб, клуб тарихида иккинчи маротаба Ўзбекистон Суперкубогини бошлари узра баланд кўтарганлари ҳам қашқадарёликлар учун навбатдаги байрамга   айланди. Эътиборлиси, Жиззах шаҳрида - Суперкубок учун баҳс олиб борилган стадионда бошланган бу тантана бир кундан сўнг Қарши туманидаги капитал таъмирланган "Бешкент" марказий ўйингоҳида давом этди. Бундан чамаси 40 йил олдин  қурилиб, фойдаланишга топширилган ва 2022-2023 йилларда тубдан янгиланган бу спорт мажмуасида мухлислар катта ғалабага эришган "насаф"чиларни   олқишлар эканлар, уларнинг ютуқ ва  совринлари янада кўпайиши, фаолиятини қайта тиклаб келаётган маҳаллий "Бешкент" футбол клуби ҳам келажакда улкан зафарларга эришишини тилаб қолишди. Маросимда иштирок этган ёш футболчилар акалари қўлга киритган Суперкубокка  кафтларини теккизиб олишга интилиб, шоҳсупаларнинг энг юқори поғонасига кўтарилишни ният қилишди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Тошкентдан яна бир хушхабар келди - юртимизда Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик Хизмати кубоги учун ўтказилган мусобақада Қамашининг "Қамаши" клуби мини-футбол бўйича биринчи ўрин, Шаҳрисабз шаҳрининг "Янги ҳаёт" жамоаси эса футбол бўйича учинчи ўринни эгаллагани маълум бўлди. Ғолиб ва совриндорларни Қарши темир йўл вокзалида, сўнг эса Шаҳрисабз ва Қамашида уларнинг яқинлари ва кўп сонли мухлислари, кенг жамоатчилик вакиллари катта тантана билан кутиб олишар экан, барчасининг кўзларида мамнуният ва хурсандчилик, фахр ва ғурур акс этиб турарди.

Ишончим комилки, бу Қашқадарёдаги футбол ва спорт байрамларининг охиргиси эмас, тез орада янгиларини кутиб қоламиз.

Темур НИЗОМОВ

Report typo