Қайд этиш жоизки, божхона органлари ўз ваколати доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш-техника буюмлари парчалари ва рангли металлар чиқиндиларининг республикамиз ҳудудидан ноқонуний олиб ўтилиши ва айланмасининг олдини олиш, республиканинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, қимматли хом ашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Шунга қарамай, қора ва рангли металларни талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик фактлари, улардан яширинча фойдаланиш, мамлакат ташқарисига ноқонуний олиб чиқиб кетиш ҳоллари учраб турибди.
Вилоят божхона бошқармаси контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими томонидан маълум қилинишича, олинган тезкор маълумот асосида 14 сентябрь куни соат 20:00 атрофида Қарши шаҳар Қўнғиртоғ ЙПХ масканига яқин жойда тўхтаб турган, фуқаро Х.Х. бошқарувидаги “Isuzu” русумли юк автотранспорт воситаси текширувдан ўтказилди. Натижада автомашина юкхонасидаги ёввойи супурги остига яроқсиз аккумуляторлар яширилгани аниқланди. Х.Х. билан бирга бўлган И.О. ушбу товарларни Қарши шаҳрида яшовчи шахслардан сотиб олиб тўплагани, уларни Чироқчидан келиб, сотиб олиб кетишларини маълум қилган.
Қиймати 3 миллион 428 минг сўмлик, 1 тонна 714 килограмм қўрғошиндан иборат аккумуляторлар “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖ Қашқадарё филиалига вақтинча сақловга топширилди.
Ҳозирда мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Б.САЙФИЕВ